Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Европа фармацевтика компанияларини Ўзбекистон бозорига киришини осонлаштириш таклиф қилинди

Европа фармацевтика компанияларини Ўзбекистон бозорига киришини осонлаштириш таклиф қилинди

16 апрель куни Тошкентда ўтказилган давра суҳбатида Ўзбекистон фармацевтика саноатининг бугунги ҳолати, бу борада Европа Иттифоқи ширкатлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Тадбир Европа–Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси (EUROUZ) томонидан «Тараққиёт стратегияси» ва Прогрессив ислоҳотлар марказлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Унда EUROUZ’нинг Соғлиқни сақлаш ва табиий фанлар қўмитаси, парламент аъзолари, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасидаги етакчи давлат ташкилотлари масъуллари, ЕИ дипломатик корпуси ва йигирмадан зиёд Европа компаниялари вакиллари қатнашди.

Иштирокчилар Ўзбекистон ва Европа фармацевтика компаниялари ўртасида сармоя ва ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан, Европа компанияларининг маҳаллий бозорга киришини осонлаштирадиган ва Ўзбекистонда сифатли Европа дори воситаларидан фойдаланиш имконини янада оширадиган меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Анжуманда таъкидланишича, Ўзбекистонда сўнгги пайтларда дори воситаларидан заҳарланиш ва ўлим ҳолатлари кузатилаётган бир пайтда дори воситалари хавфсизлигини таъминлаш масалаларини тезроқ ҳал этишга бўлган талаб ортмоқда. Бу эса тизимда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, дори воситаларининг биоэквивалентлигини баҳолаш ва аниқлаш самарадорлигини ошириш,  уларни рецептлаш, давлат харидлари шаффофлигини ошириш каби вазифаларни кун тартибига қўймоқда.

Жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, хусусий сектор иштирокисиз тизимда сезиларли муваффақиятларга эришиб бўлмайди. Бинобарин, “Ўзбекистон–2030” стратегиясида ҳам соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторнинг иштирокини ошириш кўзда тутилган.

Қайд этилишича, EUROUZ’нинг Соғлиқни сақлаш ва табиий фанлар қўмитаси ушбу мақсадларга эришиш йўлида глобал дори воситалари ишлаб чиқарувчилардан тортиб миллий тартибга солувчиларга қадар – турли бўғинларни бирлаштирувчи платформа вазифасини ўтамоқда.

Европа–Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси (EUROUZ) Европада расман қўллаб-қувватланган биринчи бизнес-савдо палатасининг юртимиздаги филиали сифатида фаолият юритмоқда. Уюшма ўз аъзоларига мақсадли бозорни тушуниш, кучли бизнес тармоқларини яратиш ва давлат, хусусий манфаатдор томонлар билан янада самарали мулоқот борасида ёрдам кўрсатади.

Аввал хабар берганимиздек, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири (ҳозирда Рақамли технологиялар вазири) ҳамда EUROUZ бош котиби учрашувида «кўҳна қитъа»нинг йирик IT компанияларини Ўзбекистонга жалб қилиш юзасидан фикрлашилганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг