Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Журналист суриштируви: директор мактаб ҳудудининг бир қисмини қизига беришга ҳақлими?

Андижон вилояти Олтинкўл тумани Сув-юлдуз ҚФЙнинг бир неча фуқаролари томонидан сайтимизга йўлланган мактубда мазкур маҳалла ҳудудидаги 51-умумтаълим мактаби раҳбари Нигорой Бобоназарова томонидан мактаб ҳудуди талон-торож қилингани кўрсатилган. Вазиятни бевосита ва холис ўрганиш учун ижодий гуруҳимиз билан Олтинкўл тумани сари йўл олдик.

166 мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган Олтинкўл тумани Андижон шаҳрига туташ ҳудуд ҳисобланади. Биз ташриф буюрган Сув-юлдуз маҳалласи ҳам шаҳар ва туман маркази ўртасида жойлашган. Бунинг ўзига хос жиҳати шундаки, шундоқ ҳам ернинг ҳар бир қаричи ўлчоқли бўлган водийнинг бу ҳудудида аҳоли жуда зич, табиийки экин ва қурилиш учун майдон танқис. Воқеанинг асл илдизи шунда, ўлчовлар ва ҳужжатлар орқали ойдинлик киритиш мумкин, деб ўйлаб каттагина хато қилган эканмиз. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, маҳалла аҳли, қўни-қўшнилар аллақачон бир-бирларига тескари бўлиб, тушунмовчилик можарога, можаро мунтазам зиддиятли низога айланиб бўлган, ҳуқуқбузарлик ҳатто жиноят тусини олган экан.

Хатда йўлланган аризада кўрсатилишича, мактаб қурилиши учун дастлаб 2,30 гектар ер ажратилган бўлсада, директор Нигорой Бобоназарованинг ҳатти ҳаракатлари натижасида ҳозирда мактаб ҳудуди 1,86 гектаргина қолган — яъни 44 сотих майдон талон-торож этилган. Бу можаро бир неча марта маҳалла ҳудудида муҳокама қилинган, ички ишлар идоралари томонидан текширилган, ҳатто фуқаролик судида ҳам кўрилган. Аммо йиллар ўтмоқдаки, ўз ечимини топмайди, томонларнинг ҳеч бири бўш келишни истамайди.

Ҳудуди можарога сабаб бўлаётган 51-умумтаълим мактаби 2000 йилда фойдаланишга топширилган. Ҳозирда унда 224 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Мактаб биносининг орқа томонида экинзор, ён томонида футбол стадиони мавжуд. Айнан стадионнинг бир қисми — экинзорга туташ ҳудудда 15 сотихли ҳудуд девор билан ўраб олинган ва уй-жой тикланган.

Бу уй-жойда яшовчиларни суҳбатга чақирдик. Мана шу жойда жуда қизиқ ҳолатга дуч келдик. Ўзини Дилшода Бобоназарова деб таништирган жувон мактаб директори Нигорой Бобоназарованинг қизи бўлиб, икки фарзанди билан шу ҳовлида яшаб келаркан.

Ундан уй-жойнинг ҳужжатларини кўрсатишини сўрадик:

— Ҳовлимнинг ҳужжатлари йўқ, бу ишга алоқадор нима ҳужжат бўлса, ҳаммаси онамда. Мен турмуш ўртоғим билан ажрашганман, икки нафар вояга етмаган фарзандларим бор, — деб жавоб берди Д. Бобоназарова.

Ҳужжатларни Нигорой Бобоназарова ҳам тақдим қила олмади:

— Бу ер майдони учун эгалик ҳуқуқи энди берилади. Шундан сўнг кадастр ҳужжатларини тайёрлаймиз. Мактабнинг ҳужжатлари бор.

Ҳужжатларни ўргандик. Бу ҳужжатларда ҳам чалкашликлар талайгина. Халқ депутатлари Сув-юлдуз қишлоқ совети томонидан 1988 йил 16 июнда чиқарилган 107/126-сонли қарорларга асосан 422 ўринли мактаб биносига 2.0 гектар, тозалаш биноси учун 0.3 гектар ер майдони ажратиб берилгани тўғрисидаги қарорлар чиқарилган Олтинкўл тумани Ер ресурслари ва давлат кадастри маълумотлари бўлимидаги маълумотда эса мактабнинг умумий майдони 2.013 га ни ташкил қилиши қайд этилган. Аммо 2016 йилнинг декабрида мактаб ер майдони қайта ўлчанганида умумий майдон 1.86 га эканлиги аниқланган ва фарқ 0.15 гектарни ташкил қилган. Яъни ҳужжатлардаги ер шунчага камайиб қолган. Бу маълумотлар Молия вазирлигининг вилоят назорат тафтиш бошқармаси томонидан №14-175 рақамли хулосада ўз тасдиғини топади.

Олтинкўл тумани Ер ресурслари ва давлат кадастри бошлиғи Ҳикматулло Тўраевнинг билдиришича, ҳозирги кунда улардаги бу мактабга оид барча ҳужжатлар тергов бўлаётгани боис ички ишлар бўлимига топширилган.

0.15 гектар майдоннинг ноқонуний ўзлаштирилгани тўғрисидаги факт юзасидан туман ИИБ ва прокуратураси томонидан ҳам суриштирувлар ўтказилган бўлиб, уларда жумладан шундай хулосалар берилган:

«Бобоназарова Нигорой Онарбоевна 51-умумтаълим мактаби директори лавозимида ишлаб келиб, жиноят содир этиш йўлига кириб, ўз мансаб ваколатидан қасддан фойдаланиб, суистеъмол қилиб, қонунда белгиланган ваколатларидан четга чиқиб, мактаб умумий ер ҳудудининг 0.15 га майдонини фараз қилинган ҳуқуқларни ўзбошимчалик билан амалга ошириб эгаллаб олган ва якка тартибдаги уй-жой қурган. Бу орқали ЖКнинг 206-моддаси 1-қисмида ва фараз қилинган ҳуқуқларни ўзбошимчалик билан қўллаб, ЖКнинг 229-моддасида кўрсатилган жиноятларни содир этган.

Шунингдек Н. Бобоназарова жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Олтинкўл тумани Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими (ХТМФМТ ва ТЭБ) га қарашли 51-мактаб ҳудудини ноқонуний эгаллаб олганини яшириш мақсадида Олтинкўл тумани Ер ресурслари ва давлат кадастри хизмати ДУК собиқ раҳбари Ҳакимов Азимжон билан жиноий тил бириктириб, расмий ҳужжат ҳисобланган Олтинкўл туман ҳокимининг 06.10.2014 йилдаги 418-Қ-қарори, ер участкаларига бўлган давлат ҳуқуқининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги AN0006077-серияли гувоҳнома ва кадастр ҳужжатларидаги мактабнинг умумий майдони 2.013 га кўрсаткичларини ўчириб, ўрнига мактабнинг 1.85 га эканлиги ҳақидаги сохта маълумот ва ҳужжатларни киритиб, давлат ва жамоат манфаатларига жиддий зиён етказган» — дейилади Олтинкўл туман ИИБ томонидан судга тақдим этилган тергов ҳужжатларида.

«Жиноят иши бўйича Н.Бобоназаровага нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 205-моддаси 1-қисми, 206-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 1-қисми ва 229-моддаси билан айблов эълон қилиниб, муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат эҳтиёт чораси қўлланилган ва 23.06.2017 йил куни ЖПК 381-моддаси тартибида суд муҳокамасига юборилган». Бу Олтинкўл туман прокуратураси томонидан №24/467м-17 рақам билан ариза йўлловчиларга берилган жавобдан парча.

2017 йил 15 сентябр куни бу иш жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман судида, судья М.И.Сиддиқов раислигида кўриб чиқилган ва Нигорой Бобоназарова 205-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 1-қисми ва 229-моддаси билан айбдор деб топилиб, 1 (бир) йил 6 (олти) ой муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Лекин, туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими раҳбари Шукрулло Икромовнинг билдиришича, Н.Бобоназарованинг иш берувчиси вилоят Халқ таълими бошқармаси ҳисобланади. Унга шу пайтга қадар директорни ишдан четлаштириш ҳақида буйруқ келмаган. Қизиқ ҳолат, суд ҳукми устунми ёки идоравий ҳужжат? Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 114-моддасида «суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир», деб белгилаб қўйилган. Наҳотки, жаноб Шукрулло Икромов ва бошқа мутасаддилар бундан бехабар бўлса?!

Жараён бундан кейин давом этиб, бу иш Фарғона вилоят фуқаролик судида ҳам кўрилган. Аммо масалага ечим топилмайди. Воқеа жойига чиқиб ўрганганимизда томонлар бир-бирларини куракда турмайдиган сўзлар билан яхшигина сийлашди. Нигорой Бобоназарова ариза йўллаганларни ноқонуний диний таълимот берганликда ва ҳатто экстремизмда айблаган бўлса, қизи Дилшода Бобоназарова онасига нисбатан шикоятлар давом этадиган бўлса уларнинг ҳаётига нуқта қўйиш билан таҳдид қилди.

Шу ўринда бир маълумот. Дилшода Бобоназарова кўпчилик гувоҳлар олдида айтган ушбу сўзлари учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Зеро, Жиноят кодексининг 112-моддасига кўра, ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, агар бу ҳаракат амалга оширилишидан хавфсираш учун етарли асослар мавжуд бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Шу боис бу ишни қилишгина эмас, айтишдан ҳам тийилиш керак. Акс ҳолда оқибати яхши бўлмайди.

Айтишларича, можаро ва шикоятлар ёзиш 10 йилдан буён давом этиб келмоқда. Шикоят ёзувчиларнинг ҳаммаси эркаклар, улардан бири ҳатто Дилшода Бобоназарова билан синфдош. Дилшода турмушидан ажрашган ва икки нафар фарзанди билан шу ҳовлида яшайди. Уй-жой бузилса, фарзандлари билан бошпанасиз қолиши мумкин.

Шунингдек, ариза йўллаганлар мактаб ҳудуди ҳисобидаги ер майдони одамларга экин-тикин қилиш учун ижарага берилиши, аммо тушган маблағ кирим қилинмаслиги, атрофдаги тераклар ҳам кесилиб сотиб юборилганини таъкидлашди. Ҳозирда ҳосил йиғиштириб олинган, энди бунга ойдинлик киритиш мушкул. Аммо ўқитувчиларнинг айримлари бу ҳудуд ўзлари томонидан ишлатиб келишганини айтишди. Буни ҳам тасдиқлаб бўлмади, бироқ кўпчилик бир овоздан ер маҳаллий аҳолига ижарага берилишини айтишди. Тераклар ҳам мактаб ўтин заҳираси учун кесилгани айтилган бўлса-да, омборда уларнинг илдизларидан бошқа ўтинни кўрмадик, қолаверса, тайёр теракни ўтинга ишлатиш мантиққа ҳам тўғри келмайди.

Бир маҳалла аҳолиси, яқин қўшниларнинг бир-бирларига қарши бу даражада душманлик кайфиятида бўлиши ғоят таажжубланарли. Мактаб директори сифатида Нигорой Бобоназарова ишлаб тургани учун ариза ёзувчилардан бири Иномиддин Турдиев ҳатто икки нафар фарзандини мактабга жўнатмай қўйган. Ўзининг айтиши бўйича у фарзандларининг соғлигидан, директор тазйиқидан хавфсирайди.

Нима бўлганда ҳам қонун бузилиш ҳолатлари яққол кўриниб турган бу можаро фақат суддагина ҳал этилиши мумкинлиги аён. Шу боис 2018 йил 4 январ санасида айнан шу мактаб биносида сайёр суд ўтказилиши белгиланган. Шунингдек, туман прокуратураси томонидан ҳам фуқаролик судига уй-жойни бузиш бўйича тақдимнома киритилганки, бу иш ҳам алоҳида кўрилади. Биз эса воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Аброр Зоҳидов, Жаҳонгир Қосимов,
«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий порталининг махсус мухбирлари

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг