Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухорода ноқонуний равишда битта ҳам дарахт кесилмайди - экология бошлиғи

Бухорода ноқонуний равишда битта ҳам дарахт кесилмайди - экология бошлиғи

Фото: Xabar.uz

«Яқинда Бухоро шаҳрида катта бир дарахт аёвсиз кесиб ташланган. Аҳолининг ташвишли мурожаати келиб тушгач, инспекторларимиз воқеа жойига боришди. Қонунбузилиш содир этган шахс инспекторлар билан даҳанаки можарога киришган. Тиклаётган қурилишига дарахт халақит беришини, у дарахтни ўзи ўтқазиб, ўзи парваришлаб, катта қилганини, энди уни ўзи кесиб ташлашга ҳақи борлигини билдирган. Агар ҳар бир дарахт экиб, уни бўйлантирган шахс шундай талқин қиладиган  бўлса, бундай шахсларда виждон қолмабди. Тасаввур қилинг, фарзандни туққанман, деб, фарзандни ўлдирамизми эртага?! Дарахтни экибсиз, раҳмат, лекин у энди халқ мулкига айланади. Дарахт – бу тирик жон, уни кесиш – бу одам ўлдириш билан, кўчатни ўтқазиб, суғормаслик – фарзандни дунёга келтириб, эмизмаслик билан баробар. Ўша шахсга нисбатан 68 миллион сўм жарима қўўланилди. 1 та кесган, 6 тасини ноқонуний, етмаганига тажрибасизларча кўчирган. Бундайларга нисбатан қонун бўйича қанча қийматли жарима бўлса, унинг энг юқорисини қўллаш керак. Чунки шундай қилмасак, эртага бу билан курашиб бўлмайди...»- деди Бухоро вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи Жамол Носиров журналистлар билан ўтказилган матбуот анжуманида.

Жамол Носировнинг сўзига кўра, Бухорода ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш соҳасида аниқланган ҳуқуқбузарликлар сони 276 тани, белгиланган жарима миқдори 1,1 миллиард сўмни, ўсимлик дунёсига етказилган зарар эса 874 миллион сўмни ташкил этган. Маълум бўлишича, вилоят ҳудудидаги давлат ўрмон фондига кирмайдиган жами 41 164 туп кўп йиллик дарахтлар хатлов қилинган. Келиб тушган 228 та аризаларда жами 81 982 та, шундан, 18 029 та қимматбаҳо навли давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни кесишга рухсат сўралган. Ушбу аризалар юзасидан жойида ўрганиш ишлари ўтказилганда, 140 та ҳолатда 59 591 туп дарахтларни кесиш рад этилган.

Билдирилишича, 2024 йилда 3066 та давлат экологик назорат тадбирлари амалга оширилган ва текширишларнинг 41 тасида 8 нафар мансабдор шахсларга нисбатан 2 489,880 миллион сўм жарима қўлланилган. Табиатга етказилган зарар ва 844,302 миллион сўм компенсация тўловлари ҳисобланиб, суд ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.

«Тўғри, қуриган дарахтни кесишга рухсат берамиз, аммо ундан олдин дарахт лаборатория қилинади. Нима сабабдан қуригани ўрганилади ва нима учун? Дарахт нима сабадан қурийди? Агар у касалланса, нега касалланган, вақтида зараркунанданинг олдини олмаган одам борми, жазосини олиши керак. Суғорилмаган – агротехник хизмат кўрсатилмаган, эгаси борми, бор. шини ўтаб бўлган ва яна қандайдир сабаб билан рухсат берилади. Қуриган бўлса, айбдор топилади, жазоланади, кейин рухсат берилади. 2025 йилнинг I-чорагида 889 нафар шахслар томонидан қонунбузилиш ҳолатлари юзага келтирилди. Уларга нисбатан 1 178,0  сўм маъмурий жарима ва 501,384 миллион сўм табиатга етказилган зарарлар ҳисобланди. Минг афсуски, айрим одамлар томонидан қасддан ва атайин химикатлар сепиб, туппа-тузук, ям-яшил турган дарахтлар қуритиляпти. Гўёки бундайлар суғораётган киши бўлиб, ҳар куни бир челак, бир челак ўсишга қарши восита ташлаб, қуритиб юборишаётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Қуриган дарахт олдин лаборатория текширувидан ўтказилиб, ҳолатига қараб, кейин кесишга рухсат берилади. Ўйлаб кўринг, дарахт қачон ва нима сабабдан қурийди: касалланган вақтида зараркунандалар олдини олинмаган бўлса, агротехник хизмат кўрсатилмаган бўлса. Демак, дарахт кесиб ташланишидан аввал қуриган бўлса, айбдор топилади, қонун доирасида жазоланади ва кейин кесишга рухсат берилади. Дарахтларни қасддан қуритиш ҳолатлари кўп кузатилади. Бизга эса буларни аниқлашда, сиз, журналистларнинг кўмагингиз керак. Биз учун сизларсиз ишлаш қийин!»-деди бошқарма бошлиғи ўз сўзида.

Маълум бўлишича, иқлими қуруқ ва шўрлик даражаси юқори Бухоро об-ҳавосининг ўзгаришида дарахтларни яширин ва қасддан кесиб ташлашлардан ташқари, йирик саноат объектларининг ҳам «улуши» ошмоқда. Вилоятда атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатувчи йирик саноат объектлар 376 тани ташкил этади. Таҳлилларга кўра, транспорт воситалари ҳамда саноат ишлаб чиқариш корхоналаридан 81,310 минг тонна, шундан 52,205 минг тоннаси транспорт воситалари ва 29,105 минг тоннаси саноат корхоналари томонидан зарарли ташламалар ташланган. Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши олдини олиш бўйича 16 та йирик саноат корхонасида 36 дона чанг-газларни ушлаб қолувчи фильтрлар ўрнатилиши ва модернизация қилиниши натижасида 365,5 тонна ташламалар ташланишининг олди олинган. Соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузган 3066 нафар шахслар аниқланган бўлиб, қонунбузарларга нисбатан 3 миллиард 576,2 миллион сўм маъмурий жарима ва 1 миллиард 327,354  миллион сўм табиатга етказилган зарарлар ҳисобланган. Шунингдек, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида аниқланган ҳуқуқбузарликлар сони 1337 тани, белгиланган жарима миқдори 326 миллион сўмни ташкил этган.

«Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Табиатни зарарлаш оқибатлари келажак учун зиён эканини тушуниб етмаётган шахслар – жамиятнинг оғриқли нуқтаси бўлиб қолмоқда. Сув объектларини муҳофаза қилиш соҳасида аниқланган ҳуқуқбузарликлар сони 135 тани, Ер ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш соҳасида аниқланган ҳуқуқбузарликлар сони 35 тани, Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш соҳасида аниқланган ҳуқуқбузарликлар сони 43 тани ташкил этади. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Минг афсуски, бизнинг ҳам имкониятимиз чекланган. Қайси маънода: битта туман мисолида айтадиган бўлсак, 4 нафар инспектор қайси бир манзилни бориб кўришга улгуради. Жуда катта ҳудудларимиз бор. Бу ҳудудлар чўл ва овуллар билан туташиб кетган. Аммо, биз ҳар қандай вазиятдаям ҳар бир ҳолатга тезкор «реакция» кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Ҳар бир «сигнал»га ўз вақтида жавоб бериб, ноқонуний хатти-ҳаракатларга чек қўямиз. Бундан кейин Бухорода ҳеч қандай ноқонуний ҳолат ёки ноқонуний дарахт кесишлар юзага келмайди»,-деди Жамол Носиров.

 Маълумот ўрнида: Бухорода «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 2024 йил баҳор ва куз мавсумида 17 миллион 868 минг 910 туп дарахт экилган. Бухоро тумани ҳудудида 43 гектар майдонда «Янги ўзбекистон» боғи ташкил этилган. Жондор туманидан ўтувчи М-37 йўлининг адирликдан иборат
муҳофаза зонасида 21 гектар майдонда яшил боғ барпо қилинган. 10 миллион 401 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экилган. 130 та йирик саноат корхонаси атрофида 547,920 минг дона дарахт кўчатлари экилиб, «Яшил белбоғ»лар барпо этилган.

 



Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг