Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бугун штрих-код расман қабул қилинган кун

Бугун штрих-код расман қабул қилинган кун

1973 йилнинг 3 апрелида «IBM» компанияси ўзининг энг кенг тарқалган чизиқли штрих-код белгиларидан бири бўлган UPC ишланмасини расман тақдим этди. Шу кундан буён ушбу сана – штрих-коднинг туғилган куни сифатида эсланади. АҚШлик Норман Вудланд ва Бернард Сильверлар унинг кашфиётчилари ҳисобланади.

ХХ асрнинг энг илғор ва фойдали ихтироларидан бири бўлган штрих-код – товарларни ҳисобга олиш ва тарқатиш жараёнини автоматлаштиришни бошлаб берган. Бу эса савдо мажмуаларида мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилади ва тезлаштирди.

Бугунги кунда штрих-код ҳар қандай дўкон ва чакана савдо объектининг кундалик амалиётидир, чунки штрих-коднинг асосий мақсади маҳсулотни ёки унинг бирон бир хусусиятларини (қадоқлаш, серия рақами ва бошқалар) аниқлаш. Бу ҳам мутахассислар, ҳам истеъмолчилар учун ҳар бир маҳсулот ҳақида керакли маълумотлар берадиган ўзига хос калит бўлиб, уни маҳсулотларга қўллаш барча ишлаб чиқарувчилар учун мажбурий талаб. Бунгача барча товарларнинг нархи кассага қўлда киритилган эди, шу боис штрих-кодлардан фойдаланиш кўплаб одамларнинг, биринчи навбатда, савдо соҳаси ходимлари ишини осонлаштирди.

Аммо шуни ҳам айтиш керакки, штрих-код ва уни ўқиш учун сканерлар ихтиро қилинишидан анча олдин, маҳсулотни сотиш ва ҳисобга олиш жараёнини яхшилайдиган шу каби қулай воситани яратишга уринишлар бўлган. Дастлаб перфокарталар илгари сурилган, бироқ улар анча ноқулай – ўқиш ускуналари улкан ўлчамдаги машиналар, боз устига жуда қиммат эди.

Штрих-кодни яратиш бўйича дастлабки ишланмалар 1948 йилда АҚШнинг Филаделфия шаҳридаги Дрексел технология институти аспиранти Бернард Силвер томонидан амалга оширилган. У маҳаллий озиқ-овқат компанияси эгаси тўғридан-тўғри супермаркет кассаларидан автоматик равишда маълумот тўплаш бўйича тадқиқот ўтказишни сўраган суҳбатга беихтиёр гувоҳ бўлиб қолади. Шу сабаб бўлиб ёш аспирант ульрабинафша нурда порлаб турадиган сиёҳ билан қўлланиладиган ноёб товар белгиларини ишлаб чиқиш ғоясини илгари суради. Бироқ ишлаб чиқилган биринчи намуна ишончсиз ва жуда қиммат эди. Силвер тадқиқотларини давом эттиради. Бир неча ойлик изланишлардан сўнг, у дўсти Норман Жозеф Вудленд билан бирга ўша даврда машҳур бўлган иккита кодлаш технологияси (кинофильмлар ва Морзе алифбоси учун овозли треклар) элементларига асосланган чизиқли штрих-код вариантини ишлаб чиқди. Ва бу иккинчи уриниш янги кодни намойиш қилиш прототопига айланди – пастга қараб чўзилган нуқта ва чизиқлар оқ бўшлиқлар билан ажратилган қора кенг, тор чизиқлар кетма-кетлиги кўринишидаги нақшга ўхшарди. Фильмларни овозлаштириш усули штрих-кодни ўқиш жараёнининг асосини ташкил этди.

1949 йили дўстлар ўз ихтиросини патентлашди. Икки йилдан сўнг Вудленд IBMда ишлаш учун таклиф олди ва у ерда улар ушбу кодни ўқий оладиган қурилмани лойиҳалашни бошлашди. Бу қурилма бир неча ойлик машаққатли меҳнатдан сўнг пайдо бўлди ва гарчи у замонавий сканерларга нисбатан улкан ҳажмга эга бўлса-да, ҳақли равишда сканернинг прототипи – босма белгиларни электрон тарзда ўқийдиган қурилма деб ҳисобланади. Бироқ бу технологияни саноат миқёсида фақат 1960 йилларнинг охирида, лазерлар ва компютерларнинг пайдо бўлиши ва тарқалиши билан қўллаш мумкин бўлди.

1974 йил 26 июнда штрих кодли биринчи маҳсулот – бир қути сақич бўлиб, ушбу сақичнинг пакетларидан бири Смитсон Америка тарихи музейида сақланади.

Суратда: Wrigley's Juicy Fruit сақичи, Смитсон Америка тарихи музейи

Ҳозирда турли қалинликдаги чизиқлар ва 13 та рақам билан ёзилган EAN-13 штрих-коди кўп қўлланилади. Ушбу код дунёдаги маҳсулотларнинг 80 фоизини белгилайди. Масалан, коддаги дастлабки иккита (ёки учта) рақам маҳсулот ишлаб чиқарувчи мамлакатни (кейинги тўртта рақам – ишлаб чиқарувчи коди, ундан кейинги бешта рақам – маҳсулот коди, охирги битта рақам – назорат рақами) билдиради. Шундай қилиб, маҳсулот ишлаб чиқарувчиси сифатида Ўзбекистон коди – 478.

Айтганча, бугунги кунда штрих-кодлар фақат қора ва оқ чизиқлар кетма-кетлиги эмас. Шунингдек, нуқталар, квадратлар ва бошқа геометрик шакллардан иборат штрих-кодлар мавжуд бўлиб, улар машина томонидан осонгина тан олинади ва баъзи дизайнерлар коднинг ўқилишига путур етказмасдан, улардан бутун санъат асарларини яратишга муваффақ бўлишяпти. Қадоқлаш дизайнидаги ушбу йўналиш ҳатто ўз номини олди – Barcode art. Бундан ташқари, штрих-код нафақат савдода, балки чипталар, ҳужжатлар ва бошқаларни белгилаш учун ҳам қўлланилади.

Маълумот ўрнида, 1999 йил 21 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган товарларга штрихли кодлашни жорий этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарордан кўзланган мақсад Ўзбекистон товарларининг ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро маҳсулот рақамлаш тизими доирасида товар ишлаб чиқарувчисини аниқлашдан иборат эди.  

Усмонжон Йўлдошев тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг