Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Алия Юнусова зўравон ота-оналардан болаларини олиб қўйишни таклиф қилди

Алия Юнусова зўравон ота-оналардан болаларини олиб қўйишни таклиф қилди

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова фарзандларини зўравонлик билан «тарбиялайдиган» ота-оналардан олиб қўйиш таклифини билдирди.

«Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти шифохоналаридан бирида содир бўлган воқеа, яъни она ўз касалманд боласини аёвсиз калтаклаётгани тасвирланган видео барчани ларзага солди. Бу бизга маълум бўлган ҳолатлардан бири халос. Лекин, тўрт девор орасида яширинча содир бўлаётган ҳолатлар ҳам бор эканини барчамиз биламиз. Афсуски, жамиятда бефарқлик кайфиятининг борлиги сабаб, болаларга нисбатан қилинаётган зўравонлик ҳолатларига қўл силтаб, “менга нима“ қабилида иш кўрадиганлар ҳам йўқ эмас», — деди у.

Бола омбудсмани БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвeнцияси ҳамда «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунининг 10−11 моддаларига мувофиқ, давлат болани зўравонликнинг барча шаклларидан, шу жумладан жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонликдан, қийноқларга солишдан ёки шафқатсиз, қўпол ёхуд инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа шаклдаги муомаладан ҳимоя қилишини эслатиб ўтди.

«Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси, ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса васийлик ва ҳомийлик органи, прокурор, суд томонидан амалга оширилади. Бола ота-она ва ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар томонидан қилинадиган суиистеъмолчиликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга», — деди у.

Таъкидланишича, боланинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилганидан, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигидан хабардор бўлган шахслар бу ҳақда бола ҳақиқатда турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органига маълум қилишлари шарт.

«Шундай маълумотлар олинган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органи боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўриши шарт», — деди у.

«Амалдаги қонунчиликда шунча нормалар бўлишига қарамай болалар барибир азият чекишяпти, — деди Бола омбудсмани. — «Ота-оналар»нинг зўравонликка йўл қўйиши, фарзандига нисбатан қўпол ва шафқатсиз муомала қилишлари — кечириб бўлмас хато. Ҳар бир киши қонунлар билан белгиланган масъулиятини ва мажбуриятини зиммасига олишга ва уни бажаришга мажбур».

«Акс холда давлат болаларни зўравонлик ва куч билан „тарбиялайдиган“ ота-оналардан фарзандини олиб қўйиш механизмини ишлаб чиқишга мажбур бўлади. Болалар озор чекмаслиги учун Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ушбу таклифни илгари суради ва буни тўғри деб ҳисоблайди», — деди Алия Юнусова.

Унинг сўзларига кўра, одамлар охир оқибат жамиятимиз ҳам болаларга нисбатан зўравонликка йўл қўйилмаслигини ва бу асло қабул қилинмаслигини эълон қилиши керак.

«Боланинг бегонаси бўлмайди. Шундай ҳолатга дуч келдингизми дарҳол чора кўринг. Жамоатчилик назоратининг кучи фақат ижтимоий тармоқларга тарқатиладиган видеолардан кейингина ишлаши керак эмас», — деди Бола ҳуқуқлари бўйича вакил.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг