Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Абдулла Орипов...1979 йил ёҳуд денгиздаги воқеа

Абдулла Орипов...1979 йил ёҳуд денгиздаги воқеа

Мен халқимизнинг ардоқли шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов билан танишганимда ҳали талаба эдим. Ўшандан бошлаб бу буюк инсон, беназир шоир билан устоз-шогирд, ака-ука бўлиб юрдик. У кишининг кўплаб янги шеърларининг илк эшитувчиларидан, айрим шеърларининг ёзилиш жараёнига гувоҳ бўлганимдан бахтиёрман.

Устоз билан тонготар суҳбатлар қурганимиз, ғоят теран фикрларидан ҳайратланган чоғларим хотирамда муҳрланиб қолган. Кейинчалик Абдулла ака билан турли  нуфузли анжуманлар, йиғилишларда иштирок этдик, узоқ-яқин сафарларда бўлдик. Ана шу жараёнларда ҳар хил ибратли, қизиқарли воқеалар кўп бўлган. Шулардан бирини эътиборингизга ҳавола қилишга жазм этдим.

1979 йилнинг июнь ойида Озарбайжонда Ўзбекистон адабиёти ва санъати декадаси бўлди. Унда юздан зиёд ўзбекистонлик шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, олимлар иштирок этди. Мен декадани ёритиш учун «Ўзбекистон маданияти» газетасининг мухбири  сифатида (фотомухбир Содиқ Маҳкамов билан) қатнашдим.

Декада жуда юқори савияда ташкил этилган эди. Ўзбекистон ва Озарбайжон ёзувчи ва шоирлари, санъаткорлари беш гуруҳга бўлиниб, Озарбайжоннинг барча районларида учрашувлар ўтказди.

Меҳмонлар Бокудаги бир неча меҳмонхонага жойлашганди. Биз – ёш ижодкорлар, журналистлар «Боку» меҳмонхонасида эдик.

Уч-тўрт ёш Озарбойжон шоирлари Абдулла Орипов билан суҳбат уюштиришимизни илтимос қилди. Норасмий, дилдан суҳбатлашсак, дейишди. Зеро, бу пайтда Абдулла Орипов ижоди Озарбайжонда ҳам машҳур бўлиб улгурган эди.

Бу таклифни Абдулла акага айтгандик, у киши рози бўлди. Бир оқшом «Боку» меҳмонхонасида суҳбат ташкил этдик. Абдулла ака озарбойжон шоирларидан шеърлар эшитди, ўз фикрларини билдирди. Уларнинг илтимосига биноан ўзининг янги шеърларидан ўқиди. Сўнгра Низомий, Фузулий, Насимий, Собир, Вурғун ҳақида, уларнинг ижоди асносида озарбойжон халқининг тарихи тўғрисида мисоллар билан шундай сўзладики, шоирларнинг оғзи очилиб қолди. Низомий, Фузулий, Насимий, Самад Вурғун шеърларидан ўқиди. Алишер Навоий Низомий Ганжавийни устоз билган, Муҳаммад Фузулий эса Алишер Навоийни устозим деган.

Бобораҳим Машраб билан Имодиддин Насимийнинг маслак-матлаби бир бўлган, Ғафур Ғулом билан Самад Вурғун қадрдон эди, деб икки қардош халқ тарихи, маданияти, адабиёти, ижодкорларнинг ҳамкорлиги борасида ҳайратли мисоллар келтирди. Бир зум ўйга толди-да, «битта қоғоз бер», деди. Чўнтагидан ручка олиб, нималарнидир ёза бошлади. Биз жим ўтирдик. Мен секин кўз қиримни ташладим. Шеър туғилаётган эди. Ручка қоғоз узра йўрғалашдан тўхтади. Шоир ёш озарбойжон шоири Сиёвуш Сархонлига қаради: «Бобакни биласанми?» деди. Сиёвуш кутилмаган бу саволдан гангиб турганди, Абдулла ака ўзи жавоб берди: «У Ватан озодлиги учун курашган, бизнинг Муқанна каби». Ручка яна қоғоз юзида ҳаракатини давом эттирди. Хона жимжит. Биз бир-биримизга сўзсиз термиламиз. Шоир жадал ёзди, ёзди, ўчирди, яна ёзди... Ручкани столга қўйиб, ўйга толди. Хонада ҳамон жимлик ҳукмрон. Шоир яна ёза бошлади.

Қанча вақт ўтди, билмайман, бир соатми, кўпми-камми... Бир маҳал ҳозиргина ёзган қоғозларини қўлига олиб, бизга юзланди: «Эшитинглар». Ўқий бошлади:

Хаёл оти билан кезгил ҳар ённи,

Топмассан бундайин хушбахт бир онни.

 Муҳр этди дилларга тарих инчунин,

Қадим қондошликни – олий эҳсонни.

 Эъзозлаб турибди кўтариб бошга,

Бу кун озар эли Ўзбекистонни.

 Сўйласин минг йиллик мўйсафид тарих,

Бу дўстлик билганми шубҳа, гумонни?

 Ўзбекман, англамай қаёққа бордим,

Шу инжа озарий тилни, забонни.

 Дўстлик бу – муҳаббат янглиғ фараҳким,

Билгай у на ҳадни ва на довонни.

 Асли Муқаннага қиёс этгулик,

Бобакнинг қалбидан тошган туғённи.

 Низомий болидан ҳалво пиширмуш

Навоий забт этиб туркий жаҳонни.

 Бир лаҳза қўлидан қўйганми ўзбек,

Ўзинг айт, Фузулий битган девонни?

 Азизим, дилимда асраб юрибман,

Насимий қолдирган собит имонни.

 Вурғуннинг шеъри деб жон чекса ўзбек,

Озар ҳам аярми Ғафурдан жонни?

 Мен сендай мезбонни топмоғим гумон,

Сен ҳам тополмассан мендай меҳмонни.

 Сен билан кечмишнинг жангоҳларида

Бирга таниганмиз яхши-ёмонни.

 Тарих-ку, муҳташам ёдгордир олий,

Сўйлайин шу кунни, айни шу онни.

 Қондошлик туғини кўтариб кушод,

Тавоб этмоқдамиз гулгун маконни.

 Ҳазар коса бўлсин, яъни, жоми Жам,

Сипқаргил, шараф-ла давру давронни.

 Мавжуд бўлмасайди дунёда агар,

Ўйлаб топар эдим Озарбайжонни.

 Абдулла ака шеърни ўзига хос оҳанг, шиддату шижоат билан ўқиди-да, атрофга қараб, «қалай?!» деди. Шу биргина сўзда «қойил қилдимми, боплабманми?» деган теран маъно бор эди. Ҳаммамиз шоирни олқишладик. Абдулла Орипов мамнун жилмайди. Бир пиёла чой ичди-да, озарбойжон қардошларимизга шеърнинг мазмунини тушунтириб берди.

Абдулла Ориповнинг машҳур «Озарбайжон» шеъри ана шундай яратилган эди.

Ўша суҳбатда қатнашган ёш озарбойжон шоирлари ниҳоятда мамнун бўлиб кетишди. Кейин ҳам улар бу суҳбатни қайта-қайта эслаб, Абдулла акадан миннатдор бўлиб, у киши билан суҳбатни ташкил этганимиз учун бизга кўп ташаккур билдиришди.

Декаданинг охирги куни мезбонлар меҳмонларни «Озарбайжон» теплоходида Каспий денгизидаги Нефттошлар шаҳарчасига саёҳатга олиб боришди. Бу шаҳарча Бокудан 150 километр ичкарида бўлиб, у ерда нефтчилар яшар экан. Тасаввур қилинг, 150 километр ичкарига кетдик. Тўрт томон сув. Одамни ваҳима босади. Биз – ёшларга каюта йўқ, шу боис очиқ палубада эдик.

Денгизни, чариллаб бир-бирини қувлаётган чорлоқларни томоша қилиб ўтиргандик, Абдулла ака кўриниб қолди.

— Нима қиляпсан бу ерда? – деди менга.

— Баҳри Ҳазарни томоша қилиб ўтирибман, – дедим.

— Қайси каютадасан?

— Бизларга каюта йўқ, – дедим.

— Ие, нега йўқ? – ажабланди Абдулла ака.

У кишининг кайфиятини бузмаслик учун хотиржам гапирдим:

— Каюта шарт эмас, Абдулла ака. Қайтанга шу ер яхши. Денгиз ҳавосидан баҳраманд бўлиб, томоша қилиб кетамиз.

Устоз маънодор қаради:

—Олдин ҳам денгизда юрганмисан?

— Йўқ, – дедим. – Биринчи марта чиқишим теплоходга.

— Кўриниб турибди... – Абдулла ака кулди. – Денгиз касалини биласанми? Ўрганмаган одамга таъсир қилади. Қон босимини кўтариб юборади, бурундан қон кетиши мумкин. Шунинг учун узоқ масофага сузганда каютада ўтирган яхши... Бу ерга ҳар замон чиқиб, бир оз томоша қилиб ўтирса бўлади, – у ёнимда турган сумкамга ишора қилди. – Ол буларингни, мен билан юр.

Мен хижолат бўлдим.

— Зарари йўқ, Абдулла ака, шу ер...

— Гапни кўпайтирма, юр... Бизнинг каютага борамиз... Бир оздан кейин бу ерда концерт бўлади, ўшанда чиқамиз.

Абдулла Орипов билан Эркин Воҳидов битта каютада экан. Мен бир соатлар чамаси икки устознинг суҳбатидан баҳраманд бўлдим. Сўнгра концерт томоша қилгани палубага чиқдик. Ўзбек ва озарбойжон санъаткорлари ижросида жуда гўзал концерт бўлди... Атрофда бир парча бўлсин қуруқлик кўринмайди, фақат сув, сув. Баҳри Ҳазар чайқалиб ётибди. Қуёш чарақлаб турибди. Бешик-бешик тўлқинларни ёриб бораётган «Озарбойжон» теплоходида галма-гал ўзбек ва озарбойжон куй-қўшиқлари янграйди. Таърифга сўз ожиз. Ўша пайтдаги қувонч, ҳаяжон қалбимга мангу муҳрланиб қолган, десам муболаға бўлмас...

Ўшанда Абдулла ака шогирдларига ҳар доим, ҳар жойда меҳрибон ва ғамхўр эканига яна бир бор амин бўлганман.

Дарвоқе, Бокудан қайтганимиздан кейин бир ҳафта давомида бурним қонаб юрди. Шунда Абдулла ака айтган денгиз касали шу бўлса керак, деб ўйладим...

Маматқул Ҳазратқулов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг