Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент айрим божхона имтиёзларини узайтиришни маъқуллади

Президент айрим божхона имтиёзларини узайтиришни маъқуллади

Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёев 19 февраль куни ҳудудларда иқтисодий ўсишни таъминлаш, паст қувватда ишлаётган корхоналарни қўллаб-қувватлашга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.

Бу ҳақда шу йил январда макроиқтисодий барқарорлик таҳлили бўйича ўтган видеоселектор йиғилишида топшириқ берилган эди. Унга мувофиқ, ҳудудларда ишга солинмаган қўшимча имкониятлар, тадбиркорларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилди.

Масалан, Қашқадарё вилоятидаги Миришкор каналига қўшимча насос ва лотоклар ўрнатиш орқали Қарши туманида 600 гектар ерни ўзлаштириш мумкин. Бу кастор ловияси етиштириб, унинг мойини ишлаб чиқариш, 1 минг 400 кишининг бандлигини таъминлаш имконини беради.

Айрим саноат зоналарида инфратузилма қувватини яхшилаш зарур. Шу мақсадда жорий йилда бюджетдан 1,5 триллион сўм ажратилиши белгиланган. Бунинг натижасида мазкур зоналарнинг жозибадорлиги ошиб, корхоналар фаолияти кенгаяди ва иш ўринлари кўпаяди.

Саноат корхоналарига яқин бўш майдонларда қуёш панеллари ўрнатиб, уларга қўшимча энергия етказиб бериш ҳамда тизимдаги юкламани енгиллатиш имконияти бор.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари билан тақдим этилган солиқ ва божхона имтиёзлари корхоналар фаолиятига ижобий таъсир қилган. Масалан, текстиль учун бўёқ импортида божхона имтиёзи қўлланилгани ҳисобига трикотаж мато, кўйлак, костюм-шим таннархи арзонлашган. Тақдимотда ушбу имтиёзлар муддатини узайтириш орқали эришилган натижаларни мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, тегишли меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Мутасаддиларга барча 208 та туман ва шаҳарнинг “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш, аҳоли даромадларини оширишга қаратилган лойиҳалар тайёрлаш вазифаси қўйилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг