Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жамшид Қўчқоров: «Нарх кескин ошишининг олди олинади»

Жамшид Қўчқоров: «Нарх кескин ошишининг олди олинади»

Фото: «Xabar.uz»

Президент Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари - иқтисодий тараққиёт вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди.

Вазирнинг қайд этишича, тижорат банклари ва Ўзбекистон Марказий банки томонидан кўрилаётган чоралар натижасида аҳолига рублда пул ўтказмалари тўхтовсиз таъминланган ва бу борада ишларни давом эттириш топширилган.

«Баъзи тадбиркорлар эркин конвертация қилинадиган валютада кредитни қандай тўлаши ҳақида ташвишланаётган бўлиши мумкин. Хабарингиз бор, ўтган йилнинг август ойида президентимиз тадбиркорлар билан учрашувда ушбу кредитларни сўмда тўлаш имкониятини яратиш бўйича топшириқ берган эди. Бу механизмдан ҳар қандай тадбиркор фойдаланиши мумкин», деди бош вазир ўринбосари.

Унинг айтишича, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кескин ошишининг олдини олиш мақсадида айрим озиқ-овқат маҳсулотларига божхона тўловларини нолга тушириш имконияти кўриб чиқилмоқда. Бу масала бўйича тегишли қарор киритилади.

Меҳнат муҳожирлари муаммоларини ҳал қилиш учун Иқтисодий тараққиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банк, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари вакилларидан иборат махсус штаб ташкил этилади.

Президент соҳа ва ҳудудларда ҳар куни мониторинг ўтказиш, юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўриш бўйича топшириқлар берган. Корхоналарни айланма маблағларини тўлдириш учун револьвер кредитлаш тизимини янада соддалаштириш муҳимлиги таъкидланди. 

«Транспорт-логистика масалаларини ҳал этиш, жумладан, Uzbekistan Airways фаолиятини такомиллаштириш бўйича, шу билан бирга, тадбиркорлар, айниқса, кичик ва ўрта бизнес вакилларига шароит яратиб бериш, қўллаб-қувватлаш бўйича Солиқ қўмитасига кўрсатмалар берилди», деди бош вазир ўринбосари.

Аввалроқ Молия вазири Тимур Ишметов Ўзбекистонда солиқ маъмурчилигига оид барча ўзгаришлар тўхтатиб турилишини маълум қилганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг