Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Андижоннефт» бошқаруви раиси: «Нолдан — 1 миллионгача. Андижонни икки йилда ўзимизда чиқадиган газ билан тўлиқ таъминламоқчимиз»

«Андижоннефт» бошқаруви раиси: «Нолдан — 1 миллионгача. Андижонни икки йилда ўзимизда чиқадиган газ билан тўлиқ таъминламоқчимиз»

«Андижоннефт» АЖ бошқаруви раиси Жалолиддин Бекмурадов Xabar.uz  саволларига жавоб бериб ўтди. Мутасаддининг таъкидлашича, айни вақтда Андижон аҳолиси эҳтиёжининг атиги тўртдан бир қисми маҳаллий газ ҳисобига таъминланмоқда. Газ қазиб олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар эвазига яқин икки йил давомида аҳоли тўлиқ газ билан таъминланиши кутилмоқда.

— Андижон аҳлининг кундалик газга бўлган эҳтиёжи қиш мавсумида 5 миллион метр куб атрофида. Бугунги кунда «Андижоннефт» АЖ томонидан 600-650 минг метр куб газ қазиб чиқарилмоқда ва тўлиғича аҳолига етказиб бериляпти. Агар, газ қазиб олиш ҳажмини шу таҳлит ўсишда давом эттирсак, яқин икки йилда вилоят аҳолисининг газга бўлган эҳтиёжини ўзимиздаги газ конларида қазиб чиқариладиган газ эвазига тўлиқ қоплаш мумкин бўлади.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида жорий йилда истиқболли конларни аниқлаш ва мавжуд захираларни кўпайтириш учун бюджетдан 2 триллион сўм маблағ ажратилиши айтилди. Бу шубҳасиз, мазкур йўналишдаги ишларнинг янада жадал ривожланишига замин яратади.

Андижон аҳолисининг газга бўлган талаби қиш ойларида 5 миллион куб метрга етади, аммо ёзда 600-700 минг куб метрга тушади. Бундай вақтда газ қазиб олиш ҳажми камайтирилмайди, балки Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги ер ости газни сақлаш мажмуасига йўналтирилади. Бу мажмуа вилоят эхтиёжини қоплаш учун етарлича газни сақлаш имкониятига эга. Мавжуд захира қиш ойларида аҳолига етказиб берилиши режалаштирилган.

Андижонда нефть ва газ йўналишидаги фаолиятни таҳлил қиладиган бўлсак, 2017 йилга қадар газ умуман қазиб олинмаган, балки барча кучлар фақат нефть қазиб олишга йўналтирилган бўлган. Ҳатто, олдинги пайтларда бурғуланаётган жойдан газ чиққан тақдирда ҳам, бундай қудуқлар ёпиб ташланган ва бошқа жойда қазиш ишлари давом эттирилган. Бунинг боиси бир тарафдан газ етказиб беришга устуворлик берилмаган бўлса, иккинчи томондан газ қазиб оладиган мутахассислар етарли бўлмаган. Бугунги кунда мутахассисларимизнинг газ қазиб олиш соҳасида малакасини доимий равишда ошириб бориш учун барча чоралар кўрилмоқда.

2017 йилда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан углеводород хом ашёсини қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича муҳим қарорнинг қабул қилиниши газ қазиб олиш масаласига эътибор кучайишига ва бурғулаш ишларининг жадаллашишига хизмат қилди. Натижада, янги газ қатламлари топилди, эскиларини таъмирлаш орқали газ олиш суръатлари кескин оширила бошланди. 2017-2018 йилларда кунига ўртача 50 минг куб метр газ қазиб олинган бўлса, 2019 йил охирига келиб бу кўрсаткичнинг 15 баробар оширилишига эришилиб, 650 минг кубга етказилди. Бугунги кунда Андижон ва Фарғона вилоятларида 14 та қудуқда газ қазиб олинмоқда.

Албатта, бу борада яна бир қатор муҳим чора-тадбирларни режалаштириб қўйганмиз. Ҳозирда янги қудуқларимиз газ олишга тайёр бўлиб турибди. Насиб қилса, уларни ишга туширсак, 1 ой ичида газ қазиб олишни суткасига 1 миллион куб метрга етказишга эришамиз, — дейди Жалолиддин Бекмурадов.

Эслатиб ўтамиз, бугун Андижон вилоятида янги газ қудуғи ишга туширилиши кутилмоқда. Xabar.uz газ конлари очилишидан репортаж уюштиришни режалаштирган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг