Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Судья Имомовнинг қўпол хатоси Олий судда тўғриланди

Судья Имомовнинг қўпол хатоси Олий судда тўғриланди

Фото: «rg.ru»

Фуқаролик ишлари бўйича (ФИБ) Учтепа туманлараро суди раиси М.Имомовнинг ўта қўпол хатоси, ниҳоят, Олий суд томонидан тўғриланди.

Гап шундаки, ўтган йилнинг февраль ойида суд раиси қарз «олди-бердиси»га оид фуқаролик ишини кўришга киришар экан, биринчи қилган иши даъвони таъминлаш чораларини кўриш бўлиб, низо юзасидан тараф бўлмаган Бухородаги «O'zpromtek-Buxoro» шўъба корхонаси ҳисоб-рақамлари ва бошқа мулкларига банд солиш ҳақида ажрим чиқарганди. Мазкур ажримидан уч ой ўтиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори ҳам чиқардики, бу энди алоҳида мавзу.

Шўъба корхона «банди» қилиниши ортидан унинг фаолияти қарийб тўхтаб, бу ерда оила тебратаётган ўнлаб инсонлар ишсиз қолишига олиб келди. Корхона раҳбарининг бундай қонунсизликдан «дод!» деб қайси идорга чопмасин, амалда ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Зеро, суд томонидан қўйилган банд, у тўғрими-нотўғрими, фақат юқори босқич суди томонидан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Бошқа органларнинг бунга ваколати йўқ.

Судья М.Имомовнинг низо юзасидан чиқарган қатор ажримлари ва ҳал қилув қарорини тегишли босқичлар ўтиб, ниҳоят, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида (судьялар: Ф.Турсунов, Г.Мирзаева, Ш.Аҳатова) кўриб чиқилди.

Мазкур фуқаролик иши Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Х.Ёдгоров ажримига асосан назорат тартибида кўриб чиқиш учун тегишли судлов ҳайъатига ўтказилган.

Судлов ҳайъати ушбу низо бўйича чиқарилган учта ажримни бекор қилди. Улар орасида корхона фаолияти қонунга зид равишда тўхтатилиб, шу жойдан бола-чақа боқаётган инсонларнинг танг аҳволда қолишига сабаб бўлган биринчи босқич судининг ажрими ҳам бор. Мазкур ажримни бекор қилар экан, Олий суд судлов ҳайъати алоҳида қайд этдики: «...O'zpromtek-Buxoro шўъба корхонаси судда кўрилган низонинг тарафи ҳисобланмайди... (судья) корхонага нисбатан банд солиш чораларини кўришда унинг фаолияти тўхтаб қолинишига эътибор бермасдан, шошма-шошарлик билан даъвони таъминлаш чораларини кўрган».

Корхона фаолияти бир ярим йил деганда қайта тикланадиган бўлди.

Бундан ташқари ФИБ Учтепа туманлараро судининг низо юзасидан чиқарган ҳал қилув қарори қонунийлиги ҳам ФИБ Тошкент шаҳар суди кассация босқичида қайта кўриб чиқиладиган бўлди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг