Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шаҳноза Мирзиёева Самарқандда кишанланган бола бўйича муносабат билдирди

Шаҳноза Мирзиёева Самарқандда кишанланган бола бўйича муносабат билдирди

Самарқандда 13 яшар бола Damas русумли автомашинада оёғи занжир билан кишанланган ҳолда аниқланганди. Ҳолатга Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева муносабат билдирди.

Унинг қайд этишича, 15 март куни Самарқандда юз берган воқеага ишониш қийин бўлсада, ҳар қандай муаммонинг ечими уни қабул қилишдан бошланишини тушуниш керак. Мажбурий равишда кишанбанд қилинган ўсмирга малакали психологлар томонидан зарур ёрдам кўрсатилмоқда, айни пайтда унинг саломатлигига ҳеч нарса таҳдид солаётгани йўқ.

«Жамоатчиликни ларзага келтирган бу ҳодиса кўрилаётган чора-тадбирлар болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига барҳам бериш учун ҳали етарли эмаслигини кўрсатиб қўйди. Қолаверса, бу қонунбузарлик барчамиз учун муборак рамазон ойида содир этилгани кишини баттар қайғуга солади.

Юртимизда бирорта ҳам вояга етмаган шахс бундай ҳолатга тушиб қолмаслиги учун жамиятимизда болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабат шаклланиши йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз», — дейди Шаҳноза Мирзиёева.

У, шунингдек, мазкур жиноят фош бўлишига ҳисса қўшган, ўз вақтида ички ишлар органларига хабар берган ҳушёр ва ғамхўр жамоатчилик вакилларига миннатдорчилик билдирди. Уларнинг ёрдами билан ўсмир учун янада аянчлироқ зўравонликларга дучор бўлишининг олди олинганини таъкидлайди.

«Самарқандда рўй берган воқеа Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан назоратга олинган. Бироқ биз қуруқ баёнот билан чекланиб қолмай, жабрланувчининг соғломлаштирилиши, таълим олиши ва нормал шароитда яшаши учун барча зарур шароитлар яратилиши учун ғамхўрлик кўрсатади. Ким бўлишидан қатъи назар қонунбузарга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланишига ишонтириб қоламан», — деди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори биринчи ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 138-моддаси (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг