Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қозоғистонда қўлга олинган ўзбекистонлик ҳақида маълумот берилди

Қозоғистонда қўлга олинган ўзбекистонлик ҳақида маълумот берилди

Архив фото

Интернет тармоғида Қозоғистон Республикаси ҳудудида гўёки жиноят содир этганликда асоссиз айбланаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси 59 ёшли Ҳуррам Б.нинг қўлга олинганлиги ҳақида хабарлар тарқамоқда, дейилади Тошкент шаҳар ИИББ хабарида.

Мазкур факт бўйича ИИББ қуйидагиларни маълум қилди.

2013 йилнинг охирида Тошкент шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига фуқаро Э.Э. ва Ф.П.лардан келиб тушган аризада мазкур фуқаролар 2013 йилнинг август ойининг охирида уларга Чимкент шаҳрида (Қозоғистон Республикаси) катта маош тўланадиган иш таклиф қилган бир гуруҳ шахсларга нисбатан чора кўришни сўрадилар. Жабрланувчиларга қонуний ишга жойлашиш ваъда қилинган. Ўша йилнинг ўзида ўзларини «Мустақил мардикорлар ташкилоти» вакиллари сифатида таништирган шахслар Э.Э. ва Ф.П.ларни Чимкент шаҳрига олиб кетишган. Чимкентга етиб боргач, уларнинг паспортларини олиб қўйишган ва қурилишда ишлашга мажбур қилиб, ваъда қилинган маошни тўлашмаган. 

2013 йилнинг 19 декабрь куни Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан жабрланувчиларнинг аризаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси («Одам савдоси») «б» банди 2-қисми бўйича жиноий иш қўзғатилди. Дастлабки тергов давомида мазкур жиноятни содир этганликда гумонланувчи шахслар аниқландилар. Улар сурхандарёлик 1961 йилда туғилган Ҳуррам Б., Нураддин Д. ва Фахриддин Т. бўлганлиги маълум бўлди. Нураддин Д. ва Фахриддин Т.лар жиноий жавобгарликка тортилиб, маҳкум этилдилар. Ҳуррам Б. эса 2014 йилнинг январь ойида қидирувга эълон қилинди.

2020 йилнинг февраль ойида Ҳуррам Б.нинг турар жойи аниқланди ва Қозоғистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамкорлигида қўлга олинди. 17 август куни, карантин чекловлари бекор қилингач, Ҳуррам Б. қонуний чора кўрилиши учун Ўзбекистонга этап қилдирилди. Шунингдек маълум қиламизки, Ҳуррам Б. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135 моддаси «г» банди 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланмоқда. Унга қарши бошқа ҳеч қандай айблов кўзда тутилмаган, дейилади хабарда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг