Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қўшнисини кетмон билан чопган шахс 15 йилга қамалди

Қўшнисини кетмон билан чопган шахс 15 йилга қамалди

Бир сотих ер майдони устида жанжаллашиб келаётган қўшнисини кетмон тиғи билан бир неча маротаба уриб, чопиб, ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш жиноятини содир қилган шахс 15 йилга қамалди, дея «Xabar.uz»га маълум қилди жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди судьяси Малик Бобоев.

Бухоро туманида туғилган ва илгари судланмаган фуқаро Э.Я. 27 йилдан буён Бухоро шаҳридаги хонадонлардан бирида уч нафар фарзанди билан яшаб келган. 2015 йилда Ў.Б. исмли аёл унга қўшни бўлиб келган.  Ҳар икки қўшни ўртасида 9 йил давомида ер масаласида ўзаро келишмовчилик давом этган. Шу йиллар мобайнида уларнинг можаролари турли судларда кўрилган, маҳалла йиғилишларида муҳокама қилинган. Шунга қарамасдан, улар ўртасида жойлашган ва ҳар иккаласига ҳам расман тегишли бўлмаган 1 сотихли ерга талашиш аянчли оқибат билан якунланди.

Кунларнинг бирида қўшни аёл тушлик вақтида елкада кетмони билан маҳалла ҳашарига кетаётган, спиртли ичимлик таъсирида бўлган Э.Я.га ўзига тегишли бўлган автомашинадан тушмасдан, унга «уйингни бузишни бошламадингми, барибир бузасан» деган. Э.Я. бундан жаҳлланган ва унга беписандлик қилган қўшни аёл ўтирган машина олд салон деразасини кетмон дастаси билан уриб синдирган ва «сени ўлдираман!» – дея бақириб, жаҳл отига минган.

Аёлнинг 12 ёшли вояга етмаган қизи кўз олдида уни машинадан тортиб туширган. «Сени чопаман, яшашга ҳақинг йўқ» деб, қўлида бўлган кетмон билан шафқатсизларча унинг ҳаёти учун муҳим бўлган бош соҳаси, юз-жағ ва танасининг турли соҳаларига бир неча маротаба қасддан урган, чопган. Вояга етмаган қизнинг жовраб, «онамни ўлдирманг, онамни урманг», – дейишига қарамай, кетмон тиғи билан Ў.Б.нинг ҳаётига хавф солувчи оғир тан жароҳати етказган. У ҳушсизланганидан сўнг, Э.Я.: «Мана, энди ўлдинг!» – деб кулиб, воқеа жойидан кетган. Ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш жиноятини содир қилган. Қўшниси ўлди, деб ўйлаган ва ҳеч қандай ёрдам кўрсатмаган.

Қонга беланган оғир аҳволдаги Ў.Б. ҳуш-беҳуш боши устида йиғлаб турган қизига ИИБнинг «102» қисқа рақамига қўнғироқ қилишини айтган.

Воқеа жойига зудлик билан ИИБ ҳудуд профилактика инспектори етиб келган ва биринчи ёрдамни кўрсатган ва оғир аҳволдаги беморни РШТЁИМ Бухоро филиалига олиб борган. Жабрланувчининг саломатлиги ўта оғир даражада бўлишига қарамай, унинг ҳаёти сақлаб қолинган.

«9 йилдан ортиқ вақт давомида қўшним менга ер масаласидаги келишмовчилик сабаб доимий равишда маънавий босим ўтказиб келди. «Сени ўлдираман», «Сени чопиб ташлайман» деган важлар билан қўрқитарди. Аммо, сабр билан чидаб келдим. Мен-ку, майли, аммо, ҳали вояга етмаган қизимнинг олдида мени шафқатсизларча чопиб ташлаб, бир умр саломатлигимга даҳл қилганини ҳеч қачон кечирмайман. Қонун доирасида чора кўриб, жазони ҳам қилмишига яраша тайинлашларини талаб қиламан», – деган суд-тергов давомида Ў.Б.

Айбдор Э.Я.нинг ҳатти-ҳаракатларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 25- (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисмининг «ж» (ўта шафқатсизлик билан) банди қўлланилган. Унга у модда билан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. У тайинланган жазони умумий колонияларда ўтайдиган бўлди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг