Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Одамлар лақмами ёки фирибгар — устамон?

Одамлар лақмами ёки фирибгар — устамон?

Коллаж: «Xabar»

Бунақа воқеликлар бўрттирилган комедия ёки ҳангомада учраши мумкин. Чунки, айтсанг ҳаммаям ишонавермайди-да. Тўғри, фолбинлар бор, фолга ишонувчилар ҳам сероб. Бироқ бу даражада одамларни лаққа тушириш ёки ким нима деса ишониб кетаверадиганлар доим ҳам учрамаса керак.

Ёши қирқдан хатлаган, икки боланинг онаси бўлмиш бу аёл «одамларнинг йўлини очиб» берарди гўё. Бунақаларга ишонганлар нима дейилади? Тўғри топдингиз: лақма! Йўқса, бировларнинг бахт йўли «очиш»га қодир экансан, нега ўзинг берк кўчадансан, нега ўзинг шўрпешонасан, деган гап хаёлига келмасмиди?!

Содда одамлар эса фолбин учун тайёр ўлжа.

Хуллас, сирдарёлик Фарида-фолбин (исми-шарифлар ўзгартирилди) одамларнинг «корига» ярайдиган ҳожатбарор ўзича. Тузоғига тушганлар ҳам оз эмас. Мана, биттаси: Манзура. Эри уйидан кетиб қолганидан сўнг ўзини қўярга жой тополмай юрган кунлари кимдир тавсия этдики, Фаридага бор, бунақа ишларни «ўхшатади», деб. Борди. Фолбин: «туморча ясаб бераман, кейин турмуш ўртоғинг уйингга қайтади», деб дарҳол ишга киришди. Ичига оддий қоғозчалар тиқилган тумор ҳам тезда тайёр бўла қолди. Ўша тумор ва уйида «ис» чиқарвориш Манзурага беш юз минг сўмга тушди. Бироқ на туморчанинг «қувватини» сезди, на чиқарилган «ис»нинг амалдаги натижасини?! Эридан дарак бўлмади барибир. Беш юз минг сўм «қулоғини ушлаб кетгани» қолди, холос.

Бу орада ховослик Насиба деган аёл ҳам фолбинга рўпара бўлсами?! Фарида унинг кўнглига ғулғула солиб қўйди: «агар уйингда «ис» чиқармасанг, энг яхши кўрган фарзандинг вафот этади! Келадиган «балою қазо»нинг баҳоси уч юз минг сўмгина экан. Ордона қолсин шу пул, менга тинчлик керак», дея Насиба айтилган суммани нақд санади...

Кейинги «ўлжа» ҳам кўп куттирмади. Келажакдаги бахтию тахтини билишга келган Муҳайё фолбиннинг башоратидан ўзидан кетай деди. Агар у «ис» чиқармаса, ўғли фалокатга учраб, оғир жароҳат олар эмиш... Бунинг олдини олишнинг иложи борми? Нега йўқ? «Нарзи» берилса, кифоя — садақа радди бало! Муҳайё салкам икки юз минг сўмни жон-жон деб тутқазди: боламга бало урмаса бўлди!

Мижоз кўпайгани сари «бало»ни даф этиш «ставка»сиям кўтарилиб бораверди: кимдир ярим миллион, кимдир бир миллион, яна кимдир икки миллион сўмлаб пул тутқазди фолбинга. Совға-салом, «ис» чиқаришга кетадиган харажатлардан ташқари, албатта.

Фарида-фолбиннинг ишлари ёмон эмасди-ю бироқ ҳаммаям унинг «башоратлари»га лаққа тушавермайди-да. Қолаверса, олмоқнинг бермоғи, емоқнинг қусмоғи бор. Келган мижозларнинг битта хушёр чиқиб қолди-ю фолбиннинг найранглари фош бўлди. Натижада кимларни лаққиллатиб пулини олган бўлса, ҳаммасини қайтарди. Камига жиноий жавобгарликка тортилди ҳам. Тўрт йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси ақлни йиғиб, этакни йиғиштиришга етса керак, ахир?!

Зафар Пиримқулов,  
Ховос тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ терговчиси, лейтенант

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг