Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Кенжаевнинг қотиллигида айбланаётганларга нисбатан ҳукм ўқилди

Кенжаевнинг қотиллигида айбланаётганларга нисбатан ҳукм ўқилди

Ўтган йилнинг 8 август куни Тошкент шаҳар Юнусобод тумани, А.Қодирий кўчаси, 1-а-уйда жойлашган «Aurum» тунги клуби кириш эшиги олдида мудҳиш жиноят юз бергани ҳақида ўз вақтида хабар берилган эди. Ўша кунги мудҳиш жиноят натижасида эркин курашчи Жамшид Кенжаев вафот этганидан ҳам кўпчиликнинг хабари бор.

Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида айни шу жиноят юзасидан айбланаётганлар — Шодали Қиличов, Саидазим Камолдинов, Алижон Хамраев ва Жаҳонгир Ёрқуловларга оид жиноят иши кўриб чиқилаётган эди.

Бугун, 2019 йил 13 март куни мазкур жиноят иши бўйича суд жараёни ниҳоясига етди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили А.Обидовнинг «Xabar.uz»га  маълум қилишича, судья Сарвар Каримов раислигида  бўлиб ўтган суд якунига кўра, Ш.Қиличов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «в», «ж» бандларида назарда тутилган жиноятни, С.Камолдинов, А.Хамраев ва Ж.Ёрқуловни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди.

Натижада суд ҳукмига асосан Ш.Қиличовга 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгиланди. С.Камолдинов, А.Хамраев ва Ж.Ёрқуловнинг ҳар бирига 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Манфаатдор томонларга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг