Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Фаолияти тўхтаган ишхона «стикер» олиш учун «ишлаб кетди»!..

Фаолияти тўхтаган ишхона «стикер» олиш учун «ишлаб кетди»!..

Фото: «Xabar.uz»

Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган қатор чекловларга кўникиш ҳамма бирдек кечмаслиги тайин. Айниқса, автотранспортлар ҳаракатларини чеклашга доир тартибларни-ку мамнуният билан қабул қилганлар кам.

Шунданми, махсус рухсатнома (стикер)га эга чиқишнинг турли йўллари ахтаришга тушилди. Кимдир «танка»сини ишга солиш пайида бўлди, яна биров масалани «соққа» билан ҳал қилиш имкониятини чамалади... Чанг қўнса ялагудек бўладиган қимматбаҳо машина соҳиблари эса гўёки «доставка»да ишлашга «шай» эканини билдиришгани-чи?!

Навоийлик М.О. (1984 йилда туғилган) «стикер» масаласида жорий этилган тартиблардан «лазейка» қидираётган танишларига осон имконият тақдим этди. Ўзи раҳбар бўлган «S.K. Navoiy» хусусий корхонасига (ветеринария хизматларига ихтисослаштирилган) бир эмас, олти нафар фуқарони турли лавозимларга шартта ишга олди. Сўнг тегишли буйруқларни илова қилган ҳолда давлат хизматлари маркази (ДХМ)га мурожаат этди. Янги қоидалар кучга кирган пайтда ДХМларда ит эгасини, мушук бекасини танимайдиган вазият вужудга келгандики, шундами махсус рухсатномалар олишда кўп ҳам муаммога дуч келмади.

Муаммонинг каттаси кеча пайдо бўлди. Маълум бўлишича, М.О. расмийлаштирган буйруқлар сохта бўлиб, унинг хусусий корхонаси ўтган йилнинг февралидан буён амалда фаолият кўрсатмаётган экан!..

Ҳужжатлар дарҳол прокуратурага юборилди. Натижада М.О. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш) 2-қисми «а, б» бандлари билан «дело» очилди.

Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, дастлабки тергов ҳаракатлари Навоий шаҳар ИИБ томонидан олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг