Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

2019 йили неча киши транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди?

2019 йили неча киши транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди?

Фото: «Prokuratura.uz»

2019 йилда 982 нафар шахс транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Айни маълумот ўтган йили маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилган ишларга оид ҳисоботда алоҳида қайд этилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидовга кўра, поёнига етган йилда маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 16 256 та иш кўриб чиқилди. Бунинг натижасида 11 142 нафар фуқаро ва юридик шахснинг ҳуқуқлари тикланди.

Шунингдек, маъмурий судлар томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда кўзда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича 495 106 нафар шахсга нисбатан 412 807 та иш ҳам мазмунан кўриб чиқилган. Шундан 293 588 нафар шахсга нисбатан жарима, махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоққа олиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юбориш каби маъмурий жазолар қўлланилди.

Таҳлилларга кўра, кўрилган ишларнинг аксариятини автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш, солиқ солинадиган объектларнинг ҳисобини олиб бормаслик ёки касса операцияларини юритиш тартибини, шунингдек тўлов интизомини бузиш, ҳақорат қилиш, майда безорилик, транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш, енгил тан жароҳати етказиш, транспорт воситаларини ноқонуний бошқариш, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик каби маъмурий ҳуқуқбузарликлар ташкил этган.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 23 201 нафар шахсга нисбатан 22 698 та иш кўриб тамомланган. Шундан 20 437 нафар шахсга нисбатан жарима жазоси қўлланилиб, 982 нафар шахс транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Маъмурий судлар томонидан 243 172 та иш, яъни барча ишларнинг 56,7 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 3 754 та шикоят ва протест кўриб чиқилган. Шундан 704 таси иш материаллари асосида ўрганилиб, қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорларнинг 380 таси бекор қилинган ва 58 таси ўзгартирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг