Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Уч ёшли қизалоқни маст ҳолатда тракторда судраб кетган шахслар қамалди

Уч ёшли қизалоқни маст ҳолатда тракторда судраб кетган шахслар қамалди

Иллюстратив фото.

Бухоро вилояти, Пешкў туманида спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда трактор бошқарган қудалар уч ёшли қизалоқнинг ўлимига сабабчи бўлди. Улардан бири 6 йилга, яна бири 2 йилга қамалди.

Бу ҳақда «Xabar.uz»га Жиноят ишлари бўйича Ромитан тумани суди раиси Алишер Ўралов маълум қилди.

2022 йилнинг 24 апрель куни Пешкў туманининг «Миришкор» МФЙ Мусича қишлоғида яшовчи 1995 йилда туғилган С.Д. уч ёшли қизи Д.ни томорқасига етаклаб чиққан. Она томорқа ерининг намлиги боис, қизини қишлоқни кесиб ўтувчи йўл четида қолдирган. Ўзи эса қизидан, чамаси, икки метрча узоқликдаги томорқасида ишлаётган бўлган. Шу пайт ҳаракатланиш қоидасини бузиб, тезликни оширган ҳолда юриб келаётган тракторга кўзи тушган ва қизини олиш учун унинг ёнига югурган. Бироқ улгурмаган.

«Онанинг кўз олдида боласини тракторнинг темир лангарлари судраб кетган. Қизалоқ оғир жароҳат олган. Ва вафот этган. Аёлнинг яна бир нафар 1,5 ёшли ўғли бор. У уйда бўлган. Суд-тергов жараёнларида шу қишлоқда яшовчи фуқаро Б.С. тонг саҳардан қудаси Қ.А.ни меҳмонга чақирган. Улар эрталабдан спиртли ичимлик истеъмол қилишган.  Маст ҳолатдаги қудалар биргаликда тракторга чиқишган ва уни бошқаришга киришишган»,-дейди суд раиси.

Ўзига тегишли бўлган «Т-28» русумли, давлат рақам белгисиз тракторининг қудаси Б.С. томонидан бошқара олинмаётганини кўрган Қ.А. унинг қўлидан рулни олишга уринган. Бироқ, Б.С. трактор рулини бермаган ва қудасига қаршилик кўрсатган.

«Энг охирги дақиқаларда фожеа содир бўлаётганига, тракторни эса тўхтата олиш имкони мутлақо йўқлигига кўз олдимда гувоҳ бўлдим. Бу даҳшат эди. Ўзимни кечира олмайман. Бир оила олдида ҳам, Аллоҳ олдида ҳам гуноҳкорман. Ўша кунимга, спиртли ичимлик истеъмол қилган кунимга лаънат. Ҳар қандай жазога лойиқман»- бу судда Қ.А.нинг ўкириб айтган сўзлари эди.

Б.С. фожеани кўриб, қўрқиб қолган ва трактор олдида қудасини ташлаб, воқеа жойидан қочиб кетган.

«Тўғри қайнукамнинг уйига бордим. Воқеани айтиб бердим. Бу пайтда қудам Қ.А.ни ички ишлар ходимлари олиб кетишган. Ва у барча айбни бўйнига олган экан. Мен эса ҳалиям шокда эдим», — деган Б.С. суд олдига жавоб берар экан.

Суд ҳужжатларига кўра, Қ.А. ўз айбига иқрор бўлиб, қилмишига яраша жазога лойиқ эканини билдирган. Худди шунингдек, жабрланувчи томон ҳам судланувчиларга нисбатан қамоқ билан боғлиқ жазо тайинлашини қатъий талаб қилишган.

Бироқ. Б.С. ўз айбига иқрорлик билдирмасдан, турли важлар келтирган. Унинг важлари  ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан келтирилган далиллар билан тўлиқ рад қилинган.

«Б.С.нинг важлари жавобгарликдан қутилиш мақсадида келтирилган важлар эди. У содир қилган жиноий ҳаракат «Транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиши одам ўлимига сабаб бўлиши»да ифодаланган Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) нинг 2-қисми билан тўғри квалификация қилинди. Судланувчи Қ.А.га нисбатан эса «Транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул шахснинг маст ҳолатдаги ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бўлган шахсни темир йўл, денгиз, дарё, ҳаво, автомобиль транспорти ёки бошқа транспорт воситасини бошқаришига йўл қўйиши баданга оғир шикаст етказилишига ёхуд одам ўлишига сабаб бўлиш»да ифодаланган Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 261-моддасининг 1-қисми қўлланилди», — деди суд раиси Алишер Ўралов.

Жиноят ишлари бўйича Ромитан тумани суди ҳукмига кўра, Б.С. 3 йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ва унга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Қ.А. эса 2 йил муддатга қамалган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг