Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухорода яна бир автобус ағдарилди. Бу сафар Тожикистонники

Бухорода яна бир автобус ағдарилди. Бу сафар Тожикистонники

Фото: Xabar.uz

Бухоро вилоят ИИБ хабар беришича, 19 август куни Бухорода яна автобус ағдарилиб кетиши ҳодисаси содир бўлган. Қурбонлар йўқ.

Маълумотга кўра, Жондор туманидан ўтувчи А-380 автомобиль йўлининг 368-километрида ҳаракатланиб бораётган, Тожикистон Республикаси фуқароси Алижон Афғоновга тегишли бўлган «Мерс-Спиринтер» русумли микроавтобус ағдарилиб, йўл транспорт ҳодисаси рўй берган.

Ҳодисага микроавтобуснинг орқа ўнг шинаси ёрилиб кетиши сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Автобус салонида 2 ҳайдовчи ҳамда 16 нафар йўловчи бўлган. Улар Тожикистон фуқаролари бўлиб, Россиядан Ўзбекистон орқали қайтаётган эди.

Йўл транспорт ҳодисаси кеча соат 14:55 да содир бўлган. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига хабар етказилгач, соат 15:00да 8 та тез ёрдам машинаси йўлга чиққан. Жондор туманидан ўтувчи А-380 автомобиль йўлида носозлик борлиги сабаб автоҳалокат содир бўлган 60 километр узоқликдаги масофага тез ёрдам машинаси соат 15:30 да етиб борган.

Автобусда бўлган 18 кишининг 8 нафари енгил ва 1 нафари ўта оғир жароҳат олган. Йўл транспорт ҳодисаси натижасида турли даражада жароҳатланган 9 нафар фуқаро Ромитан тумани Газли шаҳарчасидаги тиббиёт бўлимига олиб борилган ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатилгач, барча беморлар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига олиб келинган.

Ўта оғир жароҳат олган Зокиржон Латифзода Гулмахмад 1990 йилда Тожикистонда туғилган. Оғир кома ҳолатда ётган беморга мия шикастланиши, ёпиқ орқа мия жароҳати, Сервикал вертебранинг С2 тананинг ёпиқ трансдентал синиши, юмшоқ тўқималар ва тананинг бош териси, шунингдек, оёқ-қўлларнинг ёрилиши ташхиси қўйилган. Кўрик давомида беморда ўпка сил касаллиги ташхисининг ҳам кўрингани унинг ўта оғир шароитларда меҳнат қилганини ҳам англатади. Айни пайтда бу бемор устида тиббий муолажалар олиб борилмоқда.

Бухоро вилоят соғликни сақлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Нарзиевнинг билдиришича, бир кеча-кундузда беморларга барча тиббий муолажалар кўрсатилган. 20 га яқин тажрибали шифокор ва ҳамширалар хизмати йўлга қўйилган. Янги кийим-бош ҳамда озиқ-овқат билан таъминланган.

— Ўзбекистонликлар юртдан йироқда ҳалокатга учраганимизни сездиришмади. Бугун ўта оғир жароҳатланган бир шеригимиздан ташқари қолган барчамиз Тожикистон сари йўл оляпмиз. Ўзимиз учун алоҳида микроавтобус, юкларимиз учун алоҳида автомашина ажратилиб, Тожикистон чегарасигача йўл-патрул хизмати ҳам йўлга қўйилди. Бир нафар тажрибали шифокор ҳам бизга ҳамрох бўлиб кетяпти. Оиламиз бағрига соғ-саломат етиб боришимизни таъминлаган, чин дилдан дўстона кўмагини аямаган ўзбекистонликларга ва шифокорларга ташаккуримизни билдирамиз ,— деди тожикистонлик йўловчи Қутбиддин Мизробов.

Аниқланишича, йўловчиларнинг барчаси Россия Федерациясига борган мигрантлар бўлиб, Москва шаҳридан йўлга чиққан ва Ўзбекистон Республикаси орқали Тожикистонга ўтмоқчи бўлишган.

Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан ЖКнинг 266-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Эслатиб ўтамиз, икки ҳафта муқаддам Бухорода Қозоғистонга тегишли автобус ҳалокатга учраган эди. Ўшанда ҳалокатга ҳайдовчининг ухлаб қолгани сабаб қилиб кўрсатилган ва 1 нафар йўловчи шахс воқеа жойида вафот этиб, 2 нафар шахс оғир ва 8 нафари турли даражадаги тан жароҳатлари олгани хабар қилинган эди.

Лайло Ҳайитова
Бухоро

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг