Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Зўрники тегирмон юргизади... Фаластин тақдири ёпиқ эшиклар ортида ҳал этилмоқда

Зўрники тегирмон юргизади... Фаластин тақдири ёпиқ эшиклар ортида ҳал этилмоқда

Бенямин Нетаняҳу биринчи галда президент Трампнинг расмий қўлловига умид қилмоқда.

Фото: Reuters

Исроил ҳукумати жорий йил июль ойидан Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилини аннексия қилиш, яъни зўравонлик билан ўз ҳудудига қўшиб олишга киришмоқда. Бу эса халқаро ҳуқуқ меъёрларининг намойишкорона бузилиши деб баҳоланмоқда.

Фаластин қаламравидаги мазкур ҳудуд – Иордан дарёснинг Ғарбий соҳили Исроил томонидан 1967 йилги Олти кунлик уруш давомида босиб олинган. Ўшандан буён ҳудудда яҳудий қасабаларини қуриш давом этмоқда. Айни вақтда ҳудудда 2 миллиондан ошиқ араб,  400 мингдан зиёд яҳудий аҳоли истиқомат қилади. 

Ғарбий соҳил ярим асрдан буён Исроил назоратида, аммо халқаро ҳамжамият мазкур ҳудуд яҳудий давлатига тегишли эканини тан олмаган. БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳам ҳудудда яҳудий манзилгоҳлари қурилишини ноқонуний деб эълон қилган. Аннекция жараёнининг бошланиши Исроил “де-факто”ни “де-юре”га айлантиришга, яъни босиб олиш ҳолатини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга уринаётганини англатади.

Бош вазир Бинямин Нетаняҳу халқаро ҳамжамият эътирозига қарамай, аннекция амалиётини АҚШ қўллаб-қувватлашига умид қилмоқда.  Расмий Вашингтон бу борада якуний қарорини эълон қилганича йўқ. Аммо Б.Нетаняҳу халқаро ҳуқуққа зид ушбу амалиётга киришишдан аввал президент Дональд Трампнинг “оқ фотиҳаси”ни олгани аниқ.

Исроил томони Фаластин ҳудудини расман қўшиб олишга ошиғич киришгани бежиз эмас. Негаки, АҚШда жорий йил 3 ноябрда президентлик сайлови бўлиб ўтади. Овоз бериш жараёнида Исроил манфаатларини фаол қўллаб келаётган Д.Трамп мағлуб бўлса, аннекция жараёни ҳам тўхташи аниқ. Зеро, демократлар номзоди Жо Байден аннекция режасини очиқ танқид қилиб, бу ҳаракат Исроил–Фаластин зиддиятини музокаралар орқали ҳал этиш йўлини ёпажагини билдирган. Умуман, демократик партияга мансуб сенаторлар орасида Исроил режасига қарши бўлганлар кўпчиликни ташкил этади. Бундан аввалроқ 18 нафар сенатор Исроил ҳукумати раҳбарига Ғарбий соҳилни бир томонлама қўшиб олиш режасидан воз кечиш борасида мактуб йўллаган эди. Шу боис ҳам Исроилнинг АҚШдаги элчиси Рон Дермер Вашингтондаги қудратли арбоблар орасидан имкон қадар кўпроқ тарафдор йиғишга зўр бериб ҳаракат қилмоқда.

Жорий йил 28 январь куни  АҚШ президенти Дональд Трамп Фаластин–Исроил зиддиятини бартараф этиш бўйича ўз таклифини эълон қилди. «Аср келишуви» дея муболағали ном билан аталган ташаббусга кўра, Қуддус яхлит ҳолда Исроил пойтахти деб тан олиниши керак. Мазкур битимда фаластинликлардан Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилини Исроил юрисдикциясида деб тан олиш ҳам талаб этилган.  

Ғарбий соҳилнинг аннексия қилиниши Исроил томонидан фаластинликларга уруш очиш билан баробар. Фото: AFP

Трамп маъмурияти илгари сурган ташаббус Фаластин томонидан кескин рад этилди. Араб давлатлари лигаси ҳам “аср келишуви” фақат Исроил манфаатларини ифодалагани боис, уни қабул қилиб бўлмаслигини қатъий маълум қилди.

“Аср келишуви” икки томонлама зиддиятнинг асосий қурбони Фаластин иштирокисиз қабул қилинган. Трампнинг куёви, дипломатия борасида тажрибасиз Жаред Кушнер бошчилигида ишлаб чиқилган тинчлик режасидан Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш бўйича етакчи сиёсий кучлар  – БМТ, Евроиттифоқ ва Россия ҳам хабардор қилинмаган.

Исроилнинг собиқ ташқи ишлар вазири, 1993 йилда ташкил этилган тарихий Осло музокаралари ташкилотчиси Йосси Бейлин ҳам “аср келишуви”ни кескин танқид қилди.

“Бу – тинчлик эмас, уруш режасидир. Мазкур ташаббус муаммони ҳал этмайди, балки янада оғир оқибатларга олиб келади. Мени ҳаммасидан ҳам дунё ҳамжамиятининг муносабати таажжубга солмоқда. Ушбу режани маъқуллаётганлар, аслида, минтақада тинчлик ҳукм суришига қарши бўлганлардир”, –  деди Исроилнинг собиқ юқори мартабали амалдори.

Бенямин Нетаняҳунинг қалтис қарори БМТ, Европа иттифоқи ва бутун араб олами томонидан кескин қораланмоқда.

50 га яқин нуфузли эксперт Ғарбий соҳилнинг Исроил ҳудудига қўшиб олинишини БМТ резолюцияларининг бузилиши деб баҳолаб, халқаро ҳамжамиятни томошабин бўлиб турмасликка даъват қилган.

БМТнинг Яқин Шарқ бўйича махсус элчиси Николай Младенов, Европа иттифоқи ташқи сиёсат бўйича олий вакили Жозеп Боррель, Германия ташқи ишлар вазири Ҳайко Маас ҳам исроиллик ҳамкасбларини етти ўлчаб бир кесишга ундаган.

АҚШнинг минтақадаги асосий иттифоқчиларидан бири – Иордания давлати қироли Абдуллоҳ II Исроил томонидан Ғарбий соҳилнинг аннекция қилиниши минтақада бошбошдоқлик ва экстремизмни авж олдиришидан огоҳлантирган. Вашингтоннинг минтақадаги бошқа иттифоқчилари – Саудия Арабистони, БАА ҳам Давлат департаментига норозилик билдирган.  БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзоларидан бири Россия ҳам аннексияга қарши.

Фаластин раҳбарияти эса Ғарбий соҳилнинг расман қўшиб олиниши Исроил томонидан фаластинликларга уруш очиш билан баробар экани қайд этган.

Хусусан, Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос агар аннексия жараёни бошланса, Исроил ҳамда АҚШ билан шу кунгача имзоланган барча битим ва шартномалар йўққа чиқишидан огоҳлантирган.

Йиллар ўтмоқда, авлодлар алмашмоқда. Фаластинликларнинг мустақил давлат орзуси ҳозирча ушалгани йўқ. Фото: AFP

Таҳлилчиларга кўра, аннексия жараёни ўзи шундоқ ҳам беқарор минтақани яна қайноқ уруш ўчоғига айлантиради. Аммо халқаро ҳамжамиятнинг кескин қаршилигига қарамай, Исроил ҳозирча ўта қалтис режадан воз кечганича йўқ. Хабарларга қараганда, айни пайтда мамлакат ташқи разведкаси – “Моссад” раҳбарияти араб мамлакатларидаги қарши кайфиятни сусайтириш учун ёпиқ эшиклар ортида музокаралар ўтказишга уринмоқда. 

Аммо ташқи сиёсатда Оқ уй чизган чизиқдан чиқмайдиган араб давлатлари, ҳарчанд ҳайратомуз бўлмасин, Фаластин масаласида уммон ортидаги “катта оға” йўриғига юришни истамаётир...

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг