Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ЮНИСЕФ ва ИТБ болаларни ҳимоя қилувчи хайрия жамғармага асос солди

ЮНИСЕФ ва ИТБ болаларни ҳимоя қилувчи хайрия жамғармага асос солди

ЮНИСEФ ва Ислом тараққиёт банки (ИТБ) гуманитар ёрдамга муҳтож миллионлаб болаларга янги имкониятларни тақдим этувчи Умумжаҳон мусулмон хайрия жамғармасига асос солди.

Бу БМТ ва ИТБ биргаликда ташкил этган илк мусулмон хайрия жамғармаси ҳисобланади. Жамғарма мусулмон хайрия фаолиятининг турли шакллари, шу жумладан, закот каби мажбурий садақалар ва вақф фондлари каби ихтиёрий молиявий кўмакларни бирлаштириш имконини беради. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳар йили дунё миқёсида закот учун ажратмалар миқдори 600 миллиард долларгача етади.

Жамғарма Ислом тараққиёт банки томонидан бошқарилади. У хусусий ва жамоат фондлари, закот агентликлари ва жисмоний шахслар берган маблағларни ўзида мужассамлаштиради.

Жамғарма Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо 57 мамлакатга маблағ ажратади. Унинг дастурига таълим, саломатлик, сув ва санитария, болаларни ҳимоя қилиш, ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш соҳасидаги ёрдамлар киради.

«Бугун глобал миқёсдаги инсонпарварлик ёрдамларига эҳтиёжлар кундан-кун ортиб бормоқда, – дейди Ислом тараққиёт банки президенти Бандар Хайжар. – Статистик маълумотларга кўра, жорий йилда қарийб 184 миллион киши, шу жумладан, 89 миллион бола гуманитар ёрдамга муҳтож кишилар сифатида рўйхатга олинган. Унутмаслигимиз керак-ки, бугунги нотинч халқаро сиёсий жараёнларда энг кўп болалар жабр кўрмоқда. Уруш бўлаётган нуқталарда болалар деярли ҳар куни зўравонлик, эксплуатация, касалликларга учраяпти. Шунинг учун бизга Ислом молияси каби шошилинч ва инновацион ечимлар керак ».

«Ҳар бир бола яшаш ва камол топиш ҳуқуқига эга, аммо можаролар ва бошқа фавқулодда вазиятлар болаларнинг бу ҳуқуқларини инкор этмоқда, – дейди ЮНИCEФ ижрочи директори Хенриетта Фор. – Мамлакатлардаги фавқулодда дастурлар ЮНИСEФнинг гуманитар ёрдамга бўлган эҳтиёжининг учдан икки қисмини ташкил қилади, холос. Ислом тараққиёт банки билан янги ҳамкорлик бизнинг ёрдамимизга муҳтож болаларга кўмаклашиш бўйича ҳаракатларимизни тезлаштиради».

Жамғарманинг етакчи сармоядорларидан бири Абдул Азиз ал-Гураир уч йил давомида жамғарма учун 10 миллион доллар хайрия қилишини билдирди. Бу маблағ Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасидаги қочқинлар учун таълим дастурларини қўллаб-қувватлашга сарфланади.

«Болалар учун Умумжаҳон мусулмон хайрия жамғармаси исломий хайрия фаолиятидаги муҳим ва жуда зарур ташаббусдир, глобал миқёсда болалар ва ёшлар учун муҳим аҳамиятга эга, – дейди Абдул Азиз ал-Гураир. – Биз жамғармага киритган сармоямиз орқали қочқинларнинг фарзандлари учун ҳам сифатли таълим имкониятларини таъминлашга ёрдам берамиз».

Манба: azon.uz

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг