Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳиндистонда 9 миллион одам яшайдиган шаҳарда сув тугади. Нималар бўлмоқда?

Ҳиндистонда 9 миллион одам яшайдиган шаҳарда сув тугади. Нималар бўлмоқда?

Фото: «Reuters.com»

Ҳиндистоннинг Ченнаи (собиқ Мадрас) шаҳрида 9 миллион одам истиқомат қилади. Ҳозир бу ерда ўткир сув тақчиллиги кузатилмоқда. Мегаполисдаги ҳаёт деярли тўхтаб қолган: кўплаб бюджет ташкилотлари, кафелар, ресторанлар ва меҳмонхоналар ёпилмоқда.

Шаҳар ҳокимияти сув таъминотини 40 фоизга камайтирган. Бутун шаҳар бўйлаб кондиционерлар ўчирилган, касалхоналар эса беморларни қабул қилишга улгурмаяпти. Кўплаб компаниялар ходимларни уйга жўнатиб юборди.

IT соҳасида фаолият олиб борадиган маҳаллий мутахассислар ассоциацияси раҳбари Винот Калигайнинг BBC нашрига маълум қилишича, компьютер фирмалари ходимлари имкон қадар уйда туриб ишламоқда. Аммо бу ҳолат вазиятни ўнглаш учун етарли эмас.

«Ахир уйда ҳам вақти келиб сув тугайди. Ўшанда биз нима қиламиз?» — дейди Калигай.

Ҳиндистонда аномал жазирама май ойининг ўрталарида бошланган эди. Қурғоқчилик натижасида бир неча ўнлаб одамлар қурбон бўлди. 10 июнда мамлакат пойтахти Нью-Деҳли шаҳрида иссиқ кўрсаткичи сояда 48 даража бўлди. Бу рекорд демакдир. Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбидаги Чуру шаҳрида эса термометр 50 даражага қадар кўтарилди.

Глобал иқлим ўзгариши туфайли йил ўтгани сари ёғингарчилик тобора камроқ ва қисқа муддатли бўлиб бормоқда. Ичимлик суви етишмовчилиги эса шунингдек яна Москва, Пекин, Истанбул, Лондон ва Токиога ҳам хавф солмоқда. Ўтган йили тарихда биринчи марта замонамизнинг йирик шаҳрида сув тугаб қолди — Жанубий Африка Республикасининг Кейптаун шаҳрида муаммолар юзага келган эди.

Ченнаида эса аҳоли сув тўлдирилган цистерналар келишини кутиб бир неча соат қуёш остида қолиб кетишмоқда. Шаҳар ҳокимияти имкон қадар сув ташиб келтиришга уринмоқда. Шаҳарнинг бой қатлами сувни хусусий ташувчилардан сотиб олади. Аммо миллионлаб одамлар яшайдиган ҳаробаларда бунинг имкони йўқ. Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, бутун бошли оила 30-40 литр сув билан кун ўтказмоқда. Маълумот учун, АҚШда битта оила ўртача таҳминан 1 тоннадан кўпроқ сув сарфлайди.

Шаҳарда вазият қалтислашиб бормоқда. Ҳатто сув идишлари кўтариб бораётган одамларга ва сув цистерналари олиб кетаётган юк автомобилларига ҳужум бўлгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Шаҳар ҳокимияти томонидан ер ости сувларидан фойдаланишга бўлган уриниш ҳам иш бермади. Боиси ёғингарчилик кам бўлгани боис ер ости сувлари ҳам деярли қуриб қолган.

Мамлакат ҳукумати мавжуд вазиятни бартараф этиш учун етарли чора-тадбирларни кўрмаяпти. Ҳукумат шунчаки ёмғирни кутишни мақсад қилган. Уларнинг наздида Ченнаини фақат ёмғир қутқариб қолиши мумкин.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг