Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тобут кўтариб рақс тушадиган йигитлар... Ғарбий Африкадаги қизиқарли давлат ҳақида

Тобут кўтариб рақс тушадиган йигитлар... Ғарбий Африкадаги қизиқарли давлат ҳақида

Ўтган йили Африканинг Гана давлати уч йиллик муддатга Россия, Боствана, Буюк Британия, Гвинея-Бисау, Ҳиндистон, Колумбия, Мадагаскар, Ўмон ва Корея Республикалари билан бир қаторда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ижроия кенгашига сайланган эди. Ушбу тузилмага 34 нафар аъзо бўлиб, ҳар йили уларнинг ўнтаси янгиланиб боради.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда Ганада ҳар 10 минг аҳолига 9 та койка тўғри келади. Кўплаб тиббиёт масканлари зарур ресурсларга эга эмас, аксарият ҳудудларда ҳатто шифохоналар йўқ ҳам.

Шу боис ўтган йили апрелда президент Акуфо-Аддо томонидан соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш мақсадида қирғоқ бўйи, марказий ва шимолий ҳудудларда 88 та янги касалхона қуриш режаси эълон қилинган эди. Уларнинг олтитаси минтақавий шифохоналар бўлса, учтаси инфекция марказлари саналади.

Ганада ҳар йили турли тадқиқот ишларига 277 миллион доллар сарфланмоқда. Жумладан, япониялик шифокор Ногути Хидэё шарафига қўйилган Гана юқумли касалликлар бўйича тадқиқотлар маркази коронавирусга самарали ечим топиш бўйича бутун минтақадаги етакчи тадқиқот марказидир. Бу ерда аллақачон 60 минг фуқарога юққан инфекциянинг самарали олдини олиш, касалликни батараф этиш борасида фаол тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Тахминларга кўра, 2020 йилда мамлакат иқтисодиёти 6,8 фоизга ўсиши кутилган эди. Бироқ пандемия бу кўрсаткични 2 фоизга қисқартириб юборди. Аммо таъкидлаш ўринлики, 2020 йилда жаҳонда ялпи ички маҳсулоти энг кўп ўсган 10 та давлатнинг 7 таси Африка ҳиссасига тўғри келмоқда. Бангладеш, Вьетнам ва Хитойдан кейин Эфиопия, Уганда, Кот’д'Ивуар, Миср, Руанда, Кения давлатлари қаторида Гана ҳам бу рўйхатдан жой эгаллаган.

Шу сабабли пандемиядан азият чеккан оилаларга, қашшоқликда яшаётган фуқароларга ёрдам кўрсатиш, ишсизликни қисқартириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида давлат бу йилдан бошлаб 17 миллиард долларга тенг дастурларга киришади.

«Бу дастур ўрта муддатли истиқболда улкан самара бериши керак ва барча тармоқларга ижобий таъсир этишини кутаяпмиз», дейди мамлакат президенти Нана Акуфо-Аддо жаноблари.

Қашшоқлар барибир кўп....

Африкадаги энг барқарор мамлакат мақомини олган Ганада тоғ-кон саноати жадал тараққий этиб бормоқда. У олтин қазиб олиш ва экспорт қилиш бўйича дунёда энг етакчи 10 та давлат қаторида туради. Бу ерда ҳар йили 90 тонна олтин олинмоқда.

Қишлоқ хўжалигида аҳолининг 57 фоизи банд. Какао ҳосилини етиштириб олиш ва четга сотиш ҳажмлари бўйича ҳам жаҳонда иккинчи ўринда бормоқда. Какао ялпи ички маҳсулотининг 10 фоизини таъминлаб беради.

Ўтган йили мамлакат бозорда нархларни ошириш мақсадида Mars, Nestle ва Kraft каби трансмиллий корпорацияларга хом-ашё сотмасдан, босим ўтгазганини кўпчилик унутгани йўқ. Чунки дунё бўйича 4,5 миллион тонна какао ишлаб чиқарилса, 85 фоиз бозор трансмиллий корпорацияларга тегишлидир. Улар хом-ашё нархининг имкон қадар кўпроқ тушишидан манфаатдор. Аммо ҳукумат қурғоқчиликлар кучаётган даврда фермерларнинг қашшоқлашиб қолишини истамади ва музокаралар жараёнига таъсир этишга эришди.

Гана сайёҳлар учун ҳам Ғарбий Африкадаги энг қизиқарли давлатга айланиб бормоқда. Бу ерда туризмни ривожлантириш мақсадида турли мусиқа ва маданий фестиваллар ўтказилмоқда. Ноёб табиат жониворларини асраш мақсадида 16 та қўриқхона ташкил этилган.

Ганадаги ўзига хос дафн маросими ҳам сайёҳларни ўзига жалб этиб келади. Бугун бутун дунё ижтимоий тармоқларида кенг тарқалган тобутни ўйин-кулгу билан сўнгги йўлга кузатиш маросими бу ерга ташриф буюрган барча чет элликларни ўзига жалб этади.

2019 йилда ярим миллион сайёҳ ташриф буюрган бўлса, ўтган йили бу тармоқ жиддий синовларни бошидан кечирди.

Нуфуснинг ярми шаҳарларда истиқомат қилмоқда. Гарчи сўнгги йиллардаги муваффақиятли ислоҳотларга қарамасдан аҳолининг 40 фоизи қашшоқлик чегарасида яшамоқда.

Репродуктив саломатлик муаммолари

Ғарб мамлакатларида жинсий тарбия ва репродуктив саломатлик соҳасидаги таълим жиддий сиёсий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Абортлар ва оилавий қадриятлар мавзулари сайловларда муҳим овозлар тўплаш воситасига айланмоқда. Ганада ҳам оилани режалаштириш муаммолари айниқса хотин-қизларнинг ҳаётий муҳим масаласига айланган.

Бу ерда кўплаб қизлар эрта ҳомиладорлик сабабли мактабни юқори синфларда ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда. Аксарияти эса норасмий муассасаларда абортлар қилдирмоқда. Буларнинг барчаси жинсий тарбиянинг йўқлиги билан боғланмоқда. Ёш аёллар репродуктив саломатлик бўйича ҳатто оддий маълумотларга ҳам эга эмас.

Американинг Гуттмахер институти сўровларига кўра, мамлакатда 43 фоиз қизлар, 27 фоиз ўғил болалар 20 ёшга қадар жинсий алоқага киришмоқда. Энг фожиали томони 15 ёшдан кичик бўлган 12 фоиз қизлар жинсий амалиёт тажрибасига эгадир. Жинсий фаол аҳолининг атиги 30 фоизи ҳимоя воситаларидан, 22 фоизи эса замонавий контрацептив воситалардан фойдаланмоқда, холос. Натижада ОИТС билан хасталанганлар сони йил сайин ортиб бормоқда.

БМТнинг Аҳолишунослик соҳасидаги жамғармаси баҳосига кўра, замонавий контрацепция воситаларидан фойдалананишни кенгайтириш Ганада болалар ва оналарнинг соғлиғини сақлашнинг, оилалар мустаҳкамлигининг бошланғич нуқтаси ҳисобланади.

Мамлакат ёшлари учун Швейцариянинг «Global Changemakers» ташкилоти молиявий кўмагида амалга оширилаётган «My Teen Life» лойиҳасида нафақат ўғил қизлар, балки уларнинг ота ва оналари, ёш оналар ҳамда мураббийлар ҳам иштирок этмоқда. Гананинг ярим аҳолиси яшайдиган қишлоқ жойларида жинсий маърифатни тарғиб этадиган дастур эрта ҳомиладорликнинг зарарли оқибатлари, баркамол ва илмли бўлгач оила қуришнинг фойдаси ҳақида кенг тушунтиришлар беради.

Ўртача уч нафар фарзандни дунёга келтираётган Гана аёллар учун саломатлик албатта ҳаёти давомида муҳим бойлиги ҳисобланади. Қолаверса, ишловчи аёлнинг декрет муддати уч ойдир.

Олиб борилаётган тизимли ишлар натижасида Ганада ОИТСнинг янги чалиниш ҳолатлари 53 фоизга, бу касаллик билан боғлиқ ўлим ҳолатларини 45 фоизга камайтиришга муваффақ бўлинди.

Шу маънода яқинда Сенат раиси Танзила Норбоеванинг жинсий тарбия соатларини киритиш зарурияти ҳақида айтган фикри аслида жинсий маърифат, репродуктив саломатликка қаратилган бўлиб, жаҳоннинг ривожланаётган давлатлари учун ниҳоятда долзарб эканлиги кўриниб турибди.

Ватанга қайтиш йили

2019 йилда Ганада қулликка олиб кетилган миллионлаб африкаликлар хотираси шарафига «Ватанга қайтиш» йили деб эълон қилинган эди. Бу Америкага африкалик қуллар ташиш бошлаганининг 400 йиллиги муносабати билан эълон қилинди. Гана раҳбарияти ҳисобига кўра, Виржинияга илк африкалик қуллар кемаси 1619 йилда етиб келган.

Сислей Уильямс АҚШдан Ганага қайтиб, афроамерикаликларнинг Африкага қайтишга илҳомлантирувчи ҳаракатнинг норасмий элчисига айланди.

«Сен ўзингни қаерда яхши қабул қилишса, ўша жойда эркин ҳис қиласан ва ўзинг каби кўринган инсон орасида ўзингда мавжуд имкониятлардан кўпроғини туясан», дейди Уильямс.

2000 йилда Гана ўз ватанига қайтган Африкалик диаспоранинг яшаш ва ишлаш шартларини енгиллаштирадиган қонун қабул қилган эди. 30 миллионли мамлакат иқтисодиёти 2000-2017 йилларда ўртача 6,8 фоиздан ўсиб борди.

Акуфо-Аддо

Таъкидлаш керакки, 2017 йилда президент этиб сайланган Акуфо-Аддо муваффақиятли ислоҳотлари туфайли ўтган йили қайта сайланди. У жорий йилнинг 7 январидан иккинчи муддатга ўз фаолиятини бошлади. Сиёсатчи туб ислоҳотлар йўлидан бориб, минтақаларга ваколатларини кенгайтирди, давлат мактабларида ўрта таълимни бепул қилди, халқаро молия муассасаларидан кредитлар олмасдан туриб, ялпи ички маҳсулот ўсишини таъминламоқда.

1997-2006 йилларда БМТ бош котиби бўлган Кофи Аннан юртида 50дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тотувлик муҳитини ярата олган. Христиан ва мусулмонлар ўртасида диний бағрикенгликни таъминлай олди.

Манижа Баҳриева, журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг