Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тириклайин кўмиб ташланганми ёки бўғиб ўлдирилган: 214 нафар боланинг ўлими сири очилди

Тириклайин кўмиб ташланганми ёки бўғиб ўлдирилган:  214 нафар боланинг ўлими сири очилди

Фото: «Ria.ru»

Россия федерал хавфсизлик хизмати Иккинчи жаҳон уруши даврида гитлерчилар томонидан ўлдирилган Ейскдаги болалар уйининг 214 нафар тарбияланувчиси ҳақидаги маълумотларни ошкор этди. Бу ҳақда Краснодар ўлкаси бўйича ФХХ бошқармаси материалларига таяниб «РИА Новости» хабар берди.

Манбага кўра болалар уйи 1941 йили Симферополдан Ейскка кўчирилган. У ерда бор-йўғи 300 нафар бола ва тарбиячи бўлган. 1942 йилнинг ёзида Ейск оккупация қилинади. Октябрь бошида босқинчилар болаларни бир нечта машинага жойлаб, олдиндан тайёрлаб қўйилган биродарлар қабристонига олиб боришади.

«РИА Новости»га биродарлар қабристонини текшириш, мурдаларни ковлаб олиш ҳамда ҳалок бўлганларнинг исмлари ёзилган рўйхатдан иборат учта ҳужжат келиб тушади.

1943 йил 15 апрелга тааллуқли биринчи ҳужжатда кўмишдан олдин болаларнинг ўлдирилмагани қайд этилган.

— Уларнинг ҳаммасини олиб чиқишган ва маданиятли халқлар тарихида мисли кўрилмаган қирғинга қўл урилган, яъни уларни тириклайин кўмиб ташлашган, — дейилади ҳужжатда.

Ҳужжатда биродарлар қабристонини очиш жараёни тасвирланган: болалар тартибсиз равишда ётган, кўпчилиги бир-бирини қучоқлаган, айримларининг қўлида ҳасса бўлган. Текширув пайтида жароҳат ёки ўқ излари топилмаган.

1943 йил 3 августдаги ҳужжатга кўра, болалар 10 — 16 ёшлар атрофида бўлган. Уларнинг кўпчилигини беморлар ташкил этган.

— Аксарият мурдаларнинг гавда бичими нотўғри. Икки нафарида умуртқанинг кўкрак қисмида бўртиқ, 11 нафарида қўл-оёқлар деформацияси, битта мурданинг чап оёғида протез бор, — дея маълум қилган экспертлар.

1943 йил 5 августдаги ҳужжатга кўра янги маълумот аниқланди. Болаларни қабристонга олиб борган юк машиналари «дезкамер типида ёпиқ», яъни ойналарсиз бўлган. Машина кузовининг ичи темир ва тунука билан қопланган. Болаларга лиқ тўла юк машиналари 10 — 15 дақиқа йўл босган, уларни жойлаштиришга эса тахминан ярим соат вақт кетган.

Чуқурликдан 200 метр узоқликда бўлган гувоҳлардан бирининг айтишича, болаларнинг бақирганини ёки йиғлаганини эшитмаган. Унинг сўзларига таяниб тергов янги хулоса чиқарган — машинадан тушираётганда болалар аллақачон ўлган бўлган. Терговчилар тахминича, болалар юк машинасида ис газидан заҳарланиб ўлишган.

Рўйхатга кўра ўлганлар орасида рус, украин, арман, грузин, чех, татар ва яҳудий болалари бўлган. Ҳайратланарлиси, иккита боланинг миллати «немис» деб ёзиб қўйилган. Уларни фақат битта жиҳат умумлаштириб турган — ногиронлик.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг