Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Терговга чақирилган собиқ президент жуфтакни ростлади

Терговга чақирилган собиқ президент жуфтакни ростлади

Фото: “Google Images”

Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенко хайр-маъзурни насия қилиб мамлакатни тарк этди. Ҳолбуки, Украина давлат тафтиш бюроси жиноий иш доирасида уни терговга чақирган эди. Собиқ президент Франкфурт шаҳри орқали Испанияга йўл олган. У айни пайтда ушбу давлатдами ёки бошқа мамлакатга равона бўлганми – номаълум.

Хабарларга кўра, тергов иши доирасида Пётр Порошенкога нисбатан қамоққа олиш чораси кўрилиши эҳтимоли катта эди.  Шу боис собиқ давлат раҳбари ошиғич равишда мамлакатни тарк этишга қарор қилган.

Пётр Порошенко президентликдан кетгач, унга нисбатан оз эмас, 14 та жиноий иш қўзғатилган. Жиноий «гулдаста» орасида давлатга хиёнат, суд ҳокимияти фаолиятига тўсқинлик қилиш, пул «ювиш” каби қонунбузарликлар мавжуд.

Тергов идорасига кўра, 2018 йилда  собиқ президент оиласи билан Мальдивга қалбаки паспорт билан саёҳат қилган.

П. Порошенко давлат раҳбари лавозимида фаолият юритаётган пайтда ҳам «Евромайдон»даги норозилик намойишларида (2014 йил) одамларнинг ҳалок бўлиши ҳолати бўйича суҳбатга чақирилган.

Собиқ президентнинг ўзи айбсиз экани боис жиноий таъқибдан қўрқмаслигини айтиб келади. «Бошимни хам қилишга арзийдиган бирор иш қилмаганман» дейди у.

Асли тадбиркор бўлмиш Пётр Порошенко Украинага 2014-2019 йилларда раҳбарлик қилган. Айни пайтда у Украина Олий радаси депутати ҳамда «Европа бирдамлиги» сиёсий партияси раиси саналади.

Украинани Порошенкога қадар бошқарган Виктор Януковичга нисбатан ҳам давлатга хиёнат каби оғир жиноятлар бўйича иш қўзғатилган. Собиқ арбоб мамлакат парламенти қарори билан Украина президенти деган унвондан маҳрум этилган. 

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг