Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тасодифми ёки киберҳужум? Ҳукумат самолёти носозлиги сабаб вазир БМТ мажлисига кечикиб борди

Тасодифми ёки киберҳужум? Ҳукумат самолёти носозлиги сабаб вазир БМТ мажлисига кечикиб борди

Фото: eadaily.com

Германия ташқи ишлар вазири Ҳайко Маас ҳукумат самолёти носозлиги сабаб 12 август куни Нью-Йоркда ўтган БМТ Хавфсизлик кенгаши мажлисига ярим соат кечикиб борди. Ҳукумат учоғининг сафдан чиқиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Олмон вазири бир йилда тўртинчи бор техник носозликлар сабаб ўз режаларини ўзгартиришга мажбур бўлди.

Жорий йил май ойида хизмат самолёти панд бериб, Ҳ.Маас Болгариядаги учрашувга кечикиб борди. Апрель ойида олмон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари учоғи Нью-Йоркка эндигина қўнганда самолёт ғилдирак ишдан чиқди. Февраль ойида шу каби техник носозлик сабаб вазир Африканинг Мали давлатида бир сутка қолиб кетди. 

Самолётнинг ишдан чиқиши олмон вазирлари учун «кўпга келган тўй» бўлиб қолди. Ўтган йил октябрда молия вазири Олаф Шольц Индонезиядан белгиланган вақтда учиб кета олмади. Кейин маълум бўлишича, Конрад Аденауэр номли Airbus A340 самолёти симларини каламушлар кемириб, ишдан чиқарган экан.

Айни шу самолёт 2018 йил июнь ойида мамлакат президенти Франк-Вальтер Штайнмайерга ҳам панд берди. Ҳаво кемаси гидравлика тизимидаги муаммолар сабаб олмон давлат раҳбари Белоруссия сафарини кечиктиришига тўғри келди.

Германия президенти жорий йил январда ҳам ҳукумат «пўлат қушлар»ининг «жароҳати» сабаб Эфиопиядан Берлинга ўз вақтида қайта олмади. Учоқдаги носозлик бартараф этилгунга қадар президент бошчилигидаги делегация меҳмонхонада кутиб ўтирди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Техника инжиқлигидан азият чеккан олмон арбоблари орасида кимсан Ангела Меркель ҳам бор.

Канцлер хоним ўтган йили Аргентинага – G20 саммитига учиб кетаётган пайтда самолётда носозлик аниқланди. Нидерландия устида учаётган ҳаво кемаси ошиғич равишда ортга қайтарилди ва Германияинг Кёльн шаҳрига қўндирилди. Канцлер ҳукуматнинг бошқа самолётлари банд экани боис Аргентинага Испания пойтахти Мадриддан одатий авиарейс орқали учди. Оқибатда, Ангела Меркель саммитнинг биринчи кунида иштирок эта олмади.

Жорий йил май ойида эса канцлернинг аэропортда турган самолётига хизмат машиналаридан бири келиб урилди. Аварияда ҳеч ким жабр кўрмади, аммо олмон етакчиси сафарини ҳарбий учоқда якунлашига тўғри келди.

Умуман, йил бошидан буён Германиянинг ўнга яқин юқори мартабали мансабдори носоз самолёт сабаб аввалдан белгиланган кун тартибига ўзгартириш киритишга мажбур бўлди.

Хўш, ҳукумат учоқлари нега тез-тез сафдан чиқмоқда? Хизмат кўрсатувчи ширкатлар саботаж қилмоқдами? Ё душман кучлар киберҳужум уюштирмоқдами? Германия оммавий ахборот воситаларида ушбу саволлар теграсида баҳслар давом этмоқда.

Ҳукумат самолётларига хизмат кўрсатувчи Lufthansa Technik компанияси саботаж ёки киберхуруж тахминларини рад этиб, барчаси шунчаки техник носозлик эканини таъкидлаган.

Германия мудофаа вазирлигининг ҳукумат аъзолари учун учта янги А350-900 самолёти харид қилиниши ҳақидаги хабари хавотирларни бироз аритгандек бўлди. Қайд этилишича, парламент ҳукуматнинг учоқлар хариди ҳақидаги таклифини маъқуллаган. А350-900 русумли илк самолёти 2020 йил ўрталарида Германия ҳарбий ҳаво кучлари сафига қўшилади. Қолган икки учоқ эса 2022 йилдан тасарруф этила бошлайди. Учта самолёт учун федерал ғазнадан 1,2 миллиард евро ажратилиши кўзда тутилган.

Собир Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг