Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сурияда уруш тугади... (иккинчи мақола)

Сурияда уруш тугади... (иккинчи мақола)

Энди мамлакатни тўла тиклаш учун 400 миллиард доллар маблағ зарур бўлади.

Фото: crimerussia.com

Дунёни 8 йил таҳликада ушлаб турган Суриядаги уруш жуда қимматга тушди. Олти минг йиллик тарихига бу кўҳна замин мислсиз фожиага дучор бўлди.

У бошланган 2011 йилдан буён 470 минг одам қурбон бўлди, 117 минг киши бедарак йўқолди. Талафотлар умумий миқдори 143 миллиард долларга тенг. 27438 бино вайрон қилинди. Энг ёмони, 5 минг мактаб бузилди. 6,2 миллион киши чет элларга чиқиб кетди, 7,6 миллионлик ички қочоқлар оқими пайдо бўлдиИшсизлик 50 фоизга етди. Аҳолининг 82,5 фоизи қашшоқлик чегарасидан ҳам паст даражада турмуш кечирмоқда.


Мақоланинг бошланиши: Сурияда уруш тугади... (биринчи мақола)


«Туз қарталари» Россия қўлида

Россия қуролли кучлари 2015 йилда Башар Асаднинг илтимосига кўра, Сурия ҳудудига кирган эди.

Бу пайтда атиги 18 фоиз ҳудудни Асад ҳукумати кучлари зўрға назорат қилиб турар эди. Ҳозирда 80 фоиздан ортиқ ҳудуд, яъни 2,6 минг аҳоли яшаш пунктлари қайтариб олинган.

Россия ўтган 5 йиллик амалиётлари сарфларини сир сақламоқда. Аммо журналистлар русларнинг 120 нафар ҳарбий хизматчиси қурбон бўлгани, 20 та самолёт ва вертолётлари йўқ қилишгани, Сурия кампанияси 5 миллиард долларга тушгани ҳақида ёзишмоқда.

100 мингга яқин россиялик аскар ва офицерлар Сурияда бўлиб қайтишди, 231 турдаги қурол-аслаҳалар синовдан ўтказилди, 40 мингдан ортиқ жанговар учишлар бажарилди, 86 та кема, 14 та сув ости кемаси, 83 та юк кемаси ҳарбий амалиётларда иштирок этди. Учувчисиз қурилмалар 25 минг маротаба ҳавога кўтарилиб, жангариларнинг 47,5 минг объектларини аниқлади, террорчиларнинг 130 мингга яқин инфратузилмаларига зарбалар берилди. 100 мингга яқин жангарилар ўлдирилди, 160 та танк, 3 мингдан зиёд йирик калибрли пулемётлар, мингга яқин артиллерия тизимлари йўқ қилинди.

Илк бора «Калибр» қанотли ракеталари Каспий денгизидан Эрон ва Ироқ ҳудуди орқали 1500 км масофани босиб ўтиб, мўлжалдаги нишонга урилди.

Сурияга қўшни Эрон, Туркия, Ливан, Иордания, Исроил ва Ироқ давлатлари билан Москва яхши алоқалар ўрнатиб, ўзи билан ҳисоблашишга мажбур қилмоқда. Айниқса, бутун «совуқ уруш» даврида душман бўлиб келган Туркия билан стратегик альянс тузди. Анқара ва Вашингтон муносабатлари зиддиятли тус олди.

Суриядаги нефть ва газ конларини ўзлаштириш учун рус компаниялари лицензияларни қўлга киритди. Суриянинг «қора олтин» захираси 2,5 миллиард баррел, гази эса 270 миллиард куб метр деб баҳоланади. Ва бу унинг ички эҳтиёжларини тўлиқ қондириш учун тўлиқ етади.

Россия Ўрта Ер денгизи шарқида стратегик муҳим бўлган ўзининг ҳарбий базалар тармоқларини ярата олди. Тартус ҳарбий денгиз базасини 49 йилга ижарага олди. Хмеймим авиация базасига асос солди. Ва бу ердаги техникаларни доимий жанговор шай ҳолатда ушлаб турибди.

Бу ердан туриб у Шимолий Африка ва Яқин Шарқдаги араб давлатларида зарурият туғилганда тезкорлик билан ҳарбий амалиётларга киришиши мумкин. НАТОнинг бу минтақага томон кенгайишини тўсиб қўйди.

Фото: chechenews.com

Фаластин эса Иордан дарёсининг Ғарбий қирғоғини Исроил ўзига қўшиб олишини таъкидлаёт шу кунларда Москвадан ўзини ҳимоя қилишни сўраб ёрдам кутмоқда. Бу кетишда агар Исроил русларни қизиқтирган турли масалалар бўйича ён бермайдиган бўлса, Фаластинга қўшин киритмаса ҳам, ҳарбий-молиявий ёрдам бериш эҳтимоли билан босим ўтказиши мумкин.

Ироқ ҳукумати ҳам амалда учта субъектга бўлиниб кетди ва Вашингтоннинг бу ердаги гегемонлиги ички нозоларга нуқта қўя олгани йўқ. Шу сабабли истиқболда Ироқ марказий ҳукумати ўз яхлитлигини тиклаш учун Россиядан ёрдам сўраб мурожаат этиши мумкин. Ироқдаги беқиёс ер ости захиралари ҳар қандай сарф-харажатни қоплаш учун етади.  

Чунки Ироқ тупроғи олтинга тенг. У нефть қазиб олиш ҳажми ва экспорти бўйича дунёда Россия ва Саудиядан кейин учинчи ўринда бормоқда. Бу ерда уруш кетаётганига қарамай кундалик ишлаб чиқариш ҳажмини 4,8 миллион баррелга қадар кўтарилди.

Бағдод нефть-газ саноати лойиҳаларида Россия компанияларининг иштирок этишга анчадан буён таклиф қилиб келади. Автоном мақомидаги Ироқ Курдистони билан рус гигант компаниялари тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Шу боис Ироқ истиқболда ўлкан манфаатли бозор бўлиши мумкин.  

Ҳозир бу ерда Россия қуролли кучлари умумий сони 3,5 минг нафар дейилади. АҚШ Қуролли кучлари Марказий Қўмондонлиги масъулият доирасига кирувчи Сурияда Пентагоннинг расмий маълумотларига кўра, мингга яқин америкалик аскарлар мавжудлиги айтилмоқда. Аммо айрим экспертлар улар сони 2,7 минг атрофида эканлигини баён қилмоқда.

Илдизига етиб бориб бўлмаяпти...

Гарчи Сурия террорчилардан озод қилингани айтилаётганига қарамай, бу ерда уруш олиб борган ва омон қолган бир неча минг жангарилар ҳамон яшириниб юрибди. 2017 йилда ИШИД террорчилик гуруҳи устидан тўлиқ ғалаба қозонилгани ҳақида эълон қилинди.

Аммо ИШИД энди террорчилик ташкилотига айланди ва партизанлик ҳаракатини олиб бормоқда. Айримлари эса 2017 йилда «халифат» қулагач, Жануби-шарқий Осиё, Афғонистон, Ливия, Яман, Мали каби беқарор давлатларга кўчиб ўтишди. 

Бундан ташқари, «Ал Қоида»нинг Суриядаги шохобчаси бўлган «Жабҳат Нусра», «Ал-Фатх ал-Мубин», «Хайят Таҳрир аш-Шом», «Хуррас ад-Дин», «Ансар аль-Таухид», «Катибат таухид вал жиҳад», «Катибат ал-Имом ал-Бухорий», «Жейш Магавир Ат-Таура», «Жейш ал-Фатх», «Туркистон ислом партияси», «Аҳрар аш-Шарқия», Эркин Сурия армияси жангарилари курашни тўхтатмаяпти.

Минглаб жангари асирлар ва уларнинг оилалари эса Сурия шимоли-шарқидаги ва Ироқ ғарбидаги қочоқлар лагерларида сақланмоқда. Бу ҳам хавфсизликка жиддий таъсир кўрсатмай қолмайди.

АҚШ ва Россиянинг бу жангариларни ўз ватанига қайтариш бўйича барча ҳукуматларга қилган мурожаатлари ҳам кўпинча эътиборсиз қолиб кетаяпти. Бу чақириққа Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон лаббай деб жавоб қайтаргани, тарихда илк бора махсус хизматларнинг «Меҳр» операцияси муваффақиятли ўтказилгани эътиборга молик.

Фото: Президент матбуот хизмати

Суриянинг айрим ҳудудларини эгаллаб олган мухолиф кучлар ҳукумат билан бир стол атрофида ўтиришни истамаяпти.

Ғарб эса «Сурия бўйлаб бомба зарбаларини биз эмас, Москва берган, нима учун улар вайрон қилган жойларни биз обод қилишимиз керак», демоқда.

Шу сабабли Ғарб давлатлари мамлакат сиёсий истиқболини ҳукумат, мухолифат ва БМТ вакилларидан иборат Сурия конституциявий комиссияси белгилаши кераклигини айтмоқда.

Президент Башар Асаднинг маълум қилишича, мамлакатни тўла тиклаш учун 400 миллиард доллар маблағ зарур бўлади. Ҳозир Россия ёки Эрон, ана борингки Туркиянинг ўзи бунча улкан ҳаражатни қоплай олиши даргумон.

Бунинг учун Суриянинг Араб давлатлари лигасига узил-кесил қайтиши ҳам муҳим. Чунки форс кўрфази араб мамлакатлари катта молиявий ресурсларга эга бўлиб, улар ўз оға-инилари бўлган араблар учун сидқидилдан ёрдам кўрсатмаса, яна ким бу ишни қилиши мумкин ахир. 

Албатта, мамлакат иқтисодий ривожланиши учун халқаро санкциялар бекор қилиниши шарт.

Сурия жамоат ишлари ва уй-жой қурилиши вазири Сухайл Абдулатифнинг айтишича, «Сурияга террорчиларнинг вайронкорлигидан кўра, халқаро санкциялар кўпроқ салбий таъсир кўрсатмоқда. Қурилиш материаллари тақчиллиги кузатилмоқда, санкциялар ҳукуматни эмас, аҳолини жазоламоқда. Уруш бошидан буён мамлакатни қайта тиклаш бўйича қўмита шакллантирганмиз. У террорчилик операцияларидан жабр чеккан хусусий ва давлат секторига товон пули тўлаб беради. Ўз хусусий уй-жойларига қайтганларга уларнинг кўчмас мулкига етказилган зарарнинг 30 фоизи миқдорида товон пули тўлаб берамиз. Давлат секторида эса бу миқдор 100 фоизга тенг», дейди тикланиш ишлари ҳақида сўзлар экан вазир.

Ҳозиргача шу йўл билан 2,6 минг турар-жой бинолари, 220 та мактаб, 165 та боғча, 225 та тиббиёт муассасаси, 200 та нон цехи, 200 та электр кичик станциялари, 90дан ортиқ маданият муассасалари қайта тикланди ва таъмирдан чиқарилмоқда.

Ўтган бир йилда мамлакатга 400 мингдан ортиқ қочоқлар қайтди. Уларни она ватанига қайтариш учун барча донор давлатлар бош қўшиши зарур. Ҳозир Германиянинг бу борадаги етакчилиги диққатга сазовор. Расмий Берлин 2022 йилга қадар ажратилаётган Сурия қочоқларига гуманитар ёрдам миқдорини 1,44 миллиард еврога кўтарди.

Яқинда Сурия муаммосини ҳал қилиш бўйича ягона самарали халқаро механизм – Астана жараёнларида иштирок этаётган кафил давлатлар – Россия, Туркия ва Эрон давлат раҳбарларининг 5-учрашувлари ўтказилди. Унда конституциявий қўмитани шакллантириш ва ишини тезликда Женевада бошлаш зарурлиги бўйича Путин фикр билдирди. «Учлик» АҚШнинг барча кучларини Суриядан олиб чиқиб кетишини талаб қилмоқда.

А.Ҳасан ўғли, халқаро шарҳловчи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг