Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Снарядлар ёнимизда портларди. Арисдан эвакуация қилинганлар Чимкент кўчаларини тўлдирди

Снарядлар ёнимизда портларди. Арисдан эвакуация қилинганлар Чимкент кўчаларини тўлдирди

Қозоғистоннинг Арис шаҳарчасидаги ҳарбий қисмда жойлашган ўқ-дори омборхонасида портлаш бўлгани ҳақида маълумот берилган эди.

Tengrinews.kz томонидан хабар қилинишича, айни вақтда Чимкент кўчаларида ҳаракатланиш жуда қийинлашган. Арисдан эвакуация қилинганлар жазирама иссиқда уй-жойларини ташлаб келишмоқда. Чимкент аҳолиси шаҳарлараро йўлга чиқиб, қочқинларга сув етказиб бериб турибди.

Машиналар эвакуация қилинган аҳоли билан лиқ тўла. Арис халқи портлаш ҳудудидан чиқишда бир-бирига ёрдам кўрсатгани айтилмоқда. Шу боис машиналарда бирорта бўш жой йўқ.

Эвакуация учун ҳатто юк машиналари жалб этилган, йўлда пиёда қочиб келаётганлар олиб кетилмоқда. Полиция йўлдаги тиқилинчни назорат қилишга улгурмаяпти. Машиналар тиқини ўнлаб километрга чўзилган.

«Аввалига нима бўлаётганини тушуна олмадик, бирорта ҳам самолёт ёки вертолёт кўринмади. Болалар биз билан. Нималар бўляпти ўзи? Қани раҳбарият, қани фавқулодда вазиятлар вазирлиги, биз шунчаки тўғри келган машинага ўтириб келмоқдамиз. Мен касалхонанинг дорихонасида ишлайман. Портлаш бўлганда болаларим, невараларим ёнига югуриб бордим. Ҳозир ҳаммамиз бирга кетяпмиз. У ерда, даштда яна қанча одам қолганини биласизми? Ён-атрофда эса снарядлар портлаяпти», — дейди эвакуация қилинган аёллардан бири.

«Ҳамма нарса портлаяпти, осколкалар тўғри келган томонга учмоқда. Биз 20 километр нарига қочиб кетдик. Осколкалар ундан нарига ҳам учяпти», — дейди Арисдан келаётган Дмитрий исмли йигит.

Шунингдек Арисда мобил алоқа сифати ҳам ёмонлашиб кетган. Жабрланганлар орасида ичимлик суви ҳам муаммога айланган.

Чимкентга етиб келган қочқинлар энг аввало сув сўрамоқда. Маҳаллий аҳоли имкон қадар уларга ёрдам беришга уринмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг