Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сиёсий плюрализм талаби – Қозоғистон элчиси парламент сайловининг аҳамиятини шарҳлади

Сиёсий плюрализм талаби – Қозоғистон элчиси парламент сайловининг аҳамиятини шарҳлади

Эртага, 19 март куни Қозоғистонда парламентнинг қуйи палатаси (Мажлис) ҳамда маҳаллий кенгашларга (маслаҳат) сайлов бўлиб ўтади. Бу галги сайлов Қозоғистон давлатчилиги учун бир қатор жиҳатларга кўра долзарб аҳамият касб этади. Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов «Xabar.uz» мухбири билан суҳбатда сайлов жараёнидаги янгиликларни шарҳлади.

«Овоз беришда яқинда ташкил этилган икки янги сиёсий партия ҳам иштирок этади. Гап шундаки, 2022 йил охирида Қозоғистонда экологик муаммоларга асосий эътибор қаратиши кўзда тутилган Яшиллар партияси тузилди. 2023 йил бошида эса қозоғистонлик тадбиркорлар ташкил этган «Respublica»  партияси рўйхатга олинди. Умуман, бугун мамлакатда электоратга сайлов ҳуқуқини тўлақонли рўёбга чиқариш имконини таклиф этаётган етти партия рўйхатга олинган», – дейди элчи Бейбут Атамқулов.

Аввал хабар берганимиздек, парламент қуйи палатаси учун сайловда етти партиядан 281 нафар номзод қўйилган, 525 нафар номзод эса бирор партияга мансуб бўлмаган мустақил талабгорлардир.

Жумладан, Қозоғистон халқ партияси 52 нафар,  «Акжол» партияси 54 нафар, Умуммиллий социал-демократик партия 19 нафар, «Baytaq» яшиллар партияси 18 нафар, «Amanat» партияси 90 нафар, «Respublica» партияси 23 нафар, «Ауил» партияси 25 нафар номзод илгари сурган. Уларнинг ўртача ёши 45 ни ташкил этади. Депутатликка 19 нафар талабгор 29 ёшгача бўлган сиёсатчилардир. Номзодлар 12 миллатни тамсил этмоқда.

Дипломатга кўра, партияларнинг сайловдаги рақобати кўппартиявий тизимни мустаҳкамлаб, сиёсий плюрализм ва мухолиф сиёсат салоҳиятини оширади.

«Диққатга молик жиҳати, партияларнинг Мажлисга ўтиш мезони 7 фоиздан 5 фоизга туширилди. Бу эса янги партияларнинг парламентга ўтишини осонлаштиради ва ҳукуматнинг ҳисобдорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади», – дейди суҳбатдошимиз.

Таъкидланишича, 2004 йилдан буён Мажлис сайловида пропорционал ва мажоритар моделдан уйғун  ҳолда фойдаланилмоқда. Яъни 70 фоиз депутатлар пропорционал тарзда партия рўйхати бўйича, 30 фоизи мажоритар тамойил асосида бир мандатли округдан сайланмоқда. Бу эса парламент қуйи палатаси 98 аъзосидан 29 нафари бир мандатли округ бўйича, қолган 69 нафари партия рўйхати бўйича сайланишини англатади. Вилоят ва республика аҳамиятига молик шаҳар кенгашлари сайлови аралаш ҳолда, 50/50 нисбатда ташкил этилади. Қуйи даражадаги депутатлар эса тўлиқ мажоритар моделда сараланади.

«Эндиликда сайлов бюллетенига «ҳаммага қаршиман» банди ҳам киритилган, демак, сайловчилар ўз хоҳиш-иродасига кўра ҳеч бир номзодни маъқулламаслик ҳуқуқига эга. Боз устига, парламент аъзолари мандати тақсимотида қонунчиликка мувофиқ партиялар рўйхатида аёллар, ёшлар ва алоҳида эҳтиёжли шахслар учун 30 фоизлик квота белгиланганки, бу чора-тадбир парламентда барча аҳоли гуруҳларининг кенг кўламли иштирокини кафолатлайди», – дея мулоҳазаларини давом эттирди дипломат.

Сайловнинг шаффоф, ҳаққоний ва адолатли ўтишида кузатувчилар муҳим роль ўйнайди. Элчига кўра, 2022 йил ноябрь ойидаги президентлик сайловида бўлгани каби эртанги тадбир учун ҳам 10 та халқаро ташкилот ва қатор хорижий давлатлардан кузатувчилар таклиф этилган. Шунингдек, овоз бериш жараёнини ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда МДҲ кузатувчилар миссияси баҳолаши кутилмоқда.

«Сайлов мамлакатимизни бир лаҳзада ўзгартириб қўймаслиги табиий, аммо у адолатли Қозоғистон – ёрқин, ҳаракатчан ва рақобатбардош сиёсий тизимга эга порлоқ жамият барпо этишга улкан ҳисса бўлиб қўшилади. Бундай мамлакат халқаро ҳамжамият, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам янада кучли ва садоқатли ҳамкорга айланади. Дунё геосиёсий ва геоиқтисодий таҳдидларни енгиб ўтишга уринаётган бир паллада барқарор ва фаровон Қозоғистон нафақат ўз фуқаролари, балки минтақадан ташқаридагилар манфаатларига ҳам хизмат қилади», – дейди Б.Атамқулов.

Хабарингиз бор, жорий йил 30 апрель куни юртимизда «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказилади. Қозоғистон элчиси мамлакатимизда кечаётган ушбу муҳим сиёсий жараёнга ҳам муносабат билдирди.

«Айни пайтда Ўзбекистонда изчил конституциявий ўзгаришлар кечмоқда. Бу ўзгаришлар инсон ҳуқуқларини янада кучайтириш, ижтимоий кафолатларни мустаҳкамлаш, ҳокимият бўғинлари ваколатларини чегаралашни кўзда тутади. Мамлакатингиз Асосий қонунига киритилиши таклиф этилаётган ўзгаришлар жамият томонидан қўллаб-қувватланиши ва апрель ойи охирида ўтадиган умумхалқ референдуми бу хоҳиш-ироданинг тасдиғи бўлишига ишонаман», –  дея хулоса ясади Қозоғистон элчиси Бейбут Атамқулов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг