Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шайхга нега олий жазо сўралмоқда?

Шайхга нега олий жазо сўралмоқда?

Фото: «Azon.uz»

Шайх Салмон Авда саудиялик машҳур олим, подшоҳлик аслзодалар қолипларига тўғри келмайдиган фаолияти билан тилга тушган уламо.

Шайх Салмон Авда «Араб баҳори» бошланганидан бери илк марта 2016 йилда хорижга чиқди. Унга Саудия Арабистонини тарк этиш тақиқланганди, бироқ ҳокимиятга янги келган қирол Салмон бу тақиқни олиб ташлаган эди. Авда кўп ўтмай – 2017 йилнинг январида яна ватанига қайтди. Бу сафар ўз ихтиёри билан эмас, балки аёли ва ўғли фожеали ўлими сабаб юртига келганди: улар автоҳалокатга учраган эди.

Шундай қилиб, қиролликдаги уйғониш ҳаракатининг рамзларидан бири ва жуда катта обрўга эга шайх Салмон ватанига қайтди. Уни Саудия халқи, қироллик оиласи аъзолари, ҳукумат раҳбарлари, ҳатто қирол Салмон ҳам ҳамдардлик билан қарши олади. . Лекин бу зоҳирий кўриниш эди, холос.

Тез орада барчаси буткул ўзгарди. 

Шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон тахт ворислигига тайинланиб, ҳукумат тизгинини қўлга олгач, шайхга яна мамлакатни тарк этиш тақиқланди. Кетма-кет тақиқлар ортидан у ҳибс этилиши эҳтимоли ошди. Бош прокуратура унга террор билан боғлиқ айбловлар қўйиб, жазолашни талаб қилишга тушди.

Хўш, Салмон Авдани нега қамоққа тиқишди?

Шайх 2017 йилнинг 8 сентябрда, яъни «Қатар қамали» давом этаётган бир пайтда 14 миллиондан ортиқ обуначига эга бўлган Твиттердаги шахсий саҳифасида қуйидаги дуони эълон қилди: “ Сен(инг Раҳматинг) ила Сен(инг уқубатинг)дан паноҳ тилайман. Сенга Сен Ўзингга сано айтганингдек сано айта олмайман. Аллоҳим, уларнинг қалбларини халқлари учун яхши бўлган нарсага мувофиқ қил”. Бунда «Қатар қамали» ортидан Саудия Арабистони ва Қатар ўртасида юзага келган келишмовчиликларни ўзаро тушуниш орқали ҳал қилишга уриниш кераклигига ишора бор эди.

Саудия ҳукумати бу ортидан шайхдан Хавфсизлик маркази биносига боришини талаб қилган. Шайхнинг ўғли Абдуллоҳга кўра, ўшанда унинг кўзини боғлаб, қўлига кишан уриб олиб кетишган.
Ўша кундан бери шайх бир кишилик тор ҳибсхонада сақланяпти.

Шайх Салмон Авдага нисбатан Саудия Арабистони Жиноят кодексининг 37 та бир-биридан «ажойиб» айблов эълон қилди. Бу айбловлар кузатувчилар ва ҳуқуқ фаолларининг кенг муҳокамасига сабаб бўлди. «Ажабтовур» айбловларнинг энг кўзга кўринганлари орасида подшоҳни етарлича дуо қилмаслик, шайх Юсуф Қарзовий китобларини уйида сақлаш, Қарзовий бошчилик қиладиган Бутун дунё уламолари иттифоқи вa Европа фатво кенгаши ташкилотларига аъзо бўлиш, бир нечта исломий ташкилотлар, хусусан, Қувайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни туҳматлардан ҳимоялаш мақсадида «Нусрат» ташкилотини тузиш кабилар бор. Ушбу «айблов»лар туфайли Бош прокуратура шайх Салмон Авдани ўлим жазоси муносиб деб ҳисоблайди.

Шайхга қўйилган айбловлар ҳуқуқшунослар ва адвокатларнинг эътиборини тортди, улар айбловларни сафсата деб баҳолашди. Ижтимоий тармоқларда «Салмон Авда террорчи эмас» хэштеги остида кампания бошланди.

Манба: azon.uz

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг