Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Россия разведкаси: АҚШ яна бир давлатда инқилоб уюштиришга ҳозирлик кўрмоқда

Россия разведкаси: АҚШ яна бир давлатда инқилоб уюштиришга ҳозирлик кўрмоқда

Россия ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин.

Фото: ТАСС

Россия ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин АҚШ Молдовада ҳам инқилоб уюштиришга ҳозирлик кўраётганини маълум қилди.

С.Наришкиннинг таъкидлашича, Вашингтон Москва билан дўст мамлакатларнинг ички ишларига аралашишда давом этмоқда. Бунга мисол сифатида Беларусь ҳамда Қирғизистондаги оммавий намойишлар келтирилган.

Россия ташқи разведка хизмати иддаосига кўра, АҚШ Давлат департаменти Молдованинг амалдаги раҳбари Игорь Додон 1 ноябрь куни ўтадиган сайловда қайта сайлангудек бўлса, мухолифатни оммавий норозилик намойишлари ўтказишга даъват этмоқда. Мамлакат кучишлатар тизимларига эса норозилик акцияларига қаршилик қилмаслик уқтирилмоқда.  

С.Наришкинга кўра, Молдовага АҚШдан «рангли инқилоблар» бўйича мутахассислар келиши кутилмоқда. «Улар (Қўшма Штатлар назарда тутилмоқда – таҳр.) МДҲ мамлакатлари, шу жумладан, Россия билан конструктив алоқаларни қўллаб-қувватлаётган амалдаги давлат раҳбари И.Додонни хушламайди», – деб баёнот берган С.Наришкин.

Аммо Молдова президенти Игорь Додон Россия ташқи разведка хизмати раҳбарининг шов-шувли иддаосини деярли рад этди. И.Додонга кўра, сайлов арафасида турган Қўшма Штатлар раҳбариятининг ҳозирги шароитда Молдовада инқилоб қилишга вақти ҳам, имкони ҳам йўқ.

И.Додон Молдова ва Беларусдаги вазият турлича эканига ҳам эътибор қаратган. Қайд этилишича, Молдовада, Беларусдан фарқли ўлароқ, барча мухолиф номзодларга сайловда қатнашиш имкони берилди.  

«Қолаверса, биздаги сайловда кўп сонли хорижий ва маҳаллий кузатувчилар қатнашади ва, менимча, вазиятни беқарорлаштириш учун сабаб ҳам туғилмайди. Боз устига, бизда Беларусдаги каби норозилик салоҳияти ҳам йўқ», – деган Молдованинг амалдаги раҳбари.

Жорий йил 1 ноябрь куни Молдовада навбатдаги президентлик сайлови бўлиб ўтади. Давлат раҳбари лавозими учун 8 номзод, жумладан, мамлакатни 2016 йил 23 декабрдан бери бошқариб келаётган Игорь Додон курашади. 45 ёшли И.Додон россияпараст арбоб ўлароқ баҳоланади. Аммо сиёсатчи ўзини россияпараст эмас, балки советпараст эканини таъкидлаган.

Молдова республикаси бошқа шўро ўлкалари каби 1991 йилда СССРдан мустақил бўлган. Кузатувчиларга кўра, Москва 3,5 миллион нуфусли республикани ўз таъсир доирасида сақлашга уриниб келади.  

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг