Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Польша расмийлари Россия элчихонасига қарашли бинога бостириб киришди

Польша расмийлари Россия элчихонасига қарашли бинога бостириб киришди

29 апрель, шанба куни эрталаб Россиянинг Полшадаги элчихонаси қошидаги мактаб ҳудудига Польша расмийлари, жумладан полициячилар бостириб киришди. Бунга рус дипломатларининг польшалик расмийлар талабига биноан бинони тарк этмаганлари сабаб бўлган.

Гап шундаки, рус дипломатларининг фарзандлари учун ўрта мактаб сифатида фойдаланилган мазкур бино Варшава мериясига тегишли бўлган ва AFP’нинг Польша ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Лукаш Ясинага таяниб маълум қилишича, расмийлар суд ижрочиси буйруғи асосида иш олиб боришган. 

Аммо Россия ташқи ишлар вазирлиги бу ҳаракатни Дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенциясини бузувчи «душманлик» ва Россиянинг Польшадаги дипломатик мулкига тажовуз сифатида баҳолади.

«Варшаванинг ривожланган давлатлараро муносабатлар доирасидан чиқиб кетадиган бундай беадаб қадами Польша расмийлари ва Польшанинг Россиядаги манфаатлари учун кескин реакциясиз ва оқибатларсиз қолмайди», – дея қўшимча қилинади Россия ТИВ баёнотида.

«РИА Новости»нинг ёзишича, ўтган йилнинг 1 мартида Польша ҳукумати Варшавадаги мазкур бинони мусодара қилиш жараёни бошланганини эълон қилган. Ўшанда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги давлат органларига тақдимнома билан мурожаат қилиб, унда «дипломатик ва консуллик мақсадларида фойдаланилмайдиган ҳамда Россияга ноқонуний тегишли бўлган иккита кўчмас мулк объекти юзасидан ижро ишини қўзғатиш» таклифини билдирган. 

Польша ташқи ишлар вазирлиги ходими Жасинанинг Reuters’га берган интервьюсига кўра эса бу мулк Польша давлатига тегишли ва Россия томонидан ноқонуний равишда тортиб олинган.

Айни пайтда бинода ишлайдиган ва яшайдиган жами 29 нафар россиялик объектни тарк этган. Улар Варшавадаги Россия дипломатик миссиясининг бошқа объектига кўчиб ўтишган. Дипломатларга бинодаги мулкларини олиб чиқиб кетиш учун етти кун муҳлат берилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг