Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонлик 20 ёшли боксчи Россияда ҳалокатга учраган автобусдан йўловчиларни қутқарди

Ўзбекистонлик 20 ёшли боксчи Россияда ҳалокатга учраган автобусдан йўловчиларни қутқарди

Фото: Perm.kp.ru

Россиянинг Перм шаҳрида автобус ҳалокатга учради. Жамоат транспорти деворга бориб урилган ва натижада бир киши вафот этиб, 32 киши турли даражада тан жароҳатига учраган.

Ҳалокат жойига биринчи бўлиб ўзбекистонлик боксчи Данил Юлдошев етиб келди. У ўзининг «Нексия» русумли автомобилида машғулотга кетаётган эди. Ҳалокат унинг кўз ўнгида рўй берди. Ёш боксчи ўзини йўқотиб қўймади ва дарҳол жабрланганларга ёрдам беришга отланди.

Ундан олдинроқда 4 та машина кетаётган эди, аммо улардан фақат биттаси ёрдам бериш учун тўхтади. Автобус эшиги қийшайиб кетгани учун очилмаётган эди, шу боис Данил орқа эшикни бузишига тўғри келди.

— Автобусдан йиғи ва қичқириқлар эшитилиб турганди. Автобус эшиги очилмай қолганини кўриб, орқа эшикни бузишга тушдим.

Жуда кўпчилик яраланган эди, салондаги ўриндиқлар жойидан кўчиб кетган ва деярли барча йўловчиларнинг юзи шиша синиғидан кесилиб кетганди. Кимнингдир оёғига юлиниб кетган тутқич кириб кетганди. Бироз қўрқдим, аммо ўзимни қўлга олиб, одамларга ёрдам бера бошладим. У ерда болалар ҳам бор эди, улар қўрқув ва оғриқдан йиғлашарди. Уларга роса ачиндим, — дейди Данил Юлдошев.

Данил машинасидан дори қутини олиб, жабрланганларга ёрдам бера бошлади. Тез ёрдам машинаси келгандан сўнг ҳам ёрдамни тўхтатмади — синган жойларга шина қўйди, яраларни боғлади. Кейин эса йўловчи машиналарни тўхтатиб, жароҳат олганларни касалхонага юбора бошлади.

Бу вақтга келиб шаҳар марказида машиналар тиқилинч ҳолатда эди. Тез ёрдам машинаси у ердан ўтиши амримаҳол бўлиб қолгани учун йўловчи машиналар ёрдами жуда зарур эди. Улар жароҳат олганларни Гайвага етказиб бориши мумкин бўларди.

Данилнинг айтишича, ҳамма ҳам тўхтамаган. Аммо тўхтаган ҳайдовчилар ёрдам беришга иккиланмай рози бўлган. Данил фожеа рўй берган жойда охирига қадар қолди ва шифокорларга ёрдам кўрсатди. Айни вақтда Данил Юлдошев автоҳалокат бўйича кўрсатма бермоқда. Уни давлат мукофотига тақдим этишлари хабар қилинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг