Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нигерия президенти Муҳаммаду Бухорий ташаббус илгари сурди

Нигерия президенти Муҳаммаду Бухорий ташаббус илгари сурди

Нигерия президенти Муҳаммаду Бухорий.

«Ғарбий Африка мамлакатлари иқтисодий иттифоқи (ЭКОВАС) ҳозирги реалликка мослашиши учун ўз бошқарувини соддалаштириши лозим», дея баёнот берди Нигерия президенти Муҳаммаду Бухорий.

У мазкур минтақавий ташкилотнинг натижадорлигини ошириш учун раҳбарлар сонини қисқартириш ташаббусини илгари сурди.

Бухорий жаноблари ЭКОВАС умумий ҳисоб-рақамига бутун минтақада терроризмга қарши курашиш мақсадида 20 миллион доллар маблағ ажратди. Бундан ташқари, аъзо давлатларга коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича вакцинани яратишга ёрдам кўрсатиш учун ЭКОВАС комиссиясини Ғарбий Африка Соғлиқни сақлаш ташкилоти билан яқиндан ҳамкорлик қилишга чақирди.

Эслатиб ўтиш жоизки, Ғарбий Африка мамлакатлари иқтисодий ҳамжамияти (ЭКОВАС) 1975 йилда минтақа мамлакатлари иқтисодий интеграциясини амалга ошириш учун ташкил этилган. Унга 15 давлат – Бенин, Буркина-Фасо, Гамбия, Гана, Гвинея, Гвинея-Бисау, Кот-д’Ивуар, Кабо-Верде, Либерия, Мали, Нигер, Нигерия, Сенегал, Сьерра-Леоне ва Того киради.

Ҳамжамият тараққиёт ва интеграцияга тўсиқ бўладиган ички можароларнинг олдини олиш учун қўллаш кўзда тутилган коллектив қуролли кучларга эга.

Ўтган даврда ЭКОВАС доирасида икки мамлакатлар гуруҳи вужудга келди. Бу аввало Ғарбий Африка иқтисодий ва валюта иттифоқидир. Унга еттита француз тилли мамлакат (Бенин, Буркина-Фасо, Кот-Д’Ивуар, Мали, Нигер, Сенегал, Того) ва португал тилли Гвинея-Бисау киради.

Иттифоқ доирасида умумий валюта – КФА (Африка молия ҳамжамияти) франки амал қилиб, Ғарбий Африка давлатлари марказий банки томонидан назорат қилинади. Бу мамлакатларга Франциянинг сиёсий ва иқтисодий таъсири ниҳоятда кучли.

Ғарбий Африка валюта ҳудуди деб аталадиган иккинчи гуруҳга эса олтита давлат – инглиззабон Гамбия, Гана, Либерия, Сьерра-Леоне ва Нигерия, француз тилли Гвинея киради Бу тузилма 2000 йилда КФА франкига рақобат қилиш мақсадида тузилган эди. Мазкур давлатлар келгусида Ғарбий Африка ягона минтақавий валютаси – экони яратиш ниятида.

Бу гуруҳга Нигерия етакчи саналади. Улар бу маконда собиқ мустамлакачи Франциянинг ҳар қандай таъсири кучайишидан хавфсираб келишади.

Гарчи экони яратиш учун минтақа мамлакатлари иқтисодиётларини яқинлаштириш мезонларини ишлаб чиқилган бўлса-да, фақатгина 2019 йил охирида Того барча мезонларни (иқтисодий ўсиш, инфляция, бюджет дефицити, давлат қарзи) техник жиҳатдан маъқуллади. Аммо 5-6 мамлакат айрим бандларни қаноатлантирган холос. Асосий эътибор транспорт ва энергетика инфратузилмасини яратишга қаратилмоқда.

Бироқ интеграция жараёнлари кўплаб муаммоларга тўқнаш келмоқда. Беқарор сиёсий вазият, қуролли можаролар, Нигериянинг минтақадаги бошқа мамлакатлар билан заиф транспорт алоқалари бунга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Пандемия қаттиқ таъсир қилаяпти

Декабрь ойида Нигерияда касалликнинг янги тўлқини бутун мамлакат бўйлаб ёйилди. Шу сабабли вакцинанинг йирик партиясини олиш учун Россия ва Ҳиндистон билан музокаралар олиб борилмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Вакциналар ва эмлаш бўйича глобал альянси (GAVI) билан ҳамкорликда тузилган COVAX халқаро механизми доирасида бу ерга февраль ойида 100 минг вакцина дозаси келтирилиши режалаштирилган.

Африкада аҳолиси энг кўп бўлган (206 миллион нафар) давлат – Нигерия яқин икки йил ичида аҳолининг 70 фоизини эмлай олишига ишонади.

Жорий йилда пандемия оқибатларини енгиллаштириш учун иқтисодиёт тармоқларига салкам 34 миллиард доллар миқдоридаги маблағ йўналтирилиши кутилмоқда. Ялпи ички маҳсулот эса 3 фоизга ўсиши тахмин қилинмоқда.

Бироқ молия, бюджет ва миллий режалаштириш вазири Зайнаб Аҳмад хонимнинг айтишича, агар иқтисодиёт етарлича даражада рағбатлантирилмаса, кескин ҳаракатлар қилинмаса жорий йилда рецессия ҳолати юз беради. ЯИМнинг камайиши эса 3,4 фоизга етиши мумкин.

Бюджетни шакллантиришда нефть нархлари ҳар баррелига 57 доллардан ҳисобланган. Ваҳоланки, жаҳон бозорида ҳозир нархлар бундан паст ва агар вазият ўнгланмаса, йил охирига қадар 15 миллиард доллар йўқотилиши тахмин қилинмоқда. Бюджет тушумларининг асосий қисми эса «қора олтин» экспортидан олинади.

Мамлакатда ўртача ёш 18 ёш бўлиб, 55,7 фоиз аҳоли ишсиз. Давлатнинг умумий қарзи эса 100 миллиард долларга яқинлашиб қолди. Ёшлар ижтимоий ҳаёт ўзгаришини кутмоқда ва фаол талаб қилишмоқда. Бу гўёки порох бочкасига ўхшайди.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бу бало иқтисодий пасайиш, экстремал иқлим шароитлари билан уйғунлашиб кетганидан жиддий хавотир билдирмоқда. Чунки пандемия шароитида мамлакат озиқ-овқат инқирозини бошидан кечирмоқда, 60 фоиз аҳоли тўйиб овқат емаяпти.

Боз устига, Нигерияда «Ислом давлатининг Ғарбий Африка музофоти» (аввалги «Боко Харам») радикал террорчилик гуруҳи ҳаракатланади. Жангарилар уларга қарши Нигерия, Камерун ва Чад томонидан олиб борилаётган ҳарбий кампанияга қарши доимий равишда кўплаб террорчилик ҳаракатларини амалга оширмоқда. Жумладан, мактабларга ҳужум қилиниб, болаларни ўғирлаб кетиш ва уларнинг ота-оналаридан катта маблағ ундириш, бегуноҳ аҳолини оммавий қатл қилиш, фермерларни ўлдириш одатий тус олган.

«Боко харам» гуруҳи Нигерия шимолида 2002 йилда пайдо бўлган ва ҳокимиятни эгаллашни мақсад қилган. Фаол террорчилик ҳаракатлари бошлаган 2009 йилдан буён мамлакатда 36 минг киши қурбон бўлди, 2 миллион маҳаллий аҳоли турар жойларини тарк этди. 2015 йилда ҳукумат кучларининг қаттиқ зарбаларидан кейин улар тарқоқлашиб, бўлиниб кетган эди. Бироқ унинг айрим қисмлари ҳамон Нигерия шимоли-шарқидан, қўшни Камерун, Чад, Нигерга ҳужумларни давом эттириб келмоқда.

Гулрухсор Равшанова,
халқаро шарҳловчи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг