Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нега жазоирликлар Бутефликанинг «бешинчи президент» бўлишига қарши?

Нега жазоирликлар Бутефликанинг «бешинчи президент» бўлишига қарши?

Фото: «Reuters»

Жазоирдаги намойишлар минглаб одамларни тўпламоқда. Амалдаги президент Абдулазиз Бутефлика ўз номзодини навбатдаги маротаба сайловларга қўйиши жазоирликларнинг сабр косасини тўлдириб юборди. Шимолий Африка мамлакатидаги воқеалар тафсилотини «Euronews» ёзмоқда.

Мамлакатда намойишлар февраль ойи ўрталаридан бошланиб кетди ва борган сайин катталашиб боряпти. Ўтган жума, 1 март куни камида 800 минг киши намойишга чиқди.

Гарчи ташкилотчилар намойишлар тинч ўтишига ваъда бериб, намойишчиларга полиция кордонларидан икки метр масофа сақлашни сўрашганига қарамай, барибир қонли тўқнашувлар бўлди. Камида бир одам ҳалок бўлди, жароҳатланганлар, полиция томонидан ҳибсга олинганлар саноқсиз.

Париждаги жазоирлик намойишчилар. Фото: «Reuters»

Намойишлар мамлакат ташқарисида ҳам давом этмоқда. Парижда яшовчи юзлаб жазоирликлар якшанба, 24 февраль куни Республика майдонида тўпланиб, номзоди бешинчи маротаба президентликка кўрсатилган Бутефликадан норозиликларини билдиришди.

Намойишлар сабаби нимада?

Бутефлика қарийб йигирма йил, 1999 йилнинг апрелидан бери Жазоирни бошқармоқда. Кекса сиёсатчининг номзоди бешинчи марта президентликка кўрсатилганидан сўнг, 16 февраль куни мамлакатда намойишлар бошланиб кетди.

Ушбу баёнот 2011 йилдаги «араб баҳори»дан бери Жазоирдаги энг катта намойишга сабаб бўлди. Одамлар Бутефлика ўз номзодини қайтариб олишини талаб қилишяпти. Улар кўтариб олган шиорларда қуйидаги жумлаларни ўқиймиз: «Йўқолсин бешинчи муддат!», «Йўқолсин коррупция!».

Ижтимоий тармоқлардаги чорловлар юзлаб талабаларни дарсларни ташлаб чиқиб, Жазоир университет шаҳарларида 26 февраль куни ўтказилган намойишларда қатнашишга ундади.

28 февраль куни эса Жазоир пойтахтида ўнлаб журналистлар «эркин ва демократик матбуот»ни талаб қилиб чиқишди. Улар намойишларни ёритишдан бош тортган ўз нашрларига норозилик билдиришди.

Бутефлика мамлакатни қандай бошқаради?

Яқинда 82 ёшини қаршилаган Бутефлика олти йил муқаддам инсультни бошидан ўтказган ва ўшандан бери халққа деярли кўриниш бермаяпти, аранг гаплашади, ногиронлар аравачасига михланиб қолган. Айни пайтда у Швейцариядаги шифохонада даволанмоқда. Аҳволи шунчалик ёмонки, ҳатто мустақил равишда номзодини тақдим этишгаям ярамади, бу Жазоир қонунчилигига зид!

Аксарият намойишчиларнинг назарида Бутефликанинг президентлиги — ниқоб, унинг ортида ҳарбий-сиёсий элита ҳамда бизнесменлар турибди.

Шунга қарамасдан, ўтказилган сўровнома халқнинг катта қисми яна амалдаги президентга овоз бериши мумкинлигини кўрсатмоқда. Чунки кўпчилик ҳукуматнинг алмашиши барқарорликни издан чиқариб, мамлакат учун салбий таъсирини ўтказади деган хавотирда.

Бутефлика 1999 йилдан бери ўтказиб келинаётган сайловларнинг барчасида 73,8 фоиздан 90,2 фоизгача овоз тўплаб, масалани биринчи турдаёқ ҳал қилган.

Намойишлар фақат Бутефликага қарши қаратилмаган. Ёшлар мамлакатдаги мураккаб иқтисодий вазият қурбони бўлмоқда. Жазоир ёшларининг ҳар учинчиси ишсиз. Аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, мамлакат аҳолсининг 54 фоизини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда.

Жазоир 2000 — 2013 йиллар оралиғида нефть орқасидан триллон доллардан кўпроқ даромад олди, бироқ коррупция ва заиф иқтисодиёти сабабли жаҳон бозорида рақобатга дош бера олмаяпти. Даромадларнинг кескин тушиб кетиши ва мамлакат захирасида 80 миллиарддан озроқ маблағ қолгани шундоқ ҳам оғир иқтисодий вазиятни ёмонлаштирмоқда. Йигирма йил олдин, ҳукуматни эгаллаганидаги сингари, «фуқаролик тинчлигини сотиб олишга» энди Бутефликанинг қўли калталик қилади.


Жазоир — ҳудуди бўйича Африкадаги энг катта, жаҳондаги 10-мамлакат. Аҳолиси — 42 миллион киши. Мамлакат Мағриб ва Африка мамлакатлари сиёсатида бош роллардан бирини ўйнайди, Европа иттифоқи мамлакатларига табиий газ етказишда учинчи ўринда туради. Шу боис ҳам ҳозир, Жазоирдаги бўлажак сайловлар арафасида барқарорлик ҳар қачонгидан муҳим.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг