Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Муҳаммад Мурсийнинг ўлими тафсилотлари очиқланди

Муҳаммад Мурсийнинг ўлими тафсилотлари очиқланди

Фото: «AP»

Муҳаммад Мурсий (Мисрнинг собиқ президенти) вафот этгани ҳақида кеча хабар бергандик. Бугун ушбу воқеа тафсилотлари очиқланди.    

Муҳаммад Мурсий юрак хуружи оқибатида дунёдан кўз юмган — тиббиёт соҳасидаги манбаларига асосланган Миср телевидениеси шундай хабар тарқатди.

Ҳарбийлар 2013 йили ҳукуматдан ағдарган Мурсий кеча, 17 июнь душанба куни жосуслик иши кўрилаётган суд мажлиси чоғи вафот этди. У 68 ёшда эди.

Мамлакат бош прокурорининг билдиришича, суд мажлислари оралиғидаги танаффус чоғи панжара ортида ўтирган Мурсий ҳушидан кетади. У сал аввал судья қаршисида беш дақиқа сўзга чиққанди. Беҳуш Мурсийнинг жони касалхонада узилган.

Мурсий ва унинг «Мусулмон биродарлар» ҳаракатидаги шериклари Мурсий ҳукумат тепасида турган пайти Миср давлатини кучсизлантириш мақсадида унинг армияси ва махсус хизматлари ҳақидаги ўта махфий ҳужжатларни Қатар разведкасига берганликда айбланаётган эди. Бироқ Мурсий ва бошқа судланувчилар бу судга ишонмасликларини, у янги ҳукумат иродасини ифодалашини бир неча марта таъкидлашган.

Мисрда 2013 йилда «Мусулмон биродарлар» бошқарувидан халқ норозилиги ортиб, ғалаёнлар авжига чиққан бир паллада армия Мурсийни ҳукуматдан четлатиб, ўтиш даврини эълон қилади. Мурсий тарафдорлари уни яна президентликка қайтаришни талаб қилиб, намойишга чиқишди. Тартибсизликлар, тўқнашувлардан юзлаб мисрликлар ўлим топди.

Сиёсатдан четлатилиб, панжара ортида сақланаётган Мурсийга қарши  ҳукумат бешта жиноят иши очганди:  унинг тарафдорлари ва қаршилар ўртасида 2012 йил декабрида президент саройи олдида юз берган тўқнашувлар, Қатар ва ҲАМАС фойдасига жосуслик, 2011 йилдаги оммавий тартибсизликлар чоғи қамоқдан қочишга уриниш, судьяларни ҳақоратлаш.


P.S. Муҳаммад Мурсий бугун, сешанба куни Қоҳира шарқидаги Мадинат Наср туманида дафн этилган. Бу ҳақда Мурсийнинг адвокати маълумоти асосида «Франс Пресс» агентлиги хабар берди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг