Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Санжар Машриқий

Худодан сўраб, бекор ётма! (арман халқ мақоли)

«Кавказча машмаша»: Қорабоғ - қора доғми?

«Кавказча машмаша»:  Қорабоғ - қора доғми?

Фото:«EA Daily»

Кавказ халқлари тарихан жуда кўп жанг-жадалларни бошдан кечирган. Аммо сўнгги асрда империалистик ҳаракатлар бошлангандан сўнг бу халқлар ҳам йирик империалистлар таъсирига тушиб қолган эди. «Бўлиб ташла, ҳукумронлик қил» шиорига амал қилувчи босқинчилар айни ҳудудларда моҳирона сиёсат олиб борган: халқларни бир-бирига қарши қилиб қўйган.

2020 йилнинг еттинчи ойига келиб, «эски яра»га туз сепилдими, шундоғ ҳам ҳовури босилмаган адоватлар кучайиб кетди. Кавказдаги энг катта муаммо «Тоғли Қорабоғ» масаласи бўлса керак. Арманистон ва Озарбайжон ҳарбийлар айни чегарада тўқнаш келдилар.

Қорабоғ: тарих нима дейди?

XVI-XVII аср ўртасида «бегларбек» хонлик (тумани) Сефевид империясининг таркибига кирганлиги маълум. Бу даврда равонликлар ҳамда тоғ этаклари - мусулмон хонликларга қараган бўлса-да, тоғлар устидаги ҳудудлар арман «меликства»лар таркибига кирар эди. XVIII аср ўртаси - XIX аср бошларида шу ерларда Қорабоғ хонлик бўлган бўлса, 1805 йилдан бошлаб у Россия империяси таркибида, совет тузуми даврида эса Озарбайжон Республикаси таркибида бўлган. Ҳозирги кунларда ҳам, бу ҳудуд расмий Озарбайжон таркибига киради, аммо ўтган асрнинг 90 йиллардан буён ҳудудининг кўп қисми Тоғ устидаги - Қорабоғ Республикасининг назоратида. Калаванинг учи ҳам шу ерда. Қорабоғ расман Озарбайжонга тегишли бўлса ҳам, амалда арманлар бошқарувидаги тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси бутун Қорабоғ ҳудудига эгаликка интилади.

Қорабоғ - кичик Кавказ тоғларнинг занжиридан то Кура ва Аракс дарёларнинг қўшилишигача ҳудудини қамраб олади. У (Қорабоғ) икки қисмга: Тоғ устидаги Қорабоғ ва Равонли Қорабоғга бўлинган. Бу ҳудудни асосан хар хил Кавказ халқлари бошқариб келган. Хуллас, кимнидир бу ернинг тарихий эгаси, дейиш қийин.

Тахминан 1420 йилда Қорабоғга биринчи марта европалик, немис Иоганн Шилтберг ташриф буюрган. У бу ерлар Темурийлар шахзодаси Шоҳрух Мирзога тегишли эканлигини ва бу жойлар азалдан қиролларнинг дам оладиган ери бўлганлигини таъкидлайди. Яна бошқа бир олимнинг фикрича, мўғул босқинчилари бу ҳудудларни забт этгач, бу ерда туркийларга алоқадор қабилалар келиб ўрнашган. Натижада равонли Қорабоғнинг аҳоли мусулмонлаштирилган ва турклаштирилган.

Сўнг эса энг йирик империалистлардан бўлган Чор Россияси Кавказни забт этди. 1918 йилдан равонли Қорабоғ янгидан ташкил этилган Озарбайжон таркибида; тоғ устидаги Қорабоғ эса баҳсли ҳудудлигича қолаверди.  Ўртага «суяк ташлаган» советлар пайт пойлаб туришди. Нимадир содир бўлиши керак эди. Ҳа, у содир бўлди. Қорабоғ устидан дастлабки баҳслар бошланди. 1920 йилгача у ерда озарбайжон ва арманлар ўртасида тўқнашувлар бўлди. 1920 йилда эса тоғ устидаги Қорабоғга Қизил Армия кирди. Агар бу халқлар бир бири билан курашга киришса, худдики улар бу халқларни тинчлигини сақлаб тургандек кўринишлари керак эди-да. Бундан ҳам ёмони айни пайтда Россияга бўлаётган «Чет эл интервенцияси»да ўзларини халқпарвар эканлигига ҳаммани ишонтириши лозим эди.

1921 йилнинг 5 июлдан тоғ устидаги Қорабоғнинг ҳудуди (94 фоиз арман халқидан ташкил этган ҳудуд) Озарбайжон (ҳали ССР тузилмаган эди) таркибига киритилди, Қорабоғнинг кенг автоном ҳуқуқлари ва эркинликлари Бокуда шаклланажак ҳукумат қўлига ўтиши керак эди.

«Кавказча машмаша»нинг бошланиши

Икки миллатлараро тўқнашувлар Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғ автоном вилояти парламенти 1988 йил 20 февралда минтақани Арманистон билан бирлаштириш тўғрисида овоз бергандан сўнг бошланди. Озарбайжоннинг ажралиб чиқиши декларацияси ер билан боғлиқ ҳудудий можаронинг якуний натижаси эди. Озарбайжон Совет Иттифоқидан мустақиллигини эълон қилиб, анклав ҳукумати ваколатларини бекор қилар экан, арманларнинг аксарияти Озарбайжондан ажралиб чиқишга овоз беришди. Бу жараён давомида улар тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасини эълон қилишди. Вазият эса тобора ёмонлаша бошлади.

1992 йил қишнинг охирида кенг кўламли жанглар бошланди. Бир қатор гуруҳларнинг, шу жумладан, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг халқаро воситачилиги қарор қабул қила олмади. 1993 йилнинг баҳорида арман кучлари анклавнинг ташқарисидаги ҳудудни эгаллаб олдилар ва бу минтақадаги бошқа давлатларнинг иштирокини кучайтириши билан таҳдид қилдилар. 1994 йилда уруш тугаши билан арманлар анклавнинг катта қисмини тўлиқ назорат остига олишган.

Россия 1994 йилнинг май ойида ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишувни имзоланишига сабабчи бўлди. Шу вақтдан бери Арманистон ва Озарбайжон томонидан ЕХҲТ Минск гуруҳи воситачилик қилган тинчлик музокаралари олиб борилмоқда эди.

Чегарадаги тўқнашувлар «дўстона шапати»га ўхшаган ҳолда 1994–2016 йилларда қарийб 22 йил давомида ҳам таранглиги йўқолмай қолаверди. Сулҳдан сўнг вазият нисбатан барқарорлашган бўлса ҳам, 2008 йилдаги  Мардакерт тўқнашувлари жиддий тус олган.  4 март куни бошланган арман сайлов намойишлари Тоғли Қорабоғ арманларники эканлигини таъкидлар эди. Жаҳон тажрибасида жуда кўп кўриладики, катта сиёсий ҳаракатлар сайловлар олдидан содир бўлади. Арман миллатчи сиёсатдонлари ҳам бундан фойдаланиб қолмоқчи бўлган. Ҳокимиятда ортиқ қола олмаслиги маълум бўлган собиқ президент Роберт Кочарян нисбатан шовинистик руҳдаги бош вазирга ўрин бериб қўйди. 

Бир араб мақолида, аланга учун чўғ шарт эмас дейилади. Шундай ҳам бўлди. Арман миллатчилари Озарбайжон билан можароларни қайта қўзғаш учун худди Озарбайжон ҳукуматини арман ички ишларига аралашаётгандек кўрсатди. Қўйилган айб эса, шу даражада жўн эдики, бунга ишониш учун кўр ва соқов бўлиш ҳам кўплик қиларди. Муддао эса шундай кўриниб турарди: Арманистон арманлар яшаётган, аммо расман ўзиники бўлмаган Тоғли Қорабоғни ўзиники қилмоқчи эди. Арман манбалари Озарбайжонни Арманистонда давом этаётган тартибсизликлардан фойдаланишга уринишда айблади. Бунга жавобан эса Озарбайжон манбалари Арманистонни халқаро томонларнинг диққатини Арманистондаги ички зиддиятлар билан чалғитишга ҳаракат қилаётганини эътироф эта бошлади.

Арманистоннинг даъволари жуда саёз эди, гарчи улар миллий келиб чиқиши арман бўлган Тоғли Қорабоғга эгаликка нолойиқ бўлмасалар-да, келтирилаётган далиллар расман эгаси бўлган расмий Бокуни бу ердан суриб чиқара олмади. Ушбу воқеадан сўнг, 14 март куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси Озарбайжоннинг босиб олинган ҳудудларидан барча арман кучларини зудлик билан олиб чиқилишини талаб қилиб, қабул қилинган 62/243 резолюциясининг 39 та овозидан 7 тасини ёзма тарзда жўнатди.

2010 йил Тоғли Қорабоғ тўқнашуви 18 феврал куни бўлиб ўтган отишма орқали маълум бўлиб қолди. Негадир Озарбайжон ҳукумати арманларнинг уларга зўрлик билан агрессив муносабатидан ўзини жабрланган қилиб кўрсатаверади. Арманистон эса аксинча доимо тўқнашувларда озарбайжонлардан камроқ аскар йўқотганини маълум қилади.

Қандайдир гуруҳнинг аъзолари Озарбайжон ҳукуматига жосусликда айбланди. Жосуслик ҳазилакам айб эмас. Айниқса, бир-бирга «ола» қараб юрувчи душманлар ўртасида бўлса бундан ҳам ёмон. Бу гуруҳнинг кўплаб аъзолари махсус ҳарбий ҳаракатлар давомида ҳалок бўлди. Тирик қолганлари эса арман қўшинларининг ҳаракатлари ва ҳарбий иншоотлари, Карвачар (Келбажар) шаҳридаги тинч аҳоли масканларига жосуслик қилишдан ташқари, жамоага ўн етти ёшли арман боласи ва Жумен қишлоғида истиқомат қилувчи Смбат Тсаканянни ўлдиришда айблов қўйилди. Хуллас, ташвиқотлар маромига етказиб олиб борила бошлади: туб аҳоли аста-секинлик билан Тоғли Қорабоғ арман мулки эканлигига, озaрлар ноқонуний ва ноҳақ тарзда бу жойларга эгалик қилаётганларига ҳамманинг имонлари комил бўла бошлади.

Янги тўқнашувлар эса дунё пандемия билан курашаётган бир даврда қайта авжига чиқди. Қуйидаги жадвалда сўнгги 12 йил давомида икки қардош эл ўртасида содир бўлган тўқнашувларда ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот келтирилган. Маълумотлар расмий ҳамда умумий тарзда бирлаштирилган.

Йил

Арманистон

Озарбайжон

Жами

2008 йил

Йўқ

Йўқ

30 аскар 

2009 йил

Йўқ

Йўқ

19 аскар

2010 йил

7 аскар

18 аскар

25 аскар 

2011 йил

10 аскар

4+ аскар, 1 нафар фуқаро

14+ аскар, 1 нафар фуқаро

2012 йил

14 аскар

20 аскар

34 аскар 

2013 йил

7 аскар

12 аскар

19 аскар

2014 йил

27 аскар, 6 тинч фуқаро

37 аскар, 2 тинч фуқаро

64 аскар, 8 тинч фуқаро

2015 йил

42 аскар, 5 тинч фуқаро

64 аскар

77 аскар, 5 тинч фуқаро

2016 йил

108–112 аскар, 9 тинч фуқаро

109 аскар, 6 тинч фуқаро

217-221 аскар, 15 тинч фуқаро

2017 йил

22 аскар

19 аскар

41 аскар

2018 йил

5–7 аскар

6 аскар

11–13 аскар

2019 йил

4 аскар

5+ аскар

9+ аскар

2020 йил

6 аскар

15 аскар, 1 нафар фуқаро

21 аскар, 1 нафар фуқаро

Ким нимага ишонди? Танганинг иккинчи томонида нималар бор эди?

1997 йил март ойида Тер-Петросян ўзини ички сабабларга кўра Тоғли Қорабоғ республикасининг «президенти» (ҳеч бир давлат, шу жумладан, Арманистон томонидан тан олинмаган) томонидан Бош вазир этиб тайинлади.

Арманистон Озарбайжоннинг арманларга қарши «тажовузи»ни қоралади. 1989 йил 1 декабрда Арманистон парламентининг Қорабоғни Арманистоннинг бир қисми деб эълон қилган резолюцияси бекор қилинмади. Арманистон Қорабоғ мустақиллигини тан ҳам олмади, чунки тан олиниши Озарбайжонга қарши уруш эълон қилиниши ва Туркияни жалб қилиши мумкин эди. 1991 йил 8 июлда Арманистон парламенти Тоғли Қорабоғнинг Озарбайжон таркибига кириши тўғрисидаги ҳар қандай халқаро ҳужжатни рад этган қарор қабул қилди.

Арманистон мудофаа вазири 1993 йил март ойида қўшинларни текшириш учун Қорабоғга ташриф буюрди; унинг вориси Қорабоғ мудофаа кучларининг раҳбари бўлган. Баъзи экспертларнинг ҳисоботларида, 1993 йил декабрдан кейин Қорабоғ ва Озарбайжон ўртасидаги тўқнашувларда қорабоғликлар сафида Арманистон ҳарбийлари иштирок этганига ишора қилувчи далиллар топилган. Арманистон Қорабоғга ҳарбий маслаҳатчилар, қурол-аслаҳа (шу жумладан, авиабазалар тизими), озиқ-овқат ва материаллар ва маблағлар етказиб берди. Хуллас, арманлар Озарбайжоннинг расмий ҳудудларига дахл қила бошлади.

Арманистоннинг бу ҳаракатларидан озгина бўлса ҳам «тутун» чиқмаслигига ва у «тутун» ҳеч кимнинг кўзини ачиштирмаслигига кафолат йўқ эди.  ЕХҲТ расмий Ереваннинг бундай сиёсатидан ғазабланди, чунки Қорабоғ ўз тақдирини белгилашга эмас, балки ҳудудий яхлитликка кўпроқ этибор бериши керак эди. 1997 йил сентябр ойида Тоғли Қорабоғнинг «президенти» этиб сайланган Гукасян, Қорабоғ ва Озарбайжоннинг федерациядаги тенг ҳуқуқли шерикларга айланишини таклиф қилиб, Қорабоғ чекланган суверенитетни сақлаб, ўз вазифаларини Бокуга топширди. Арманларда ҳам бу пайтда ишлар қизғин эди. Кочарян 1998 йил 30 мартда Арманистон президенти этиб сайланди. Унинг сайловларга номзодлиги (у Қорабоғдан бўлганлиги сабабли кўтарилган) Марказий сайлов комиссияси бошқа омиллар қаторида 1989 йилда Арманистоннинг Арманистон ва Қорабоғни бирлаштириш тўғрисидаги резолюцияси ҳанузгача кучга кирганини ва 1992 йил Қорабоғнинг мустақиллик декларациясини эътиборсиз қолдирганида ҳал қилинди. Кочарян тинчлик музокараларида бевосита иштирок этарди.

Арманистон Озарбайжоннинг ички ишларига аралашиб, икки мустақил давлат ўртасидаги урушни чуқурлаштирган. Озарбайжон Арманистонга минтақани аннекция қилиш ниятида бўлган айбловларни рад этиш учун «ноқонуний» Тоғли Қорабоғ билан эмас, балки Қорабоғ арманлари билан музокаралар ўтказишга тайёрлигини билдирди.

1992 йилда Эрон зиддиятни тўхтатиш ва Қорабоғ масаласига АҚШ ёки Туркиянинг аралашувига йўл қўймаслик мақсадида воситачилик қилди. У шимолда беқарорликни сақлаб қолишни, минтақавий қудратни кучайтиришни, ғарб кредиторлари ва инвесторларини жалб қилишда ва ўз товарлари учун янги бозорларни излашда конструктив кўринишни хоҳларди. Эрон Арман-Озарбайжон можаросига қисман Россия билан муносабатлар призмасидан қаради. Эрон анъанавий равишда Россия билан эҳтиёткорлик билан муомала қилди ва минтақавий таъсир учун у билан рақобатлашишга тайёрлигини амалда кўрсатиб қўйди. Эрон ЕХҲТ аъзоси эмас эди ва шунинг учун ҳам уни «ёқтирмаганлар» Эронни Минск жараёнидан четлатишди.

Эрон ва Озарбайжон, шунингдек, Россиянинг минтақадаги роли, Озарбайжоннинг АҚШ, НАТО, Туркия ва Исроил билан муносабатлари, Каспий денгизини иккига бўлиш ва нефт қувурлари йўналишлари бўйича турлича қарашларга эга. 1999 йил охирида Эрон Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлаган ва Алиевни ташриф буюришга таклиф қилганида икки томонлама муносабатлар илиқлаша бошлади.

АҚШнинг собиқ Совет Иттифоқидаги мақсадларига барқарорлик, демократия, бозор иқтисодиёти ва давлатлар ўртасидаги тинчлик керак эди. АҚШ бу ерларга «демократия шамоли»ни олиб кирмоқчи эди-да. Кавказдаги низолар ушбу мақсадларга таҳдид солиш билан бир қаторда, шундай низоли жойларда «а лаббай» деб турувчи АҚШнинг позицияси эди. Штатлар ҳам ўз анъаналарини бузмади. Америка Қўшма Штатлари Арманистонни (1991 йил декабр) Озарбайжондан олдин (1992 йил феврал) тан олди, чунки Буш маъмуриятининг таъкидлашича, Арманистон олдин Хелсинки тамойилларига амал қилган. АҚШ асосий Ислом дунёсидаги йирик рақиблари Туркия ва Эронни бу орқали жазавага солмоқчи эди.

Арманистон тарафдори Озарбайжонни Эрон билан яқинлашишидан чўчир ва агар улар иттифоқга келадиган бўлсалар, бу Кавказ минтақасидаги позициялар тезда бой берилишини билар эдилар. Аммо амалда Озарбайжоннинг Эрон билан муносабатлари мураккаб бўлган. Диний мутаносиблик ҳам расмий Теҳронни диндошларига нисбатан ниҳоятда илиқ муносабатига сабабчи бўла олмаган.

Озарбайжон Давлат департаменти ЕХҲТни АҚШга нисбатан тинчлик ўрнатишдаги позициясини афзал кўрди. Бунга бир қанча сабаблар бор эди. Биринчидан Эрон ЕХҲТ аъзоси эмас, минтақадаги бу йирик давлатга қарши туриш учун эса қудратлироқ шерикларга эга бўлиши талаб этиларди. Иккинчидан, АҚШ ҳаддан ташқари талаблар қўя бошлади. Агар АҚШга ён босиладиган бўлса, асосий ҳамкор Россияни ранжитиб қўйиши мумкин эди. 

Кимда имконият қандай?

Тоғли Қорабоғ ҳудудий низоси бўйича Россиянинг позицияси ва иккала қарама-қарши томонларнинг ҳарбий имкониятларини кучайтириш учун қурол сотишга қаратилган доимий уринишларини ҳисобга олган ҳолда, Арманистон Тоғли Қорабоғ можаросида ғолиб чиқишни истаса, бошқа шерик топгани маъқул, чунки Россия ҳар икки томоннинг жангларидан фойда кўради. Шундай бўлса ҳам, бошқа шерик ҳам «ҳа» деганда топилаверадими? Сизга яхши маълумки, Арманистон армияси Озарбайжон армиясидан рейтингда нақ 47 поғона пастда туради. Ҳарбий имкониятлар Озарбайжонда катта. Мана масалан жорий йилдаги тўқнашувлар бошлангач, ким-ким томонда эканлиги ошкор бўлди.

Грузия -  ўзининг бетарафлигини эълон қилди. Аслини олганда Грузиянинг ёндашуви минтақада муҳим эди. Чунки энг яқин қўшни, шубҳасиз, Грузиядир.

Россия шунчаки сулҳ талаб қилмоқда. Шунингдек, Путин Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида Боку ва Ереванни Москва билан воситачилик қилишни таклиф қилиб, ярашишга чақирди. «Узлуксиз уруш авж олишидан хавотир билдирилди ва томонлар сулҳни таъминлаш зарурлигини таъкидладилар», деди Песков.

Туркия. «Биз Озарбайжон тарафидамиз», деб таъкидлади Эрдўған. Эрдўған Бош вазирлиги пайтида ҳам, Тоғли Қорабоғ масаласида Озарбайжон томондалигини айтиб келган. Ҳозирги Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Арманистонни «Жанубий Кавказ минтақасида тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш йўлидаги асосий тўсиқ» деб атади.

Покистон - Озарбайжон диндошларининг тарафида эканлигини маълум қилди.

Молдова - Озарбайжон томонида.

Украина -  Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Бунга ўз бошидан ўтказган «Қрим масаласи» сабаб бўлиши катта эҳтимол.

Ҳиндистон - ижтимоий тармоқларда арманларни қўллаб-қувватлаймз дея таъкидлади.

Ўзбекистон - ушбу вазиятдан қаттиқ ташвишда эканлигини билдириб, можарони тинч йўл билан ҳал қилишга чақирди.

Ушбу сценарий Арманистоннинг ўз тарафдорларини тўплашни талаб қилади. Вазият Арманистон демократик Ғарб билан яқин алоқаларни ривожлантириш зарурлигини англатади. Аммо… Муаммо шундаки, Ғарб ва Совет Иттифоқининг ҳар қандай собиқ аъзоси ўртасидаги муносабатларда Россияни «катта оға» сифатида кўрганлардан бири Арманистон эди.

Россия сулҳ сўраяпди, арманларга эса сулҳ керак эмасдек.

Хўш, ҳарбий имкониятлар қандай?

Арманистон «GlobalFirePower.com» рейтингида 138 давлат ичидан 111 ўринда, Озарбайжон эса 64 ўринда (Мудофаа бюджети АҚШ долларида ифодаланган).

Хулоса
Масала равшан: Озарбайжон ўз ҳудудини ҳимоя қилмоқчи, Арманистон эса асосан арман миллатига мансуб аҳоли яшайдиган Қоробоғни ўзиники қилиб олмоқчи. Қонуний жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, Арманистон ўз даъвосини ноқонуний куч билан эгалламоқчи. Аммо бу Озарбайжонни қонуний ҳаракатларини тўла асосли дейишимизга сабаб эмас. Чунки ҳар бир миллат ўз тақдирини эркин танлашга ҳақлидир. Шундай экан, глобал пандемиядан сўнг халқаро кузатувчилар кўмагида қайтадан сулҳ масаласи кўриб чиқилгани маъқул. 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг