Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Журналистларнинг «суробини тўғриламоқчи» бўлган амалдорнинг «ковуши тўғриланди»

Журналистларнинг «суробини тўғриламоқчи» бўлган амалдорнинг «ковуши тўғриланди»

Владимир Путин ва Михаил Игнатьев.

Фото: “НТВ”

Ўн кун ичида кетма-кет икки марта қовун туширган Чуваш Республикаси раҳбари Михаил Игнатьев ишдан бўшатилди. Россия президенти Владимир Путин томонидан имзоланган фармонда М.Игнатьев давлат раҳбари ишончини бой бергани қайд этилган. Жорий йил сентябрда ўтадиган сайловга қадар Давлат думаси депутати Олег Николаев Чуваш ўлкасини идора этиб туради.

Салкам 10 йил давомида Чуваш республикасига раҳбарлик қилган М.Игнатьев январь ойи давомида кетма-кет жиддий сиёсий хатоларга йўл қўйди.

Дастлаб матбуотчилар байрамига бағишланган маросимда нутқ ирод қилган арбоб ҳокимият фаолиятини танқид қилаётган журналист ва блогерларнинг «суробини тўғрилаб қўйиш» лозимлиги ҳақида гапирди. Масъулиятсизларча берилган бу баёнот, табиийки, кескин танқидларга сабаб бўлди.

Мансабдор журналист ва блогерларга таҳдид қилганидан кўп ўтмай унинг матбуот хизмати вазиятни хаспўшлаш учун ошиғич баёнот билан чиқди. М.Игнатьев журналист ва блогерларнинг «суробини тўғрилаш» ҳақида гапирганда, уларни жисмонан йўқ қилишни асло-асло ўйламагани, улар ортида турган буюртмачилар кимлигини аниқлашни назарда тутгани иддао қилинди.

Юқори лавозимдаги мулозимнинг аксилдемократик чақириғидан кейинги шов-шувлар ҳали босилмай туриб, у яна бир марта «хол қўйди»: янги ўт ўчириш техникаси калитини топшириш пайти Фавқулодда вазиятлар вазирлиги зобитини худди кучук боласини ўйнатгандек эрмак қилди. Офицер боши узра турган калитни сакраб олишга мажбур бўлди. Мазкур ҳолат акс этган видеолавҳа Россия интернет оламини «портлатди», Чуваш ўлкаси раҳбари танқиду маломатлар ёмғири остида қолди. Гарчи амалдор кейинроқ ўт ўчирувчиларга бўлган юксак эҳтироми ҳақида баёнот берган бўлса-да, ғишт қолипдан кўчиб бўлган эди.

Жамоатчилик босими остида  «Единая Россия» партияси М.Игнатьевни ўз сафидан ҳайдади. Бунинг ортидан эса президентнинг лавозимдан бўшатиш ҳақидаги фармони эълон қилинди.

Дарвоқе, президент партияси саналган «Единая Россия» масъул вакили Андрей Турчак давлат раҳбари сўзига қулоқ тутмаган ҳар бир мансабдор М.Игнатьев каби жазоланишини маълум қилди.

Таҳлилчиларга кўра, рейтинги тобора қуйига энаётган ҳозирги паллада В.Путин қўл остидаги амалдорларнинг бу каби хурмача қилиқларига кўз юмиб кета олмайди.  

Собир Салим

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг