Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ислоҳот ёки чиқинди челаги! Франция президенти мураккаб танлов қаршисида қолди

Ислоҳот ёки чиқинди челаги! Франция президенти мураккаб танлов қаршисида қолди

Фото:«Reuters»

Францияда карантин даврида бир муддат тўхтаган оммавий норозилик намойишлар яна авж олди. Дам олиш кунлари пойтахт Париж ҳамда музофотларда минглаб киши намойишга чиққан. Полиция кўздан ёш сиздирувчи газдан фойдаланган, 300 га яқин киши ҳибсга олинган.

Францияда «сариқ нимчалилар» намойиши 2018 йил ноябрдан буён танаффуслар билан давом этиб келади. Дастлаб аҳоли автомобиль ёнилғиси ошишидан норози бўлиб кўчаларга чиққан бўлса, кейинроқ ҳукумат олдига қўйилаётган талаблар доираси кенгайди. Эндиликда президент  Эммануэль Макрон маъмуриятидан пенсия ислоҳотларини тўхтатиш талаб этилмоқда. Ўнғай вазиятдан фойдаланган мухолифат эса президент истеъфо бериши лозим дея бонг урмоқда.

Ҳукумат пенсия ёшини 62 дан 64 га кўтаришни таклиф этмоқда. Бундан ўн йил аввал Францияда эркаклар ҳам, аёллар ҳам 60 ёшдан нафақага чиққан. Ҳукумат фикрича, ўртача умр кўриш кўрсаткичи 82 ёшни ташкил этаётган бир пайтда пенсия ёшини ошириш мақсадга мувофиқдир. Ўтган йилги намойишлар тўлқини Макрон маъмуриятини бу борада ён беришга мажбур қилди. Аммо ҳукумат фуқаролар тўлақонли пенсия олиши учун балл йиғиш тартибини таклиф этди. Айни чоқда, ўқитувчилар, шифокорлар, ҳуқуқшунослар, транспорт, электр ва газ соҳаси ходимлари, жами 42 касб-кор эгалари муддатдан олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши режалаштирилмоқда.  Яъни ҳукумат пенсия ёши борасида ён берган бўлса-да, амалда бу борадаги имтиёзларни бекор қилишни кўзламоқда.

Президент Макрон маъмуриятининг хавотирини ҳам тушуниш мумкин. Айни пайтда мамлакатда бир нафар пенсионерга икки нафар ишловчи тўғри келяпти. Илгари эса бу кўрсаткич 1:4 ни ташкил этар эди. Кексалар армияси кенгайиб пенсия миқдори кўпайиб борар экан, бюджет дефицити ҳам кескин ошиши муқаррар.  Аммо кўп йиллар давомида ишлаб, оғзи ошга етдим деганда, яна бир неча йил ишлаши талаб этилаётган меҳнаткашлар бундай далилларни қабул қилиши душвор.  

Жорий йил март ойида президент Макрон пандемия сабаб таҳликали ҳолат юзага келган пайтда пенсия ислоҳотлар тўхтатиб турилишини эълон қилди. Аммо июль ойида бу борадаги ўзгаришлар қайта бошланишини билдирди. 

«Пенсия ислоҳотини чиқинди челагига ташлаймизми? Йўқ. Бу хато бўлур эди. Мен ҳукуматдан ижтимоий ҳамкорларимиз билан музокараларни бошлашни сўрайман. Пенсия ислоҳотидан воз кечмаймиз», – деди Э.Макрон.

Мухолифат эса пенсия тизимидан аввал соғлиқни сақлаш жабҳасини ислоҳ этиш лозим деган фикрда. Хусусан, «Олға, Республика!» партиясининг парламентдаги фракцияси раиси Жиль Ле Жандр ҳам  француз миллатини тафриқага солувчи ислоҳотдан воз кечиш лозимлигини талаб қилмоқда.

Э.Макрон 2017 йилда Францияга ўтмиш буюклигини қайтариш шиори билан президентликка сайланган. У пенсия таъминоти учун сарфланаётган маблағларни қисқартириб, тежалган маблағни иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга йўналтирмоқчи. Аммо касаба уюшмалари, умуман, ишчилар ҳаракати кенг қулоч ёзган Франция шароитида бунга эришиш осон бўлмаслиги аниқ.

Аслида Францияда пенсия ислоҳоти ҳақидаги илк ташаббуслар 1995 йилда янграган. Аммо аввалги президентлар Николя Саркози ва Франсуа Олландлар ҳам ижтимоий норозилик сабаб пенсия ислоҳотига киришишга журъат қилмаган. Айни пайтда президент Макрон жуда мураккаб танлов қаршисида қолди: у ё норозилик тўлқинига парво қилмай ислоҳотни давом эттириши, ёки ундан буткул воз кечиши керак. Ислоҳотни давом эттириш электорат орасида мухолифларни кўпайтириб, унинг иккинчи муддатга сайланиш эҳтимолини камайтириши мумкин. Эълон қилинган оламшумул режадан воз кечиш эса сиёсатчининг ожизлиги дея талқин этилиши ҳеч гап эмас. Коронаинқирознинг иккинчи тўлқини кўланка солиб турган бир пайтда оқилона қарор қабул қилиш мушкул, жуда мушкул...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг