Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бердимуҳамедовнинг оила аъзолари дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлди

Бердимуҳамедовнинг оила аъзолари дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлди

Туркманистонда парламентнинг юқори палатаси тугатилиб, бир палатали парламент – халқ ҳокимиятининг олий органи Халқ маслаҳати ташкил этилди.

21 январь куни эса Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов «Туркманистон Халқ маслаҳати раиси тўғрисида»ги қарорни имзолаб унда «Туркманистон Қаҳрамони, Туркманистоннинг фахрий оқсоқоли, халқ Аркадағи, туркман халқининг миллий еткачиси» Гурбангули Бердимуҳамедовни олий орган – Халқ маслаҳати раиси этиб тайинлаган эди.

Ҳужжатга кўра, «Туркман халқининг миллий етакчиси» ва унинг оила аъзолари дахлсизлик ҳуқуқига эга. Бу унинг ва оила аъзоларининг мулкига ҳам тегишли.

Бундан ташқари, катта Бердимуҳамедов эндиликда мамлакат халқига мурожаат қилиш ва парламент йиғилишларида давлат тузилмаси, ички ва ташқи сиёсат ва хавфсизликнинг муҳим масалалари, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари бўйича нутқ сўзлаш доимий ҳуқуқига ҳам эга.

Эслатиб ўтамиз, Туркманистонда икки палатали  парламент 2021 йилнинг январида ташкил этилган эди. Гурбангули Бердимуҳамедов президентлик курсисини ўғлига топширганидан сўнг мазкур парламентнинг юқори палатасига раислик қила бошлаган эди.

Маълумот учун, Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев ҳам худди шундай ваколатларга эга эди. Бироқ 2023 йил 13 январда парламент палаталарининг қўшма мажлисида Сенат ва Мажлис депутатлари биринчи президент тўғрисидаги қонунни бекор қилиш учун овоз беришди. 

«Биринчи Президент тўғрисида»ги қонунда халқ етакчиси дахлсизлик ҳуқуқига эга экани, уни ҳибсга олиш ва давлат раҳбари бўлган вақтида содир этган қилмишлари учун жавобгарликка тортиш мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган эди. Бундан ташқари, у президентликдан тўхтаганидан кейин ҳам жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Миллат етакчисини қидириб, қамаб, тинтув қилиб бўлмайди. Қозоғистоннинг биринчи президенти ва унинг оиласи умрбод ҳимояга эга бўлиш ҳуқуқига эга эди. Энди Нурсултон Назарбоевга собиқ президент сифатида умумий кафолатлар берилади.

Назарбоев, шунингдек,  2019 йил май ойида Қозоғистон раҳбари лавозимини тарк этгач, олган «Фахрий сенатор» унвонидан маҳрум қилинган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг