Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Британиялик ҳарбийлар Афғонистон ва Ироқдаги даҳшатли жиноятлари учун жавобгарликдан қутулиб қолишди

Британиялик ҳарбийлар Афғонистон ва Ироқдаги даҳшатли жиноятлари учун жавобгарликдан қутулиб қолишди

Фото: «Forces.net»

Буюк Британия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, британиялик аскарларнинг Афғонистондаги жиноятларини узоқ муддат тергов қилиш «етарлича далиллар» бўлмаганлиги боис натижа бермади, дея хабар берди «The Daily Telegraph».

Айбловларни текшириш бўйича «Нортмур» деб номланган операция 2014 йилда бошланиб, унга 120 нафар британиялик ҳарбий полиция зобити раҳбарлик қилди.

Операция чоғида Буюк Британия армияси томонидан Афғонистонда содир этилган дея тахмин қилинаётган асирларнинг қийноққа солиниши, ўлдирилиши ва жинсий зўравонликка дучор қилиниши юзасидан жами 675 та даъво аризаси ўрганиб чиқилди.

Шунингдек, 2005 — 2013 йилларда содир этилган 52 та шубҳали ўлим ҳолати тўғрисида хабар берилган.

Нашрнинг ёзишича, тергов Буюк Британия Мудофаа вазирлигига 10 миллион фунт стерлингга тушган бўлса-да, ҳеч қандай натижа бермади. Бошқарманинг таъкидлашича, «Нортмур» ўз ишини тўхтатди, чунки «пухта ва мустақил текширув»га қарамай, ишни прокуратурага юбориш учун «етарлича далил» тополмади.

Аввалроқ Ироқда худди шу даврда содир этилган шунга ўхшаш жиноятларда Британия армиясига қарши айбловлар қўйилмаслиги маълум қилинганди. Бундан келиб чиқадики, ҳарбий хизматчилар иккала ҳарбий жиноятларда ҳам айбловлар бўйича терговдан озод этилади.

2019 йил ноябрда Британиянинг «Sunday Times» газетаси махфий ҳужжатларга таяниб, Буюк Британия ҳарбий қўмондонлиги ўз аскарларининг Яқин Шарқдаги ҳарбий жиноятларини яширганлигини маълум қилганди.

Нашрнинг ёзишича, Афғонистон ва Ироқдаги жиноятларни тергов қилиш чоғида махсус топшириқ бажарувчи ҳаво кучлари ҳарбийларидан бири томонидан содир этилган қотиллик ҳамда «Black Watch» батальони жангчилари томонидан асирларнинг қийноққа солиниши ва жинсий зўравонликка дучор қилиниши ҳақидаги махфий далиллар фош бўлди.

Бундан ташқари, расмий ҳужжатларни сохталаштириш, Британия армияси қўмондонлиги томонидан далилларни нотўғри тақдим этиш, шунингдек, тергов иштирокчиларининг Мудофаа вазирлиги томонидан босим қилингани юзасидан шикоятлари тўғрисида маълумотлар пайдо бўлди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг