Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Британия: автобус бекатидан мудофаа вазирлигининг махфий ҳужжатлари топилди

Британия: автобус бекатидан мудофаа вазирлигининг махфий ҳужжатлари топилди

Йўқолган махфий ҳужжатларнинг бир қисми Афғонистондаги инглиз ҳарбийларига доир бўлган. Фото: “MOD”

Буюк Британия мудофаа вазири ўринбосари Жереми Куин махфий ҳужжатларни сақлашга доир тартиб бузилгани юзасидан парламент депутатлари қаршисида ҳисобот берди.

BBC нашри 27 июнь куни бир йўловчи Кент графлигидаги автобус бекатидан қироллик мудофаа вазирлигига тегишли махфий ҳужжатларни топиб олгани ҳақида хабар берган эди. Ушбу можаро ортидан вазирлик танқидларга дучор бўлди.

Мудофаа вазири ўринбосари ҳолат бўйича узрхоҳлик билдирар экан, жиддий тафтиш ва текширув бошланганини қайд этди.

“Ўтган ҳафта мудофаа вазирлигининг юқори мартабали ходими махфий ҳужжатларни йўқотиб қўйган. Бу ҳақда унинг ўзи хабар берди. Мен текширув якунланмасдан туриб ҳукм чиқармоқчи эмасман, аммо бу ўша шахс томонидан йўл қўйилган хато туфайли рўй берганга ўхшайди”, – деди мудофаа вазири ўринбосари парламентдаги ҳисоботида.

Мудофаа вазирлиги расмийси бу ўринда жосуслик омили мавжуд эмаслигини қайд этган.

Бекатдан ёмғирда ҳўл бўлган ҳужжатларни топиб олган фуқаро бу ҳақда BBC’га хабар берган. Ахборот ширкати махфий ҳужжатлар мазмун-моҳиятига доир умумий маълумот берган, аммо яширин тафсилотларни очиқламаган.

Карикатурачи Сергей Ёлкин ҳодисага ушбу юмористик расм орқали муносабат билдирди.

Карикатурачи Сергей Ёлкин ҳодисага ушбу юмористик расм орқали муносабат билдирди.

Депутатлар мудофаа вазири ўринбосаридан BBC томонидан махфий ҳужжатларга доир маълумотлар ошкор этилиши ҳолати ҳам тафтиш этиладими, деб сўраган. Вазирлик расмийси ҳужжатлар оммавий ахборот воситалари ихтиёрига тушмаслиги кераклиги, агар тушган бўлса, демак, хато уни сақлашга масъуллар гарданида эканига ишора қилган.

“BBC ушбу ҳужжатларни қўлга киритгач, у ҳақда хабар бермай, бизга етказганида нур устига нур бўлар эди. Аммо уларнинг ҳам ўз вазифалари бор. Мен улар масъулият билан ёндашиб ҳужжатларни вазирликка қайтарганлари учун миннатдорлик билдираман”, – деган Жереми Куин.

Бекатдан топилган махфий ҳужжатларда Афғонистонда НАТО миссияси якунланганидан кейин Британия ҳарбийлари қай тариқа фаолият юритишига доир қимматли маълумотлар акс этган. Шунингдек, қиролликнинг “Дефендер” ҳарбий кемасининг Қора денгизда – Қрим соҳили бўйлаб ҳаракатланиши ва бу ҳолатга Россиянинг эҳтимолий реакцияси муҳокама этилган. Маълум бўлишича, инглиз ҳарбий кемаси Россия томонидан 2014 йилда аннексия қилинган Қрим соҳили бўйлаб Украинага хайрихоҳлик рамзи ўлароқ ҳаракатланган. Аммо бу ҳолат расмий Москва томонидан провокация деб баҳоланган.

Британиялик таҳлилчилар мамлакат хавфсизлигига доир махфий маълумотларнинг бу тариқа йўқолишини мисли кўрилмаган ҳолат деб атаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг