Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Британча ажралишнинг ирландча муаммоси...

Британча ажралишнинг ирландча муаммоси...

Фото: «theuk.one»

Буюк Британия Европа Иттифоқи билан келишувининг бир қисми бўлган Шимолий Ирландия протоколи ижросини тўхтатувчи 16-моддани қўллашга интилмаяпти ва Брюссель билан музокаралар давомида муросага келишга тайёр. Бу ҳақда «Тhe Тimes» нашри Ҳукумат расмийларига таяниб хабар берди.

«16-моддани қўллаш биз дуч келаётган муаммоларни ҳал қилмайди», деб таъкидлади маъмурлар. Агар биз шундай қадам ташлаганимизда ҳам, охир-оқибат, музокаралар столига қайтишимиз керак бўлар эди».

Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсоннинг Brexit (Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши) ва халқаро сиёсат бўйича вакили Девид Фрост расмий Лондоннинг бу позициясини Еврокомиссия раҳбари ўринбосари Марос Шефчовичга етиш ниятида.

Лондон келгуси бир неча ҳафта ичида Брюссель билан музокаралар «янги, янада қизғин босқичга» киришини истайди, бу эса ҳар икки томон учун ҳам «муросага келиш имкониятини» беради.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Европа Иттифоқи ва Буюк Британия ўртасида тузилган савдо келишувига кўра, гарчи расмий Лондон ЕИдан чиқиб кетган бўлса-да, Шимолий Ирландия ҳамжамият божхона иттифоқи аъзоси бўлиб қолди.

Натижада Шимолий Ирландия портларида қиролликнинг бошқа минтақаларидан бир қатор товарларни ташиш учун назорат тартиб-қоидаларини жорий этиш талаби юзага келди. Кўп сонли бюрократик қийинчиликлар туфайли Шимолий Ирландияга Британия маҳсулотларини етказиб бериш сезиларли даражада қийинлашди ва бу аҳолининг норозилигига сабаб бўлди.

Европа Иттифоқи Британия маҳсулотларининг Ольстердан Ирландияга (Европа Иттифоқи аъзоси) назоратсиз олиб кирилишининг олдини олиш учун Ирландия денгизида Шимолий Ирландия ва Буюк Британия ўртасидаги амалда божхона чегарасини сақлаб қолишни талаб қилмоқда. Протокол эса Ольстердаги протестантлар ва католиклар ўртасидаги қуролли қарама-қаршиликни тугатишга хизмат қилган 1998-йилдаги Бельфаст келишувини сақлаб қолиш учун Ирландия оролидаги чегаранинг назоратсиз қолишини кафолатлайди.

Жорий йилнинг 21 июль куни Буюк Британия ҳукумати «Шимолий Ирландия: олдинга йўл» протоколини нашр қилган эди. Лондон ва Брюссель Шимолий Ирландия протоколи бўйича қайта музокара олиб бориши зарурлигини эълон қилди.

Ушбу муҳим ҳужжат Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши бўйича асосий келишув билан биргаликда ишлаб чиқилган эди. У Шимолий Ирландия (Бирлашган Қиролликнинг таркибий қисми) ва Ирландия Республикаси (мустақил давлат ва Европа Иттифоқи аъзоси) ўртасидаги чегара масаласини ҳал қилиш учун мўлжалланган эди.

1998 йилдаги Бельфаст келишувига кўра, у очиқ бўлиши керак. Brexitдан кейин унинг ёпилишига йўл қўймаслик учун Лондон ва Брюссель Шимолий Ирландия иккита чегарага эга бўлишига келишиб олдилар – бири уни Буюк Британиядан Ирландия денгизи орқали ажратиб турадиган ва Ирландия Республикаси билан Ольстер бўйлаб ўтади.

Ўз навбатида Британия томони Европа Иттифоқидан фақат Шимолий Ирландияга жўнатиладиган товарларга тарифлар қўлламасликни ваъда қилди. Шу тариқа Ольстер амалда ЕИ савдосининг ажралмас қисмига айланди. Бу жараёнларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш эса бугунги кун тартибидаги муҳим масаладир.

Мафтуна Аъзамжонова,

халқаро журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг