Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Хароб қилинган ҳаётимиз учун бу жуда оз ва жуда кеч» – беш эгизак опа-сингилнинг оғир қисмати

«Хароб қилинган ҳаётимиз учун бу жуда оз ва жуда кеч» – беш эгизак опа-сингилнинг оғир қисмати

Реклама агентликлари улар ортидан катта пул ишлашарди.

1934 йилнинг 28 майида камбағал фермер оиласида туғилган беш опа-сингил Канадада ҳақиқий мўъжиза сифатида қарши олинганди. Уларнинг тарихи бошиданоқ жамоатчиликнинг диққат марказида, оммавий ахборот воситалари учун эса доимий мавзу бўлган. Лекин на пул, на шуҳрат уларга бахт келтирмади. Дион бешлиги тарихда энг таниқли ва айни пайтда энг бахтсиз эгизаклар сифатида қолди.

Етти ойликда туғилган бу жажжи қизалоқлар яшаб қолишга муваффақ бўлган илк беш эгизак сифатида барчани лол қолдирди.

Чақалоқлар Калландер ҳудудига яқин кичик бир қишлоқда жойлашган фермадаги ичимлик суви ва электр энергиясиз уйда хотини ва уч нафар фарзанди билан яшовчи Олив Лион исмли камбағал деҳқон оиласида туғилган. Етти ойлик бўлиб дунёга келган бу эгизаклар жуда кичкина, вазнлари атиги 600 граммдан бўлган. Шунга қарамай, бу жажжи қизалоқлар яшаб қолишга муваффақ бўлган илк беш эгизак сифатида барчани лол қолдирди. Дион опа-сингилларнинг пайдо бўлиши ҳақидаги ажойиб янгиликлар бир неча кун ичида бутун Канада бўйлаб тарқалди.

Деҳқоннинг рафиқаси ўзининг эгизакларга ҳомиладор эканлигига шубҳа қилмасди, аммо бирданига беш чақалоқнинг туғилиши кутилмаган воқеа бўлди. Уларни туғилиши билан чойшабларга ўраб саватчаларда сақлашган. Онанинг сути табиийки барчасига етмасди. Бу ёқда камбағалчилик. Шу боис ҳар икки соатда уларга сув, маккажўхори сиропи, сигир сути ва бир-икки томчи ром (шакарқамишдан тайёрланадиган спиртли ичимлик) беришарди. Табиийки, қўшнилар ҳам қараб туришмасди: кимдир иссиқ кийим-кечак, кимдир ёпинчиқлар, яна кимдир сут ва егуликлар олиб кирар, шу баҳонада болаларни ҳайрат билан томоша қилишарди.

Эгизаклар 6 ойлик бўлганида, оталари уларни Чикагодаги кўргазмада намойиш этиш ҳақида ўйлаб қолди. Бундан хабар топган Канада ҳукумати ғайриоддий шоу ташкил этишга қарор қилди. Шу тарзда қизлар учун ўнта деразали махсус павилион қурилди. Дион опа-сингиллар 8 йил давомида ушбу кўргазмада қатнашади ва шу вақт ичида уларни саккиз миллион томошабин кўришга муваффақ бўлади.

Улар энг қиммат ўйинчоқлар ўйнашар, сўнгги урфда кийинишарди.

Опа-сингиллар шарофати билан Чикаго кўргазмаси шаҳарнинг энг диққатга сазовор масканига айланади ва бу мисли кўрилмаган сайёҳлар оқимини келтириб чиқаради. Ҳар куни бир неча минг одам бир-бирига томчи сувдек ўхшаш беш эгизак томошасига келарди. Қизалоқлар ҳамширалар назорати остида болалар майдончасида ўйнашар, уларнинг атрофидаги тўр ташқарисида сайёҳлар учун томоша майдони ташкил қилинган эди.

Қизалоқлар гўё қўрадаги ҳайвонларга ўхшар эди, бу эса болаларни фойда кўриш учун ишлатишнинг энг хунук усулларидан бири эди. Томошага кириш бепул бўлган. Аммо Канада ҳукумати турли сувенирлар сотишдан катта фойда кўрган – махсус дўконлардаги эсдаликлар (эгизаклар тасвирланган) савдоси жуда чаққон бўлган.

Машҳур эгизак қизлар ҳақиқий брендга айланди – уларнинг шарафига бешта қўғирчоқнинг махсус тўпламлари ишлаб чиқарилди. Одамлар гўё уларга сиғинишарди. Голливудда улар ҳақида бир нечта филмлар ишланган. Болалар учун озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар корхоналар улар расмларидан реклама сифатида муваффақиятли фойдаланарди.

Қизлар дунёдан ажралган ҳолда яшадилар. Улар қиммат ўйинчоқлар ўйнашган, энг сўнгги урфда кийинишган ва энг яхши шифокорлар ғамхўрлиги остида бўлишган. Бироқ улар ота-оналари, ака-опалари ҳамда тенгдошлари билан мулоқотдан маҳрум эдилар. Улар тўққиз ёшга тўлганида, Канада ҳукумати бутун Дион оиласини бир жойга жамлаш мақсадида катта уй қуриб берди, лекин бу унча муваффақиятли ғоя эмас эди, чунки опа-сингиллар бундай ҳаётга мослашмаганди.

Шунча йиллик айрилиқдан сўнг оддий оилавий муносабатларни ўрнатиш имконсиз бўлиб чиқди. Оиладаги бошқа болалар узоқ бирга бўлмаган эгизак сингилларини қабул қила олишмади. Ота даромад бўлинишидан маҳрум бўлганидан безовталанди. Тўрқафасда яшашга одатланган болалар эса янги ҳаёт тарзига кўниколмадилар.

Ўзаро бегоналашиб қолган катта оила.

Эгизаклар бу уйда 16 ёшга тўлгунларига қадар яшади, шундан сўнг улар мактаб-интернатга жўнатилди. Қизлар турли рекламаларда, асосан, косметика ва озиқ-овқат роликларида кўп суратга тушишди. Уларнинг ҳар бир туғилган куни оммавий ахборот воситалари иштирокида нишонланди.

Қизлар оддий ҳаётга кам мослашган эди. Одамлар билан мулоқот қилишда қийналган опа-сингиллар фақатгина бир-бирлари даврасидагина ўзларини эркин ҳис қилишлари мумкин эди. Ўн саккиз ёшга тўлганларидан сўнг, ўзларининг машҳурлигидан фойдаланишга ва улар орқали пул ишлашга ҳаракат қилувчи оилалари билан барча алоқаларни уздилар.

Эгизакларнинг иккинчиси – Эмилия доим ғамгин юрарди. У жуда ёш бўла туриб монастрга борди ва ўзида аниқланган эпилептик тутқаноқ хасталигини ривожлантириб олди – бу унинг 20 ёшида вафот этишига сабаб бўлди. Бу унинг опа-сингилларига ҳақиқий зарба бўлди. Maриа (эгизаклар учинчиси)ни эса муваффақиятсиз никоҳ 30 ёшидa ҳаётдан олиб кетди.

Эгизак қизалоқлар тимсолига айланган қўғирчоқларнинг бозори чаққон бўлган.

Сиcилия ва Анетта ҳам оилавий ҳаётда бахт топа олишмади. Улар бутун умр бир-бирига мисли кўрилмаган даражада талпиниб яшадилар. Телефонда соатлаб суҳбатлашар ва ўзаро ташрифлар чоғида адоғсиз қувончни ҳис қилишарди.

Cисилия ҳам эгизак фарзандли бўлди, лекин тез орада улардан бири вафот этди. Уч йил ўтгач, у бева қолди ва роҳибаликка киришди. Лекин монастирдагилар билан тил топиша олмади. У умрининг қолган қисмини танҳоликда ўтказди.

Улғайиб, оқ-қорани таниган Дион опа-сингиллар (Ивона, Сисилия, Анетта) судга мурожаат қилиб, давлатдан 4 миллион доллар миқдорида товон пули ундириб олди. «Бизнинг хароб қилинган ҳаётимиз учун бу жуда оз ва жуда кеч», – дея изоҳ берди таниқли опа-сингиллар.

У.Йўлдошев тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг