Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШ vs Эрон: уруш муқаррарми? Бутун дунё Оқ уйнинг жавобини кутмоқда...

АҚШ vs Эрон: уруш муқаррарми? Бутун дунё Оқ уйнинг жавобини кутмоқда...

Иллюстрация: voanews.com

Эроннинг юқори мартабали мансабдори Қосим Сулаймонийнинг АҚШ ҳарбийлари томонидан ўлдирилиши икки мамлакат ўртасида таранг муносабатларни баттар мураккаблаштирди. Расмий Теҳрон марҳум генералнинг қотилларидан қасос олинишини эълон қилди. Бу борадаги дастлабки қадам сифатида Эрон қуролли кучлари АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базаларига ўндан ошиқ ракета ёғдирди. Айни пайтда бутун дунё Оқ уйнинг жавобини кутмоқда...

Сирасини айтганда, икки азалий мухолиф мамлакат уруш ҳолатида турибди. Хўш, айрим таҳлилчилар башорат қилаётганидек, АҚШ ва Эрон ўртасида уруш рўй берадими?..

Фото: newsone.ua

АҚШ

Президент Дональд Трамп Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар бошлаш билан таҳдид қилаётган бўлса-да, Қўшма Штатлар аҳолиси урушлардан безор бўлганини очиқ билдираётир. Буни ўтган дам олиш кунларида мамлакатнинг 80 га яқин шаҳрида урушга қарши намойишлар бўлиб ўтгани ҳам тасдиқламоқда.

АҚШнинг «халқаро полициячи» вазифасини бажариб, дунёнинг турли ўлкаларига аскар юбориши оддий аҳоли орасида норозилик ила қабул қилиниши сир эмас. Ҳарбий ҳаракатлар туфайли мудофаа мақсадида ажратилаётган маблағнинг ошиб бораётгани эса эътирозларни янада кучайтирмоқда.   

Президент Трамп буйруғи билан генерал Сулаймонийнинг ўлдирилиши Вашигтондаги расмий Теҳроннинг ашаддий танқидчиси бўлган арбоблар томонидан ҳам олқишланмади. АҚШ демократлар партияси эса президентнинг ушбу қарорини провокацион деб атади. Зотан, АҚШ ҳарбийлари дунёнинг турли минтақалари, хусусан, Яқин Шарқда қалтис операцияларни амалга ошираётган бир пайтда Эрон билан ошкора урушга киришиш Вашингтон манфаатларига зиддир.

Трампнинг ушбу қалтис буйруғини сайловолди ҳаракат деб баҳолаш мумкин. Мамлакатда президентлик сайлови тобора яқинлашмоқда. Амалдаги президентининг рейтинги эса кундан-кунга пасаймоқда. Бу ёқда мухолиф демократлар импичмент – президентни муддатдан олдин истеъфога чиқариш жараёнини бошлаб юборган. Ана шундай паллада Д.Трамп мамлакат «жон душмани» Эроннинг юқори мартабали вакилини йўқ қилиш орқали обрўсини оширишга уринди. Аммо АҚШнинг амалдаги раҳбари бундан қалтисроқ ҳаракатга – чинакам уруш эълон қилишга журъат қила олмаса керак. Бунга қонун ҳам  (айни пайтда демократлар президентнинг Эронга нисбатан ҳарбий ҳаракатлар масаласидаги ваколатларини чеклаш бўйича резолюция ҳозирламоқда), соғлом ақл ҳам йўл бермайди. Боз устига, ҳатто пойинтар-сойинтар баёнотлари билан тилга тушган Д.Трамп ҳам сайлов арафасида урушга кириш муддатдан аввал мағлубиятга тенг эканини яхши билади.

Фото: ukrinform

Эрон

Расмий Теҳрон мамлакатнинг суянган тоғи бўлган генерал Сулаймонийнинг қатл этилишини жавобсиз қолдириши мумкин эмас эди. Шу маънода АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базаларига амалга оширилган ракета ҳужумлари кутилган ҳаракат дейиш мумкин. Аммо, бизнингча, АҚШ томони жавоб қадамини ташламаса, Эрон раҳбарияти ушбу рамзий ҳаракат билан кифояланади. Негаки, узоқ йиллардан бери иқтисодий санкция шароитида яшаб келаётган Эроннинг АҚШ билан очиқ урушга киришишга на иқтисодий имконияти, на ҳарбий қудрати мавжуд.

Иқтисодий санкция шароитида мамлакат миллий валютаси кескин қадрланган, ишсизлик кучайиб кетган. Халқаро валюта жамғармасига кўра, биргина 2019 йилда Эрон ЯИМ миқдори 9,5 фоизга камайган. Қимматчилик, асосий истеъмол буюмлари тақчиллиги шароитида дунёнинг энг қудратли армиясига қарши очиқ уруш очиш ўз оёғига болта уриш билан баробар.

Сўнгги йилларда Эронда ҳукумат сиёсатига қарши норозилик намойишлари кўпайганини кузатиш мумкин. Тўғри, айни пайтда эл бошига кулфат тушган пайтда мусибатзада халқ бир муштга дўниб, амалдаги ҳукумат атрофида жипслашган. Аммо бу муваққат кайфият бўлиши мумкин. Мусибат унутилиб, халқ яна ўша иқтисодий-ижтимоий муаммолар билан рўбарў келгач, аксилҳукумат намойишлари қайта бошланиши ҳеч гап эмас.

АҚШ Яқин Шарқ минтақасида энг кўп сонли ҳарбийларга эга хорижий мамлакат саналади. Расмий маълумотларга кўра, Қатар, Кувайт, Саудия Арабистони ва Иордания ҳудудида 68 минг нафар америкалик ҳарбий жойлаштирилган. Сурия ва Ироқда эса АҚШ Қуролли кучларининг 6800 нафар ҳарбийси мавжуд. Харитага назар солинса, АҚШ ҳарбий базалари Эронни ҳалқа каби ўраб олганини кўриш мумкин.

Бизнигча, шу каби иқтисодий ҳамда геосиёсий омиллар «Эрон АҚШга қарши очиқ урушга киришади» деган тахминларни йўққа чиқаради. 

Тўғри, икки мамлакат раҳбарияти қизиққонлик йўлини тутса, вазият янада хавфли тус олиб, чинакам уруш рўй бериши ҳам мумкин. Аммо воқеаларнинг бундай хатарнок ривожидан Яратганнинг Ўзи сақласин деймиз. Зотан, АҚШ ва Эрон ўртасида ҳақиқий маънода уруш рўй бергудек бўлса, у шунчаки икки мамлакатнинг ўзаро ҳисоб-китоби бўлиб қолмай, пировардида Учинчи жаҳон муҳорабасига олиб келади.

Албатта, яқин келажакда АҚШ ва Эрон ўзаро хафагарчиликларни унутиб, аҳил ҳамкорларга айланиб кетади дейиш анойилик бўлади. Икки ўртада бевосита бўлмаса-да, билвосита – прокси урушлар рўй бериши турган гап. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам соғлом фикр ҳамда инсоф-диёнат ғазаб ва нафрат устидан ғалаба қозонишига ишонгимиз келади.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг