Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШ Туркияга қарши уруш очмоқчими?

АҚШ Туркияга қарши уруш очмоқчими?

Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Меҳмет Сурайё Эр АҚШ Давлат котиби Майк Помпеонинг ҳарбий ҳаракатлар хусусидаги баёнотига муносабат билдирди.

22 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида турк дипломати Сурияда давом этаётган «Тинчлик булоғи» ҳарбий операцияси хусусида маълумот берди. У, айни чоқда, АҚШ ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбарининг шов-шувларга сабаб бўлган фикрига ҳам жавоб қайтарди.

Эслатиб ўтамиз, 21 октябрь куни  CNBC телеканалига интервью берган Майк Помпео президент Дональд Трамп зарурат туғилса, Туркияга қарши ҳарбий куч ишлатиши мумкинлигини айтган эди.

Ушбу баёнот ортидан АҚШ ва Туркия ўртасида ҳарбий зиддият муқаррарлиги ҳақида овозалар тарқалди.

Элчи Меҳмет Сурайё Эрга кўра, таржима жараёнида М.Помпеонинг фикрлари чалкаш талқин этилмоқда. 

«Буни таржимонларнинг одатий хатоси деб атаган бўлар эдим. АҚШ Давлат котиби каби юқори мартабали мансабдор бундай пухта ўйланмаган баёнот бериши мумкин эмас. Биз учун ёзма баёнотлар муҳим. Қолаверса, яқиндагина Туркия ва АҚШ «Тинчлик булоғи» ҳарбий амалиёти юзасидан келишувга эришди. Бу жиҳатдан ҳам биз уруш ҳақидаги баёнотларни ҳақиқатга мос эмас деб биламиз», – деди турк дипломати.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг