Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хоразм ёшлари учун рақамли технологиялар ўқув маркази очилди

Хоразм ёшлари учун рақамли технологиялар ўқув маркази очилди

Фото: АКТ вазирлиги ахборот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг учинчи йўналиши – аҳоли ва ёшлар ўртасида компютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган бўлиб, бу борада қатор вазифалар белгиланиб, ишлар олиб борилмоқда.

АКТ вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, 3-ташаббус доирасида Ахборот технологиялари вазирлиги томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида аҳоли ва ёшлар учун Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилмоқда.

Фото: АКТ вазирлиги ахборот хизмати

Ушбу ўқув марказларидан бири 28 феврал куни Хоразм вилояти Гурлан туманида очилиб, ўз иш фаолиятини бошлади. Рақамли технологиялар ўқув марказининг очилиш маросимида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг худудий бошқармаси, тизимдаги корхона ва ташкилотлар Хоразм вилояти ҳокимлиги масъул ходимлари ва соҳа фахрийлари иштирок этдилар.

Фото: АКТ вазирлиги ахборот хизмати

Ўқув марказини ташкил этиш учун «Ўзбектелеком» АК Хоразм филиалига қарашли бўш турган бино танлаб олинди ва тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Рақамли технологиялар ўқув маркази замонавий компютер технологиялари, робототехника жиҳозлари, проектор, киберспорт ўйинлари ускуналари ва бошқа энг сўнги русумдаги техника воситалари билан жиҳозланди.

Келгусида туман ёшлари ушбу ўқув марказида ахборот технологиялари, дастурлаш соҳаларида инновацион ишланмалар яратиш, стартап лойиҳаларини ишлаб чиқиш билан шуғулланадилар.Шу билан биргаликда ўқув марказида корхона ва ташкилотлар ходимларини замонавий ахборот технологиялари соҳасида малакасини ошириш режалаштирилган.

Фото: АКТ вазирлиги ахборот хизмати

Ўқув марказида компютер саводхонлиги, дастурлаш, робототехника, интернетдан фойдаланиш, киберспорт йўналишларида тўгараклар ҳамда бошқа бир қатор йўналишларда ўқув курслари ташкил этилади.

Фото: АКТ вазирлиги ахборот хизмати

Бугунги кунда мамлакатимизда Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда «Бир миллион ўзбек дастурчиси» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ҳудудларда ташкил этилаётган Рақамли технологиялар ўқув марказлари ёшларни ушбу йирик лойиҳада фаол ва самарали иштирок этишларида кўмакдош бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг