Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хитойда кексаларни фирибгарлардан қандай ҳимоялашади?

Хитойда кексаларни фирибгарлардан қандай ҳимоялашади?

Фото: «Shutterstock»

Фарзандига беэътибор бўлмаган ота-она борки, унинг телефон ёки интернетдаги фаоллигини кўздан қочирмайди. Бунинг учун махсус иловалар ҳам бор. Бироқ бу болалар учун.

Кексалар учун-чи?

«Abacusnews» ёзишича, Хитойда ўрта ва кекса ёшлиларнинг қарийб 96 фоизи смартфон ишлатади. Булар — эпстор нималиги-ю иловаларни қаердан кўчириб олишдан бехабар, оддий телефондан смартфонга ўтганида кўпинча контактлар журналини «йўқотиб» юрадиган, бирон-бир функцияни ёқиб-ўчира олмайдиган кишилар. Булар — «компьютер асри»ни кўрмасдан, ахборот хавфсизлиги ҳақида тушунчага эга бўлмасдан, биратўла смартфонларни ишлатишга ўтган одамлар. Айни шу тоифа инсонлар интернетдаги фирибгарлар учун яхши ўлжа...

Хабарда ёзилишича, хитойлик бобо ва момоларни онлайн фирибгарлардан яхшироқ ҳимоялаш учун «Qihoo 360» компанияси махсус илова ишлаб чиққан. Бу илова («360 Mobile Security») фирибгарларга тааллуқлилиги аниқланган телефон рақами борки, қора рўйхатга киритиб қўяди. Мабода шунда ҳам бу рақамлардан (ёки уларга) қўнғироқ бўлса, кекса ота-онанинг фарзандларига огоҳлик қўнғироғи юборилади.

«Qihoo 360»нинг 2018 йил учун таҳлили онлайн фирибгарлар кексалар билан «тиллашиш»нинг ҳадисини олганини тасдиқлади. Улар фақат спам-қўнғироқлар билан кифояланаётгани йўқ. Хитойда энг оммалашган «WeChat» товламачилар учун яхши дастак, «WeChat Pay» орқали пул ўтказиш ундан-да осон...

Ўзбекистонда бир кун телеграм ишламай қолса бир неча миллион фойдаланувчи қанча ваҳимага тушади. «WeChat»дан эса 1 миллиарддан ортиқ одам фойдаланади! Одамлар бу платформада чатлашишади, тўловлар қилишади, ўйинлар ўйнашади, харидлардан тортиб давлат хизматларигача — ҳаммаси «WeChat»нинг ичида!

Хуллас, Хитойда кексаларни ўз тузоғига туширишга ҳалак онлайн фирибгарлар сони кўпайиб боряпти, бироқ антивирус компаниялари ҳам қўл қовуштириб ўтиргани йўқ.

Масалан, «Genpichong» иловаси ҳам ўсмирлар, ҳам кексаларга мўлжалланган, «WeChat» тўловларни назоратга олишдан ташқари, фойдаланувчининг қаерда турганигача кўрсатиб туради.

Яна бир илова — «Silver Beauty Elderly Desktop»ни эса кексалар учун операцион тизимга айланади дейишмоқда. У телефон қўнғироқлари ва «WeChat»ни назоратга олишдан ташқари, оддийлаштирилган савдо майдончаси вазифасини ҳам бажаради.

«Silver Beauty Elderly Desktop» иловаси. Фото: «Abacusnews»

Бу иловалар қанчалик иш беради, бир нима дейиш қийин, аммо миллионлаб одамлар уларни кўчириб олаётгани бор гап.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг