Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тимур Аллаяров: «Ўзбек орзуси» тўрт ой ичида кўнгилли талабалардан профессионал мураббийлар тайёрлайди (видео)

«Ўзбек орзуси» ёшларга инглиз тилини IELTS 5,5 — 6 даражасида ўрганиш, компьютер саводхонлиги, «Электрон ҳукумат» тизими хизматлари ва тадбиркорлик сирларидан воқиф бўлиш имконини беради.

Жамиятда, умуман бутун дунёда шундай тенденция бор: одатда турли лойиҳалар, ташаббусларга маълум бир ютуқларга эришган, мотивацияга эга фаол ёшлар жалб қилинади. Кам таъминланган оилалар фарзандлари, қийин шароитли, олий таълимга эга бўлмаган  ёшлар эса эътибордан четда қолиб кетаверади. Натижада жамиятда муваффақиятга фақат таниш-билишчилик орқали эришиш мумкин, деган стереотиплар шаклланиб қолади. Бундай қараш ёш авлод ривожига жуда салбий таъсир қилади.

«Ўзбек орзуси» лойиҳаси ушбу қарашларни йўққа чиқариш ниятида. Лойиҳага барча истовчилар жалб этилади. Келажагини ўз кучи билан қурмоқчи бўлган ва бунинг учун етарли билим олишни хоҳлаганларга ушбу лойиҳада қатнашиш, ўзига муносиб йўлни танлаш имкони берилади.

Лойиҳа координатори Тимур Аллаяровнинг таъкидлашича, инглиз тили бўйича махсус курслар шунчаки ўтилмайди. Марра анча юқори олинган. Иштирокчилар кунига тўрт соатдан инглиз тилидан махсус дастурлар асосида сабоқ оладилар. Лойиҳа якунида IELTSнинг 5,5 — 6 даражасини қўлга киритишлари мумкин. Шунингдек, компьютер саводхонлигини ошириш билан бирга, «Электрон ҳукумат» тизими хизматларидан фойдаланиш кўникмаларини оширадилар. Бугун кўплаб давлат хизматлари онлайн равишда кўрсатилмоқда. Уйдан ёки ишда ўтириб улардан енгилгина фойдаланиш мумкин. Аммо аҳолининг кенг қатлами ҳамон бундан бехабар ёки қандай фойдаланишни билмайди. Бунинг ўрнига кунлаб вақтини идорама-идора юришга сарфлайди. «Ўзбек орзуси» лойиҳаси доирасида «Электрон ҳукумат» хизматлари кўникмалари нафақат ёшларга, барча ёш тоифасидаги фуқароларимизга ҳам ўргатилади.

Лойиҳа доирасидаги махсус курслар якунида замонавий дунёда муваффақият учун керакли бўлган кўникма ва билимларга эга бўлган ёшлар турли соҳаларда ўзини синаб кўришга, жумладан, тадбиркорлик билан шуғулланишга йўналтирилади.

Лойиҳа ташкил этилгани ва иш бошлаганига кўп вақт бўлмади. Аммо унинг қамрови ва доираси тобора кенгайиб бормоқда. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «Ўзбектелеком» акциядорлик  компанияси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, номдор тадбиркорлар ва мутахассислар, 150 нафарга яқин кўнгилли ёшлар бу лойиҳага ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.

Биринчи босқичда «Ўзбек орзуси» лойиҳаси тўрт ой ичида ушбу кўнгиллилардан профессионал мураббийлар тайёрлайди. Иккинчи босқичда эса улар бошқа ёшларга билим беришни бошлайдилар. Шу тарзда ушбу ташаббуснинг қамрови кенгайиб боради, ҳар бир фуқаро моддий ва ижтимоий шароитидан қатъи назар, ўз меҳнати ва жамиятнинг қўллаб-қувватлаши ёрдамида улкан муваффақиятга эриша олиши мумкинлигини ҳис қила бошлайди. Ахир, кучли истак ва интилиш орқали инсон мўъжизалар яратишга қодир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг