Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шуҳрат Сатторов

Ким нени изласа, топгай бегумон...

Тарихни ўзгартирган 15 инновация

Тарихни ўзгартирган 15 инновация

«Эҳтиёж — кашфиётнинг онаси», — деган эди қадимги юнон файласуфи Афлотун. Фаровон ҳаёт доимо илғор фикрларни талаб қилган. Инсоният ҳаётини ўзгартирган инновациялар боис бугун биз ҳозирги манзилдамиз. Қуйида инсоният тарихида муҳим деб топилган инновациялар ҳақида ҳикоя қиламиз. Агар сизда бошқача қараш ва фикрлар бўлса, шарҳларда бу тўғрида хабар беринг.

1. Олов (милоддан аввалги 400 000 йил). Оловдан илк маротаба «Эрта тош даври»да фойдаланилган. Олов совуқда омон қолиш, таом пишириш ва ҳимояланишда, масофадан туриб мулоқот қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлган.

2. Тил (мил. авв. 100 000 йил). Маъно ва товушга асосланган тил ва мулоқотнинг пайдо бўлиши бир авлод тўплаган тажрибани кейинги авлодга етказишни осонлаштирган, мулоқот самарадорлиги ошган.

3. Савдо ва ихтисослашув (мил. авв. 17 000 йил). Жаҳон тарихи ривожида савдо-сотиқ ва ихтисослашув аҳамиятли воқеа бўлган. Мисол учун, кимдир балиқ овида маҳоратли бўлса, бошқа биров ундан таом тайёрлашда тенгсиз эди. Натижада ўзаро маҳсулот алмашиш тизими юзага келади. Савдо-сотиқ минтақа бўйлаб тарқалгач, одамлар туяларни ҳам хонакилаштириб, савдогарликда фойдаланишган.

4. Қишлоқ хўжалиги (мил. авв. 15 000 йил). Деҳқончиликнинг кашф қилиниши билан «дарахт бир жойда кўкаради» деган мақол ҳам пайдо бўлган бўлса ажаб эмас. Зеро, сарсон-саргардончиликдан кўра, бир жойда яшаш орқали қишлоқ ва шаҳарлар қад ростлай бошлади. Ҳатто бу даврда меваларни қуритиб, ноқулай об-ҳаво вақтида очарчиликдан ҳимояланиш тадбирлари ҳам кенг оммалашди. Кўчиб юришга сарф қилинган вақт ҳамда куч-қувват энди табиатни яқиндан ўрганиш ва ер билан «тиллашиш»га сарф қилина бошланди, янги воситалар, меҳнат қуроллари ихтиро қилинди.

5. Кема (мил. авв. 4000 йил). Қадимги Мисрда яратилган илк ёғоч кемаларга ҳавас қилган юнонлар ва римликлар милоддан аввалги 1200-йилларда баҳайбат кемалар ясашга киришадилар. Янги ва илғор транспорт савдо-сотиқ ривожини ҳаракатга келтирган навбатдаги улкан куч бўлди.

6. Ғилдирак (мил. авв. 3400 йил). Инновациялар орасида ғилдиракнинг ўрни юқори. Жанубий Польшада истиқомат қилган қабилага тегишли бу ихтиро одамларни ўнлаб янги транспорт воситаларини яратишга илҳомлантирди. Ғилдирак аввалига лойдан ясалган ва оловда пиширилган.

7. Пул (мил. авв. 3000 йил). Жамият тараққиётини кескин тезлаштириб юборган ихтиролардан бири пул бўлган. Шумерликларга тегишли бу ихтиро савдо-сотиқ тизимини анча осонлаштирган ва маҳсулот алмашув жараёни аста-секин тўхтатилган.

8. Темир (мил. авв. 3000 йил). Темирчилик тарихи аслида милоддан аввалги 4400-йилларда мис ва кумуш қазиб олиш билан бошланган эди. Бироқ, орадан қарийб 1,5 минг йилдан сўнг янада кучли металл — темир кашф қилинди. Биз учун оддий металл бўлиб қолган темир инсоният тарихининг янги даврини бошлаб берди.

9. Ёзув (мил. авв. 2900 йил). Тил кашф қилингач, орадан тахминан 95 минг йиллардан сўнг ёзув ҳам пайдо бўлган. Одамлар рақамларни кашф қилишади. Ёзув ҳисоб-китоб, илм учун тагзамин бўлди. Миххатли шумер ёзуви илк ёзув бўлган. Ёзувдан сўнг, орадан 1850 йил ўтиб, илк алифбо ҳам шу ерда татбиқ этилган.

10. Ҳуқуқ тизими (мил. авв. 1780 йил). Ёзувнинг пайдо бўлиши натижасида милоддан аввалги 1780 йилда Бобилнинг олтинчи қироли Ҳаммурапи буйруғига кўра, жамиятда яшашга оид қонун-қоидалар ишлаб чиқилади ва тошга ўйиб, шаҳар ўртасига қўйилади. Бу эса жамиятни адолат меъёрлари орқали бошқаришда қўл келган.

11. Пўлат (мил. авв. 650 йил). Темир ва углерод қотишмаси бўлган бу металл бизга маълум энг чидамли моддалардан бири. Пўлат илк маротаба Ғарбий Осиё ҳудудида кашф қилинган.

12. Электр токи (мил. кейин 1600 йил). Инглиз олими Уильям Гилберт кашф қилган янги қувват манбаига «electricity» деб ном берилган. Бу сўз Юнонистон ҳудудида яшаган финикияликларнинг «elēkrŏn», яъни «ёнар тош» сўзидан олинган ва қаҳрабо (заргарликда фойдаланиладиган қимматбаҳо тош)га нисбатан ишлатилган.

13. Сув қувватидан фойдаланиш (мил. авв. 200 йил). Чархпалак орқали турли машаққатли юмушлар осон амалга оширилган. Мисол учун, сув чархпалаги ҳаракатга келтирган тегирмонлардан Европада XIX асргача фойдаланилган.

14. Қоғоз (милоддан кейин 105 йил). Янги календарь даврининг илк асрида Хитойда қоғоз аталмиш ахборот ташувчи восита пайдо бўлди. Бу эса илм-фанга пойдевор бўлган. XVI асрда ипак қоғозлар ўрнини ёғочдан тайёрланган пишиқ қоғозлар эгаллади. Натижада, билим ва илм янада тезроқ ва кўпроқ тарқала бошлади.

15. Тош босма (1040 йил). Тахминан 900-йилларда яратилган тош босма муаллифлари хитойликлар бўлишган. 1436 йилда эса Германияда Иоганн Гутенберг томонидан китоб босиш станоги яратилган. Бунда махсус сиёҳ ва қалайдан ясалган ҳарфлардан фойдаланилган. Натижада китоблар кўп босила бошланди. Европанинг XV асрдан илм-фан марказига айлана бошлаши ҳам ана шу ихтиро меваси эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг